Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Аҳоли учун сайёр қабуллар бўлиб ўтди

Аҳоли учун сайёр қабуллар бўлиб ўтди

28-29 сентябрь кунлари вилоятимизда суд, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари раҳбарларининг сайёр қабуллари ташкил этилди.


Сайёр учрашув ва мулоқотларда вилоятимиз аҳолисига ўз муаммолари ва таклифлари юзасидан тегишли давлат органларининг раҳбарларига мурожаат этиш имконияти яратилди.

Ички ишлар вазири П.Бобожоновнинг сайёр қабулларида фуқароларнинг соҳага оид масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди. Унинг аксарияти жойида ҳал этилди, қолган муаммолар юзасидан масъул ходимларга кўрсатмалар берилди.

–  2014 йилда Тошкент давлат юридик университетини тугатганман, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Давлат Облоқулов. – Мутахассислигим юзасидан ички ишлар академиясига ишга кириш истагимни билдирганимда, Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда эмаслигим учун  ҳужжатларимни қабул қилишмаган. Мазкур масалада Ички ишлар вазирига мурожаат қилдим. Менга тегишли тавсия ва тушунтиришлар берилиб, ишга кириш масаласини кўриб чиқиш учун масъул ходимларга кўрсатма берилди.

– Мен узоқ йиллар ички ишлар соҳасида ишлаб, нафақага чиққанман, – дейди Жомбой туманидан келган Анорбой Сафаров. – Етти нафар фарзандим бор. Кенжа ўғлим ота касбини танлаб, ички ишлар соҳасига ишга кириш истагида. Аммо ўғлим жисмоний бақувват бўлса-да, ёзма имтиҳонлардан ўта олмади. Қайта имтиҳон топширишга имконият беришини сўраб мурожаат қилдим. Ўғлимга ёзма имтиҳонларда такроран имконият берилишини айтишди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комиловнинг сайёр қабулларида фуқароларнинг уй-жой, мулкий низолар, ажрим, фирибгарлик, ер ажратиш, оила-никоҳ масалалари ва бошқамурожаатлариқабул қилинди. Мурожаатлар адолатли, қонуний ечимини таъминлаш учун назорат тартибида ўрганишга олинди, фуқароларга тушунтиришлар берилди.

Жумладан, Ургут туманидан даъвогар Т.Қулматовнинг жавобгар И.Юсуповга нисбатан мол-мулкни қайтариб олиш тўғрисидаги фуқаролик иши 2011 йилдан буён кўрилаётгани, тегишли судлар ишни кўриб тугатмаётгани юзасидан норозилиги ҳамда ўзига тегишли чойхона ва новвойхонани қайтариб олиш бўйича ёрдам сўраб қилган мурожаати юзасидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, Самарқанд туманидан Н.Маҳмудовнинг ер-мулк эгалиги, Ургут туманидан Н.Ҳайдарованинг ўз автомашинасига қўйилган тақиқни олиб ташлаш мурожаатлари бўйича тегишли тартибда тушунтиришлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев томонидан ўтказилган сайёр қабулларда фуқаролар прокуратура соҳасига оид масалалар ва ҳуқуқ бузилишларига оид муаммолар юзасидан мурожаат қилди.

– Мен иккинчи гуруҳ ногирониман, – дейди Паст Дарғом тумани Найман маҳалласида яшовчи Сарвинисо Сувонова. – Бир неча йиллардан буён даволаниш учун ордер ололмайман. Бугунги сайёр қабулда ушбу мурожаатим ижобий ҳал этилиб, даволаниш учун йўлланма берилди.

Шунингдек, Каттақўрғон шаҳрида яшовчи 82 ёшли онахон Каромат Муҳаммадиеванинг ногиронлик аравачаси сўраб қилган мурожаати жойида ҳал этилди ва ногиронлик аравачаси берилди.

– Фарзандимга 5 йилдан буён алимент пули ололмайман, – дейди Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасида яшовчи Муқаддам Аҳмедова. – Бош прокурордан бу масалада ёрдам беришини сўрадим. Мурожаатим ижобий ҳал этилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари А.Тошқулов сайёр қабулларида аҳолининг инсон ҳуқуқлари бузилиши, тадбиркорликка тўсиқлар, ижтимоий масалаларга доир мурожаатлари тингланди.

– Ўғлим биринчи гуруҳ ногирони, оилали, бир фарзанди бор, – дейди Жомбой тумани Ҳалвойи маҳалласида яшовчи Холбуви Шодмонова. – Унга ҳовлининг бир чеккасидан бир хонали иморат кўтардим, лекин шиферини ёпиш, полини қилишга қурбим етмаяпти. Бир ўғлим жигар касаллигидан вафот этган. 4 нафар фарзанди менинг қарамоғимда. Ёрдам сўраб кўп мурожаат қилганман, келиб кўриб кетишди, лекин ҳеч қандай натижа бўлмади.

Фуқаронинг мурожаати қайд этилди. Масала билан туман ҳокимлиги ва маҳалла вакиллари шуғулланиб, мурожаатчининг оиласига ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

Жомбой тумани Галатепа маҳалласида яшовчи Фазилат Ҳайдарова яшаб турган уйининг кадастр ҳужжатлари қайнотасининг номига расмийлаштирилгани, қайнона-қайнотаси вафот этгач, марҳум турмуш ўртоғининг қариндошлари уйга даъво қилаётганлиги, яшаб турган уйи авария ҳолатида эканини айтиб, мурожаат қилди. Бу масала ўрганилиб, уй-жойни таъмирлашга ҳомийлар жалб этиладиган бўлди. Уй-жойга эгалик масаласида ҳуқуқий тушунтириш берилди. Туман бандлик бўлимига Ф.Ҳайдаровани иш билан таъминлаш вазифаси юклатилиб, трикотаж цехига ишга жойлашиш учун бўлим томонидан йўлланма берилди. 

Булунғур туманидаги  «Соф мевали чипс» оилавий корхонаси раҳбари Баҳром Назарбоев Хитойдан технология олиб келиб, иш бошлаш учун «Туронбанк» вилоят филиалидан 110 миллион сўм кредит сўрагани, бироқ банк ходимлари унинг ҳужжатларини қабул қилмай, бир неча ойдан буён сарсон қилаётганини айтди. Тадбиркорга масала юзасидан тушунтириш берилди.

Банк кредити бўйича мурожаат қилган Жомбой тумани Найман маҳалласида яшовчи Санам Ўроқованинг аризаси «Агробанк»нинг туман бўлими томонидан қабул қилиниб, коллеж битирувчисига паррандачилик билан шуғулланиши учун кредит шу йилнинг октябрь ойида ажратилиши ваъда қилинди.

Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси раиси М.Тоҳирийнинг сайёр қабулларида тадбиркорлар, корхона ва ташкилотлар вакиллари ҳамда жисмоний шахслар соҳага оид ўзларини қизиқтирган масалаларга жавоб олди ва уларга фаолиятида юзага келган муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий ёрдамлар берилди.

Учрашувда тадбиркорлар республикамизга ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуна ва жиҳозларга нисбатан божхона тўловларидан имтиёзларни қўллаш тартиби, соҳада қабул қилинган сўнгги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти билан таништирилди.

– Фаолиятим давомида чет давлатлар божхона органлари билан ҳам бир неча марта тушунмовчилик ҳолатлари юз берган, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи тадбиркор К.Жўрамуродов. – Одатда бундай вазият бошқа мамлакатда бўлгани учун бизга муаммо туғдирарди. Бугун божхона қўмитаси раиси билан суҳбатда ана шундай ҳолатларда Ўзбекистон давлат божхона қўмитасига мурожаат қилиш мумкинлиги, ҳар бир мамлакат божхона органлари билан доимий ҳамкорлик мавжудлиги тушунтирилди.

Расмиятчиликлардан холи тарзда, давомли маъруза ва ҳисоботларсиз, очиқ ва самимий кечган учрашувларда тадбиркорлар ўзларининг қатор таклифларини илгари суришди. Мисол учун, “СамРосХолод” қўшма корхонаси вакили Ш.Йўлдошев корхонада айрим маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун зарурий хом ашё хориждан келтирилиши, қўшимча қиймат солиғининг ана шу товарларга нисбатан пасайтирилиши ишлаб чиқаришдаги ўсишни таъминлаши бўйича таклифларини билдирди.

“Чўпон ота парранда” масъулияти чекланган жамияти бошлиғи А.Фузайлов экспортга йўналтирилган маҳсулотларни божхона режимида расмийлаштиришда, тўловларни ҳисоблашда божхона қиймати билан эмас, фактура қиймати билан ҳисоблашнинг афзалликлари хусусида ўз фикрларини билдирди. Шу каби таклифлар тегишли тартибда кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

Айни вақтда мамлакатимизда тадбиркорликка кенг имкониятлар яратилгани ва солиқ тўловларида турли имтиёзлар берилгани соҳа ривожида муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, солиқ тизимига оид масалалар, муаммоларнинг ҳал этилиши тадбиркорлар учун муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, фуқаролар ҳам мол-мулк солиқларида баъзида муаммоларга дуч келади.

Ўзбекистон Республикаси давлат солиққўмитаси раиси Б.Парпиев сайёр қабулларида фуқаролар ва тадбиркорларнинг шу каби мурожаатлари кўриб чиқилди.

– Мен якка тартибдаги тадбиркорман, ижарада фаолият юритаман, – дейди фуқаро Эркин Сайдуллаев. – Омухта ем ишлаб чиқараман. Ер солиҚини тўлиқ тўлаяпман. Бу борада енгиллик йўқми?

Фуқаронинг ушбу саволига агарда у юридик шахс мақомига эга бўлгандагина ер солиғидан озод қилиниб, имтиёзлар берилиши ҳақида тушунтириш берилди.

Тадбиркор Мавлуда Очилова 2 та савдо дўкони борлигини, назорат касса аппарати қиммат ва топиш қийин бўлаётганлигини билдириб, шу масалада ёрдам сўради. Фуқаро зарур тавсия ва тушунтиришлар олди.

– 2014 йил тўлаган ер солиғим ҳақидаги тўлов квитанцияси туман давлат солиқ инспекиясида қайд этилмаган, – дейди Нуробод туманидан келган фуқаро Салим Хожиев. – Шу боис мен қайта ер солиғи тўлашимга тўғри келади.

Масала ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилиши ва тўлов квитанциясини қайд этмаган ходимга тегишли чора кўриш ҳақида масъул идора вакилига кўрсатма берилди.

Амалий натижалари билан аҳамиятли бўлган сайёр қабулларда аксарият мурожаатлар жойида ҳал этилди. Ечимига вақт талаб қиладиган муаммолар юзасидан масъул шахсларга топшириқлар берилди. Ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилди. Мурожаатчилар таклифлари ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди.



Киритилган вақти: 29/09/2017 09:47.   Кўрилганлиги: 1853
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/aholi-uchun-sayyor-qabullar-bolib-otdi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 4

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.