
Оқдарё туманида вилоятдаги аҳоли шахсий ва дала томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳамда агрофирмалар ташкил этиш бўйича амалий семинар ўтказилди.
Унда вилоятдаги бошқарма ва идоралар раҳбарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, хизмат кўрсатиш ва таъминотчи корхоналар вакиллари, жойларда ташкил этилган агрофирмалар бошлиқлари қатнашди.
Семинар иштирокчилари дастлаб тумандаги “Кумушкент” маҳалласида ташкил этилган “Оқдарё агро ҳосил” агрофирмаси фаолияти билан танишдилар. Бу ерда аҳолига полиз, сабзавот экинлари уруғи, дарахт кўчатлари, чорва ва парранда етказиб бериш, хизмат кўрсатиш ҳамда аҳолидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қабул қилиш бўйича яратилган тизим ҳақида маълумот берилди. Маҳалладаги хонадонларда томорқадан фойдаланиш имкониятлари ўрганилди.
Семинарда вилоят ҳокими З.Мирзаев аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, бу борада уларга яқиндан ёрдам бериш ва замонавий хизмат кўрсатиш тизимини яратиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан илгари сурилган мазкур ташаббуснинг аҳамияти, уни амалга ошириш механизмлари ҳақида сўз юритди. Мазкур йўналишда вилоятда амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.
Шунингдек, тадбирда вилоятдаги олий ўқув юртларининг мутахассис ва олимлари, банклар ва бошқа идоралар раҳбарлари аҳоли шахсий ва дала томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг афзалликлари, агрофирмалар иш механизми ҳамда уларни молиялаштириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, чорва, парранда олиш бўйича агрофирма ва микроагрофирмалар ўртасида шартнома тузиш тартиб-қоидалари ҳақида маълумот бердилар.
Агрофирма ва кўп тармоқли фермер хўжаликлари раҳбарлари эса ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
– Бир неча йилдан буён паррандачилик фабрикалари, фермер хўжаликлари ва аҳолига товуқ жўжалари етказиб беряпмиз, – дейди “Жомбой наслли парранда” фермер хўжалиги раҳбари Ҳайдар Ўроқов. – Шу билан бирга, уларни парвариш қилиш учун зарур бўлган ускуналар, ем маҳсулотларини ҳам ўзимиз тайёрлаймиз, мутахассисларимиз эса зарур услубий ва амалий ёрдам кўрсатадилар.
Ана шундай имконият ва қулайликлар боис аҳоли томонидан мазкур фаолиятга қизиқиш ошмоқда. Ҳозирда Самарқанд вилоятидан ташқари, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам буюртмалар тушмоқда.
Семинар доирасида вилоятдаги чорвачилик ва паррандачилик корхоналари, кўчат ва уруғлик етиштирувчи хўжаликлар, илмий-тадқиқот институтлари ўз маҳсулотлари кўргазмаси ва хизматлари тақдимотларини ўтказдилар. Агрофирмаларга маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш бўйича шу ернинг ўзида шартномалар имзоланди.
– Агрофирмамиз ўндан зиёд маҳаллада 4700 хонадонга хизмат кўрсатиши кўзда тутилган, – дейди Ургут туманидаги “Бешкон нурли мевали боғлари” агрофирмаси раҳбари Ибодулла Баширов. – Ҳозиргача ушбу хонадонлардаги томорқаларнинг ҳолати, чорвачилик ва паррандачилик бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганиб, аҳолининг сабзавот ва полиз экинлари уруғи, дарахт кўчатлари, чорва ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини аниқладик.
Шундан келиб чиқиб, таъминотчи корхоналардан ушбу маҳсулотларни “Микрокредитбанк”дан ажратилган имтиёзли кредит ҳисобига олиб, аҳолига тарқатмоқдамиз.
Мазкур семинарда ҳам айрим ташкилотлар билан келишувларга эришдик. Жумладан, мевали дарахт кўчатлари олиш бўйича Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Самарқанд филиали билан шартнома имзоладик.
Тадбирда “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банк вилоят филиали томонидан ташкил этилган автодўконлар ҳам намойиш этилди.
Ғ.Ҳасанов.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 5
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.