
Ҳар қандай касб-ҳунарни ўрганиб, мустақил ҳаётга катта орзу-ният билан кириб келаётган битирувчининг ишли бўлиши жамият учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Бундай пайтда ўзига, келажагига ишончи ошган йигит-қизнинг кўнглидан ўтадиган кечинмаларини тасаввур қилиш қийин эмас. Муносабат тўғри танланса, адолат мезонига амал қилинса, бу ўзининг натижасини кўп ўтмай намоён қилади.
Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлганлар сони аҳолининг 60 фоиздан ортиғини ташкил этади. Бу, бир томондан, давлатимиз зиммасига улкан масъулият юкласа, иккинчи томондан, катта имкониятдир. Мамлакатимиз аҳолиси ҳар йили салкам ярим миллионга кўпаяётгани, демак меҳнат бозорига йилига шунча янги ишчи кучи кириб келаётгани ҳисобга олинса, бу борадаги вазифалар кўлами катта экани намоён бўлади.
Гувоҳи бўлаётганимиздек, кейинги пайтларда ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Хусусан, Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилаётган деярли барча йиғилишларда кадрлар масаласи тилга олинмоқда, қайсидир соҳанинг раҳбари кескин танқид қилинаётган бўлса, баъзи ҳолларда эгаллаб турган вазифасидан озод этилаяпти.
Бу барча соҳа ва йўналишларда ёш мутахассисларга бўлган талаб ва эҳтиёж юқорилигидан, замоннинг бугунги шиддати ва талаби бошқача эканлигидан далолат беради.
Мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан вилоятдаги барча олий таълим муассасаларининг битирувчилари (магистрлар) ўқув йили якунлангач, тегишлилиги бўйича вилоятдаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ишга таклиф этиш амалиёти жорий этилмоқда.
Бундан кўзланган асосий мақсад иқтидорли ёшларга ўзларининг қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароит яратишдан иборатдир.
Хўш, бу жараён қандай амалга оширилади?
Биринчидан, битирувчилар ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва уларни ишга жойлаштиришга қаратилган жараён тизимли равишда бажарилади. Бунинг учун вилоят ҳокимининг ҳар бир ўринбосари тегишли соҳалар бўйича шахсан масъул қилиб белгиланди.
Ушбу жараёнда дастлаб бошқарма, корхона ва ташкилотларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжи аниқланди, шунингдек, битирувчиларнинг маълумотлар банки шакллантирилди. Улар эгаллаган мутахассислиги, шу жумладан, диплом иши мавзуси бўйича тегишли корхона-ташкилотларга ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларига бириктирилди.
Иккинчидан, олий таълим муассасалари битирувчиларининг ҳокимликлар, корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиёти ўташи ва кейинчалик уларни ишга жойлаштириш тадбирлари белгиланган. Буни тўғри ва самарали ташкил қилиш учун ҳар бир битирувчи билан шаҳар ва туманлар ҳокими учрашиб, суҳбатлашиб олади.
Амалиёт даврида ҳокимликлар, корхона ва ташкилотларда битирувчилар учун олий ўқув юртида олган назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлашлари учун зарур шарт-шароит яратилиб, эҳтиёжи бор мутахассисларни уй-жой билан таъминлаш ҳам кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ҳар бир битирувчи маҳаллий ҳокимликларнинг истиқболли кадрлар заҳирасига олиниб, келгусида уларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш чоралари кўрилади.
Энг муҳими, битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ҳамда ишга жойлаштириш жараёни акс этган ягона шаклдаги маълумотлар базаси пайдо бўлади. Натижада ҳар бир босқичдаги тадбирлар ижроси назоратга олинади, тўпланган маълумотлар таҳлил қилиб борилади. Шу асосда маҳаллий ҳокимликлар ва бошқарув органларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишдаги мавжуд муаммолар, уларни ҳал этиш йўллари аниқлаб олинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 11
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.