Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Буюк алломага муносиб улуғвор бунёдкорлик

Буюк алломага муносиб улуғвор бунёдкорлик

Инсон табиати шундай – яқин инсонимизни йўқотганда ёки бошимизга оғир мусибат тушганда Аллоҳга илтижо қилиб, ўтганлар ҳақига дуо ва тиловатлар билан қайғумизга таскин излаймиз. Қабристонлар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қиламиз.

Қурбон ҳайити арафасида кўнглимизда ана шундай истак пайдо бўлдию Имом Бухорий мажмуаси томон йўл олдик. Бу муқаддас масканга кўп келган бўлсак-да, бу гал мажмуадаги ҳар бир иншоот, мақбара ва айвондаги нақшлар, ҳатто дарахтларгача кўзимизга бошқача кўринди. Уларнинг ҳар бирига мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг нигоҳи тушгани, қўлларининг изи борлигини ҳис қилдик.

Мажмуа тўрида гумбази чинни кошинлар билан безатилган, ноёб тошдан ишланган, деворлари қуёш нурида жилоланиб турган улкан мақбара яқинига келиб Қуръон тиловат қилдик. Руҳимиз енгил тортиб, ҳудуднинг сокинлиги ва обод кўриниши, мақбара ва айвондаги кошинларга битилган оятлар, нақшларга яна бир бор ҳайрат ва ҳавас билан боқдик.

Бир муддат ўз хаёлларимизга берилган эканмиз чоғи, зиёратчиларга мажмуа тарихи ҳақида ҳикоя қилаётган гид-таржимоннинг гаплари хаёлимизни бўлди.

– Ривоят қилишларича, Имом Бухорий ҳазратлари қабрга қўйилганларидан сўнг бу ердан хушбўй ҳид таралиб турган ва кечаси қабрларининг тўрт бурчагидан илоҳий нур пайдо бўлган. Бу табаррук заминни одамлар зиёрат қилиб турадилар, – деб сўзларди у. – Буюк ватандошимиз “ҳадис илмининг султони” деб эътироф этилган, хорижий юртларда, айниқса, мусулмон дунёсида у кишининг номи улуғ мақом ва мартаба билан эъзозланган бўлса-да мустабид тузум даврида ўзининг муносиб қадр-қимматини топмаганди. Унинг ҳаёти ва бебаҳо мероси деярли ўрганилмасди, аллома абадий қўним топган маскан ташландиқ ва ўта аянчли ҳолатда бўлган...

Дарҳақиқат, кекса авлод вакиллари Ватанимиз мустақилликка эришгунга қадар юртимизда эътиқод эркинлигининг чеклангани, диний байрам ва маросимларни ўтказиш қаттиқ қораланганини яхши эслашади. Ўша пайтдаги раҳбарлар, давлат хизматчиларининг ҳатто ўз яқинлари дафн маросимлари, жанозаларида қатнаша олмаганини эътиборга оладиган бўлсак, заминимиздаги муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни обод этиш ҳақида ўйлаш ҳам тасаввурга сиғмагани аниқ.

– Шу ҳудудда яшаб, бу масканнинг қанчалик муқаддас эканлигини билсак ҳам зиёрат қилиш, обод этиш учун кела олмаганмиз, – дейди меҳнат фахрийси Насрулла Султонмуродов. – Яхши биласиз, собиқ тузум мафкураси динга мутлақо қарши эди. Хўжалигимиз етакчиларидан бири бўлиб ишлаган бўлсак-да, масжидни таъмирлашга маблағ ажрата олмасдик.

Яратганга шукр, бугун у кунлар ўтмишга айланди. Республикамизга Ислом Каримов раҳбар бўлиб келиши ва у кишининг буюк жасорати, қатъияти билан мустақилликнинг қўлга киритилиши халқимиз ҳаётини бутунлай ўзгартирди. Мутлақо янги тузум ва сиёсатга асосланган, аввало, халқнинг хоҳиш-иродаси инобатга олинадиган адолатли демократик давлатга асос солинди. Ўзбекистон дунёга қайта юз очди.

Ватанимизнинг мустақилликка эришиши билан буюк Йўлбошчимиз аввало халқимизнинг букилган қадди ва топталган қадрини тиклашга алоҳида эътибор қаратди. Кўп асрлик миллий анъаналаримиз, диний қадриятларимиз тикланди. Заминимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар, юртимиз тарихи ва халқимиз ҳаётида ўчмас из қолдирган буюк сиймолар номи билан боғлиқ ўнлаб қадамжо ва зиёратгоҳлар обод этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 29 апрелдаги “Имом ал-Бухорий таваллудининг ҳижрий-қамарий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Имом Бухорий зиёратгоҳи Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида яратилган лойиҳа асосида янгидан бунёд этилди.

– Мазкур муҳташам ва кўркам обиданинг қисқа фурсат – саккиз ойда қуриб битказилганига бугун кўпчилик ишонмайди, – дейди Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ходими Неъмат Шодмонов. – Юртбошимиз Ислом Каримов мажмуа лойиҳасини тайёрлашга бош-қош бўлиб, қурилиш бошланишидан олдин ўз тавсия ва маслаҳатларини берган эди. Шундан сўнг 1997 йилнинг декабрь ойида ҳудудни қурилиш ишларига тайёрлашга киришилди. Қиш фасли бўлишига қарамай бунёдкорлик жараёни қатъий режа асосида амалга оширилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан уста ва ҳунармандлар, ҳашарчилар келиб, муқаддас маскан қурилишида қатнашаётганидан фахрланиб, ўзгача руҳият билан меҳнат қилди. Юртдошларимиз мазкур ёдгорлик қурилишига ҳисса қўшишга интилди. Кунига мингдан ортиқ киши ишлади. Ургутлик ғишт терувчи уста Аслам бобо олти ўғли билан мажмуа қурилишида иштирок этган. Ҳар куни уйларидан ўз машиналарида келиб кетишарди. Баъзида “отахон, ўғилларингиз ишлаяпти, сиз дам олиб ўтирсангиз бўлмайдими?”, десам, “Болам, шундай улуғ жойда меҳнат қилиш барчамиз учун шараф-ку! Бу бунёдкорликда қатнашмасам, қўлимдаги ҳунарим нимага керак, сизу биздан қоладигани шу”, дер эди.

1998 йил 23 октябрь куни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ушбу иншоотнинг бош меъмори ва бунёдкори Ислом Каримов томонидан расман очилди. Мазкур тадбирда у киши барча қурувчи ва ҳашарчилар меҳнатига юксак баҳо бериб, мажмуа бутун мусулмон оламининг табаррук зиёратгоҳи бўлиб қолишини таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам бугун бу ер юртдошларимиз, дунёнинг турли ҳудудларидан келадиган мўмин-мусулмонлар билан ҳамиша гавжум қутлуғ қадамжога айланган.

Юртбошимиз ҳар сафар мажмуага ташриф буюрганида бу ерни обод қилиш, бино ва иншоотларни асраб-авайлаш юзасидан қимматли маслаҳатлар берарди. Ислом Каримов бир сафар келганларида ҳовли ўртасидаги олти асрлик беш туп чинор дарахтининг касалланаётганига эътибор қаратади ҳамда мутахассисларни жалб этган ҳолда уларни парваришлаш зарурлигини таъкидлайди. У кишининг топшириқлари билан қисқа фурсатда энг тажрибали биолог олимлар, табиатшунослар ёрдамида дарахтларга ишлов берилди. Уларнинг умрини узайтириш чоралари кўрилди. Айни пайтда 570 йиллик бу дарахтлар мажмуанинг ажралмас бир бўлаги сифатида парваришланмоқда.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 1992 йилда Саудия Арабистонига расмий ташрифи чоғида мазкур давлат подшоҳи Фаҳд ибн Абдулазиз Ол Сауд жаноблари Юртбошимиз ва Ўзбекистон халқига бўлган ҳурматининг рамзи сифатида у кишига муқаддас Каъбатуллоҳга ёпиладиган кисва – каъбапўшнинг катта бир парчасини совға қилган. Ушбу қимматли ашё ҳам бугунги кунда Имом Бухорий мажмуаси музейининг энг нодир ашёларидан бири сифатида сақланмоқда.

Мажмуа таркибидаги жомеъ масжиди мамлакатимиздаги энг йирик масжидлардан бири ҳисобланади. Бу ерда бир вақтнинг ўзида минг киши намоз ўқиш имконияти яратилган. Ҳайит намози ўқиладиган кунларда масжид ва мажмуа ҳовлисида юртимиз ва хориждан келган ўн минглаб зиёратчилар жам бўлади.

Бугунги дунёда муқаддас ислом динини ниқоб қилиб, ёвуз мақсадларини амалга оширишга интилаётган оқимлар кўпайиб бораётган бир пайтда динимизнинг асл моҳиятини халқимизга тушунтириш, буюк алломаларимиз маънавий меросини ўрганиш долзарб вазифалардан биридир. Айни шу жиҳатлар эътиборга олиниб, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 23 майдаги қарори асосида ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази буюк муҳаддиснинг улкан меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, имон-эътиқодини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу ерда юртимиздаги диний идоралар, масжидлар ходимларининг билим ва малакаларини ошириш учун ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилган. Марказ қошида ташкил этилган ҳадисшунослик, манбаашунослик бўлимлари ҳамда ахборот-ресурс маркази илмий ходимлари юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг ҳаёти ва меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиб, рисола ва ўқув қўлланмалар яратмоқда.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти, тенгсиз азму шижоат соҳиби, улуғ Йўлбошчимиз Ислом Каримов раҳнамолигида озод ва обод Ўзбекистон давлатининг барпо этилиши халқимиз онгу дунёқарашини ўзгартирди, буюк келажагимизга ишончини мустаҳкамлади. Бу йўлда барчамизни ҳамжиҳат, ягона кучга айлантирди. Асосини билим ва тафаккур, юксак маънавият ташкил этадиган бу куч буюк Юртбошимиз бошлаган ишларни изчил давом эттириш ва Ватанимизни янада тараққий эттиришга хизмат қилмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА


Киритилган вақти: 14/09/2016 09:47.   Кўрилганлиги: 1795
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/alloma

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 4

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.