
Самарқанд давлат чет тиллар институтида 9-10 ноябрь кунлари ана шу мавзуда республика илмий-амалий конференцияси ўтказилади.
Конференция ишида республикамиз олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, докторантлар, мустақил изланувчилар, магистрантлар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқитувчиларининг 160 га яқин илмий маърузалари тингланади.
Дастурга мувофиқ иштирокчилар хорижий тилларни ўқитишда инновацион технологиялар, он-лайн курслар яратиш ва уларни ўқув жарёнига татбиқ этиш, мактабгача таълим йўналишида хорижий тилларни ўқитишнинг янги технологиялари масалалари шўъбаларига бўлинган ҳолда муҳокамага киришадилар. Таълим тизимига ахборот технологиялари интеграциясини олиб кириш, масофали ўқитиш тизимларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш, виртуал таълим ресурсларини яратиш бўйича тажриба алмашишади.
Самарқанд давлат чет тиллар институтида кўплаб нуфузли хорижий университетлар, илмий ташкилотлар билан халқаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Талабаларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, ўз мутахассисликлари бўйича билимларини такомиллаштириш, таржимон дастурлари ва мультимедиали ўқув курслари имкониятларидан баҳраманд этиш учун чет тилларни ўқитишда ахборот-коммуникация воситалари, виртуал таълим ресурслари, масофали ўқитиш тизимлари жорий этилмоқда.
Чет тилини ўқитишда ахборот технологиялари воситаларидан, айниқса, интернетдан фойдаланишнинг кенг имкониятлари мавжуд. Интернет энг сўнгги ахборотни ўзида жамлаш баробарида, амалиётда фойдаланилаётган услубларни ҳам акс эттиради. Бу эса дарсларнинг жонли ва самарали бўлишига таъсир кўрсатади. Шунингдек, медиа таълим соҳаси ҳам тобора ривожланиб бормоқдаки, бу бир томондан дарс жараёнларида технологияларни фаол қўллашни назарда тутса, бошқа жиҳатдан шахснинг бевосита оммавий ахборот воситалари, кино санъати, интернет ва мобиль технологиялари орқали билим, ахборот олиш имкониятини кенгайтиради. Бугун минглаб ахборот узатувчи воситалар қуршовида яшаётган инсон учун ахборот нон ва сувдек кундалик эҳтиёжга айланиб улгурди. Бунда барча ёшдаги кишилар учун медиа таълимнинг аҳамияти нечоғлик юқори эканини сезиш қийин эмас.
Шу боис ҳозирги ёш авлод билими ва дунёқарашини ўстиришда китоблар мутолааси билан бир қаторда ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, мобил иловалар орқали узатиладиган маълумотлар, янгиликлар, электрон шаклдаги китоблар, суратлар, видео ва анимацияли ахборот материалларидан кенг фойдаланмоқда.
Анжуман доирасида институт ахборот технологиялари кафедраси ва ахборот-ресурс маркази томонидан чоп этилган янги адабиётлар кўргазмаси ҳам ташкил этилади.
Дўлон ЭШОНҚУЛОВ,
СамДЧТИ ахборот технологиялари кафедраси мудири, доцент.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 3
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.