Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

20-22 АПРЕЛЬ. БИЗНЕС-ФОРУМ. 107 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК ШАРТНОМАЛАР ИМЗОЛАНДИ

20-22 АПРЕЛЬ. БИЗНЕС-ФОРУМ. 107 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК ШАРТНОМАЛАР ИМЗОЛАНДИ

Аввал хабар берилганидек, Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти раҳбарлари, тадбиркорлар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари Самарқанд шаҳрида ташкил этилган бизнес-форум ва бошқа тадбирларда иштирок этди.

21 апрель куни бизнес-форум бошланиши олдидан Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги тожикистонлик меҳмонлар Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди.

Шунингдек, икки вилоят раҳбарлари Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали пойига гул қўйди.

Шундан сўнг “Регистон плаза” меҳмонхонаси ва унинг атрофида икки вилоят тадбиркорларининг бизнес-форуми, маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилди.

Тадбирда Тожикистондан 200 дан ортиқ ишбилармон ҳамда Самарқанддаги йирик корхона ва компаниялар вакиллари иштирок этди. Дастлаб иштирокчилар икки вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, кўрсатилаётган хизматлар кўргазмасида қатнашиб, ўзаро фикр алмашди.

Бизнес-форумнинг очилишида Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев ва Тожикистоннинг Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода сўзга чиқиб, икки давлат раҳбарлари ташаббуси ва оқилона сиёсати туфайли ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланаётганини таъкидлади. Давлатларимизнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги ҳам изчил ривожланиб, товар ва хизматлар алмашинуви кўрсаткичлари кескин ошиб бормоқда. Мазкур тадбир эса бу борадаги алоқаларни яна ҳам жонлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Икки вилоят раҳбарлари Самарқанд ва Суғд вилоятлари ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш бўйича меморандум имзоладилар.

Бизнес-форумда Ўзбекистон ва Тожикистон савдо-саноат палаталари вакиллари сўзга чиқиб, икки мамлакат тадбиркорларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун яратилган имконият, қулайликлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида маълумот берди. Йирик ишлаб чиқариш корхоналари, туристик фирмалар, фермер ва тадбиркорлар ўзлари тайёрлаётган маҳсулотлар, кўрсатаётган хизматлари бўйича тақдимотлар ўтказди.

– Корхонамиз қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, асосан, мевани қуритиб, қадоқлашга ихтисослашган, – дейди Суғд вилоятидаги “Баракат Исфара” масъулияти чекланган жамияти менежери Ихтиёр Шерматов. – Йилига 450 тоннагача маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Тайёрланаётган эллик турга яқин маҳсулот асосан, Европа давлатларига экспорт қилинади. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш соҳасида катта тажриба тўпланган.

Самарқандда ҳам ушбу фаолият билан шуғулланувчи ва маҳсулоти экспортга мўлжалланган корхоналар кўп экан. Ушбу йўналишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз. Мазкур бизнес-форум бу борада қулай имконият бўлди.

Тожикистонлик ишбилармонларнинг ташрифи доирасида икки мамлакат тадбиркорлари учун кооперацион биржа ҳам ўтказилиб, унда ишбилармонлар ўзаро тажриба алмашиш, қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш хамда манфаатли шартномаларни имзолаш имкониятига эга бўлдилар.

Бизнес-форум давомида Самарқанд ва Суғд вилоятлари ўртасида умумий қиймати 107 миллион 847 минг долларлик 170 та шартнома ва меморандумлар имзоланди. Жумладан, самарқандлик ишлаб чиқарувчилар томонидан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари, текстил, қурилиш материаллари, маиший хўжалик моллари ва бошқа товар, хизматларни экспорт қилиш бўйича 87 та шартнома тузилди. Ўндан ортиқ туристик фирмалар эса тожикистонликларнинг Ўзбекистонга саёҳатларини уюштириш юзасидан келишувларга эришди.

- Корхонамиз ташкил этилганига 7 йил бўлди, - дейди Пайариқ туманидаги «Ирода чевар маҳорати» масъулияти чекланган жамияти директори Дилафруз Бердибоева. - Асосан аёллар ва болалар кийимлари тикяпмиз. Яқинда хориждан замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатдик. Ҳозиргача бирорта хорижий корхона билан экспорт шартномаси имзоламаган эдим. Ярмаркага келтирган маҳсулотларимни кўриб Тожикистоннинг “Зинаб” корхонаси вакиллари қизиқиб қолишди. Улар билан 105 минг долларлик текстиль маҳсулотлари етказиб бериш борасида шартнома имзоладик. Бир неча корхоналар эса ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида маҳсулотимиз намуналаридан олишди.

Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги делегация аъзолари Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев ҳамроҳлигида “JV MAN AUTO-UZBEKISTAN”, “СамАвто” корхоналари фаолияти билан танишиб, ушбу заводларда ишлаб чиқарилаётган замонавий автобуслар, юк машиналари, махсус транспорт воситалари кўргазмаларини томоша қилди.

Паст Дарғом туманидаги “Паст Дарғом саховати” қўшма корхонасида гидропоника усулида ташкил этилган иссиқхонада компьютерлаштирилган технологиялар асосида помидор етиштириш ва уни хорижга экспорт қилиш жараёнлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

– Кўп йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайман, – дейди Суғд вилоятидан келган агроном Абдуҳамид Ҳошимов. – Биз ҳам оз ердан кўп маҳсулот олишга эришиш бўйича илғор технологияларни татбиқ этяпмиз. Айниқса, иссиқхонада маҳсулот етиштириш бозор барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли эҳтиёжини қондиришда энг самарали усул. Бироқ бизга бу қадар йирик ва замонавий технологияли иссиқхоналар ҳали тўла кириб бормаган. Шу боис гидропоника усулидаги иссиқхонада маҳсулот етиштириш технологияси менга жуда маъқул бўлди ва биз ҳам шундай иссиқхоналар ташкил этиш ниятидамиз.

Бизнес-форум доирасида Самарқанд шаҳридаги концерт залида икки мамлакат санъаткорлари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

– Азалдан халқларимизга нисбатан икки тилда сўзлашувчи бир миллат нақлини ишлатишади, – дейди Суғд вилоятида ўзбек тилида чоп этиладиган «Суғд ҳақиқати» газетаси бош муҳаррири Фарҳод Жўраев. – Бу нақлнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигига бугунги концерт дастурида яна бир бор амин бўлдик. Биз Самарқандда кўрсатилган юксак ҳурмат-эҳтиром учун мезбонлардан миннатдормиз ва уларни Суғдда кутиб қоламиз.

– Ўзбекнинг атоқли шоири Абдулла Ориповнинг “Бахтга ёр доим Навоий, то Жомий бор экан, биз улар қўйган тамалдан, ўзбегим тожик билан”, деган шеърий жумлалари биз, тожиклар орасида ҳам ёд бўлиб кетган, - дейди Тожикистон халқ шоири Фарзона Хўжандий. – Тарихда Самарқанд шаҳри бу икки буюк мутафаккир, донишманд шоирларни қандай бирлаштирган бўлса, бугун бу қадим ва навқирон кент Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон бошлаган дўстона сиёсатнинг ижобатини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. Бу биз, ижодкорлар, илм-фан намояндаларини маданий ислоҳотларда елкама-елка туриб, меҳнат, ижод қилишга ундайди.

Шу куни кечқурун Суғд вилояти вакиллари учун Самарқанд вилояти ҳокимнинг тантанали қабул маросими ўтказилди. Тадбирдан сўнг Регистон майдонида 3D-меппинг шоуси намойиш этилди.

22 апрель куни суғдлик меҳмонлар Самарқанддаги тарихий-маданий обидалар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди.

– “Минг бор эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал”, деган мақолни яхши кўраман, – дейди Суғд вилояти раиси матбуот котиби Музаффар Юнусов. – Самарқанд шаҳрига биринчи бор келишим. Бу ердаги тарихий ёдгорликлар ҳақида кўп эшитганман, интернет манбалари асосида қисман танишман. Аммо шаҳардаги обидалар шунчалик гўзал ва тароватли эканки, таърифга тил ожиз. Минтақамизда қанча машҳур зотлар ўтган бўлса, деярли барчасининг қадами етган, аксариятининг хоки шу муқаддас заминда қўним топган экан, десам муболаға бўлмайди.

Бир сўз билан айтганда, Суғд вилояти вакилларининг Самарқандга уч кунлик ташрифи икки томон учун ҳам ҳар жиҳатдан фойдали ва самарали мулоқотларга бой бўлди.

Энг муҳими, икки халқ ўртасидаги самимий дўстлик, яқин қўшничиликка асосланган алоқаларни давом эттиришнинг янги босқичи бошланди. Тез орада бу муносабатлар Самарқанд вилояти вакилларининг жорий йил июнь ойида Суғдга ташрифи билан янада мустаҳкамланади.

 

Абдуғофир Шерхолов, Ўктам Худойбердиев, “Зарафшон” мухбирлари.

 


Охирги ўзгариш: 23/04/2018 23:33.   Кўрилганлиги: 179
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/20-22-aprel-biznes-forum-107-million-dollarlik-shartnomalar-imzolandi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 12

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг