Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

АЛЛОМАЛАРГА ЭҲТИРОМ

АЛЛОМАЛАРГА ЭҲТИРОМ

“Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонлари Самарқанд шаҳридаги Амир Темур ва Алишер Навоий ҳайкаллари пойига гулчамбарлар қўйди. 

Президентимиз раҳнамолигида буюк аждодларимиз номини абадийлаштириш, уларнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ватанимиз мустақилликка эришган 1991 йил юртимизда Алишер Навоий йили деб эълон қилиниб, буюк мутафаккир таваллудининг 550 йиллиги муносиб нишонланди. Бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги марказий маданият ва истироҳат боғи Алишер Навоий номи билан юритилади. Алломанинг салобатли ҳайкали ўрнатилган мазкур масканда маданий-маърифий тадбирлар, мушоира ва адабий кечалар ўтказиш анъанага айланган.

1996 йилда Соҳибқирон бобомиз таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳрида Амир Темур ҳайкали ўрнатилди. Ушбу ҳайкалнинг очилиш маросимида давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳрига Амир Темур орденини топширди ва 18 октябрни шаҳар куни сифатида нишонлашни таклиф қилди. Шундан буён ҳар йили ушбу сана кенг нишонланади. Шу куни ва бошқа байрам тадбирларида буюк аждодимиз ҳайкали пойи анвойи гуллар билан тўлади. Самарқандга ташриф буюрадиган юқори мартабали меҳмонлар, нуфузли делегациялар халқимиз ва давлатимизга бўлган эҳтиромларини мазкур мажмуани зиёрат қилиш билан ҳам изҳор этади.


Дунё халқлари ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, уларнинг миллий мусиқа маданияти ва санъатини тарғиб этишга хизмат қилаётган “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали иштирокчиларининг Амир Темур ва Алишер Навоий ҳайкаллари пойига гул қўйиши ҳам мазкур анжуман доирасидаги муҳим тадбирлардан биридир. Ер юзининг турли минтақаларидан келган санъат аҳли Самарқандни йирик илм-фан, санъат ва маданият марказига айлантирган соҳибқирон Амир Темур ва буюк мутафаккир Алишер Навоий даҳосига ҳурмат кўрсатади.

– Буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур ҳақида маълум бир тушунчага эга бўлсам-да, бу улуғ зотнинг давлатчилик фаолияти, илм-фан ва маданият раҳнамоси сифатида амалга оширган ишлари тўғрисида кам билардим, – дейди Словениянинг “The Balkan Rog” гуруҳи раҳбари Мосик Жоран. – Кеча ва бугун шаҳардаги тарихий обида ва музейларга саёҳат давомида бу борада кўп маълумотлар олдим. Амир Темурнинг, айниқса, санъат аҳлига алоҳида эътибор кўрсатгани, саройида тез-тез мусиқа анжуманлари ўтказиб тургани халқингизнинг мусиқа маданияти тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалишидан далолатдир. Шу жиҳатдан бугун нуфузли халқаро форумга айланган “Шарқ тароналари” фестивали қатнашчиларининг бу заминда камолга етиб, дунёда довруқ қозонган алломалар ҳайкалини зиёрат қилиши чуқур рамзий маънога эга.


Ғолиб Ҳасанов


Охирги ўзгариш: 28/08/2015 08:13.   Кўрилганлиги: 1979
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/allomalarga-ehtirom

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 15

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.