Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Вилоят ҳокими Зойир Тоирович Мирзаевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган санага бағишланган тантанали тадбирда сўзлаган табрик сўзи

Вилоят ҳокими Зойир Тоирович Мирзаевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган санага бағишланган тантанали тадбирда сўзлаган табрик сўзи

Самарқанд шаҳри, концерт зали, 2013 йил 2 декабрь

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Қадрли самарқандликлар, байрам иштирокчилари!

Барчамиз учун муқаддас саналган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси шу юрт, ушбу заминда яшаётган ҳар бир инсон учун ўзгача фахр-ифтихор ва юксак ғурур билан нишонланадиган табаррук айём ҳисобланади.

Конституциямиз, мана, йигирма бир йилдирки, юртимизда озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов таъкидлаганларидек, “Конституциямиз – Асосий Қонунимиз қабул қилиниши билан биз Ўзбекистон келажагини, янгидан барпо этилаётган давлатимизнинг чуқур мазмуни, маъно ва моҳиятини, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар ва маънавий тараққиётнинг, юртимиз қиёфасини, унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини тубдан ўзгартириб юборган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг пировард мақсадларини аниқ-равшан белгилаб олдик”.

Ҳақиқатдан ҳам бугун мустақил юртимизда, шу жумладан, вилоятимизда олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ижобий ўзгариш ва янгиланишлар, ободонлаштириш ишлари бош Қомусимиз бераётган улкан имкониятлар асосида амалга оширилмоқда.

Шу маънода Конституцияда белгиланган ҳуқуқ нормаларини ҳаётга татбиқ этишда очиқлик, ошкоралик, эркинлик тамойилларига амал қилиш ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти қурилишида муҳим аҳамият касб этишини барчамиз чуқур англаб етишимиз лозим.

Бу борада Муҳтарам Президентимизнинг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақида”ги фармойиши қабул қилинганлиги давлатимиз ижро ҳокимияти билан халқни тобора яқинлаштиришга қаратилган яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш баробарида фуқароларимизнинг давлат бошқарувидаги иштирокини янада жонлантириш, жамиятимиздаги ўзгариш ҳамда янгиланишларга дахлдорлик ҳиссини оширишга эришилмоқда.

Конституцияда фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари аниқ белгиланиб, ҳар бир шахсга эркин танлаш, эркин сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи берилганлигининг ёрқин исботи сифатида вилоятимизда ўтказилаётган маҳалла оқсоқоллари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловида фуқароларимизнинг фаол иштироки ҳамда сайловларнинг юқори уюшқоқлик билан амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Азиз дўстлар!

Барчамизга яхши маълум, Юртбошимиз ташаббуслари билан ҳар бир йилга алоҳида ном берилиб, шу асосда давлат дастури қабул қилинади.

Ўтиб бораётган 2013 йилга “Обод турмуш йили” деб ном берилиб, шу асосда қабул қилинган давлат дастури доирасида вилоятимизда ҳам бир қатор тадбирлар белгиланган эди.

Дастур ижроси доирасида жами 675,8 млрд сўм ва 1 млн 338,4 минг Евро, 42 минг долларга тенг миқдорда тадбирлар амалга оширилди.

Жорий йилда 94 мингта иш ўринлари яратилди. Яратилаётган янги иш ўринларига, авваламбор, касб-ҳунар коллежларини битираётган, меҳнат бозорига биринчи марта кириб келаётган йигит-қизларни жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг 44 минг 219 нафари бандлиги таъминланган бўлса, уларнинг 29 минг 835 нафарини қизлар ташкил қилади. 6 минг 283 нафар битирувчига эса тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 16 млрд сўмлик кредитлар ажратилди.

Юртбошимизнинг бевосита ташаббуси ва қўллаб-қувватлашлари самарасида шаҳар ва қишлоқларимизда улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари бормоқда. Хусусан, Самарқанд шаҳрининг кун сайин ўзгариб, янгича қиёфа касб этаётгани ҳам мана шу ислоҳотларнинг узвий давомидир.

Замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган янги корхоналар, муҳташам турар жой бинолари, таълим ва шифо масканлари, маданият ва спорт иншоотлари, кўча ва хиёбонлар, истироҳат боғлари вилоятимизнинг ҳар бир шаҳри ва тумани қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда.

Жорий йилда вилоятимиздаги 107 та қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқлари барпо этилиб, 186 минг нафар аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилди.

1 та янги касб-ҳунар коллежи, 2 та ётоқхона, 5 та мусиқа ва санъат мактаблари, 7 та спортзал, 3 та ўсмирлар ва болалар спорт мактаблари қурилди. 5 та коллеж ва 53 та умумтаълим мактаблари реконструкция қилинди.

Энг муҳими, келажагимиз эгалари бўлган талаба-ёшларимиз ўзларига яратиб берилаётган бундай катта имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўқиш ва ишда, спорт соҳасида қувонарли ютуқларни қўлга киритмоқдалар.

Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг 3 нафари халқаро фан олимпиадалари қатнашчилари, 9 нафари жаҳон ва Осиё спорт мусобоқалари чемпионларидир. Самарқанд шаҳридаги олий ўқув юртлари талабалари орасида 5 нафар Президент стипендиатлари, 57 нафар бошқа номдор стипендиатлар бор.

Талабаларнинг 27 нафари спорт турлари бўйича Осиё ва жаҳон биринчиликлари совриндорлари бўлишди. 26 нафар талаба эса халқаро фан олимпиадаларида қатнашиб, совринли ўринларни эгаллашди.

Фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий техник аҳволини янада мустаҳкамлаш мақсадида соҳада жами 25 млрд сўмлик давлат инвестиция маблағлари ҳисобидан Пахтачи, Иштихон, Булунғур, Пайариқ, Пастдарғом, Самарқанд туманлари марказий шифохоналари ва Самарқанд шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонаси реконструкция қилинди.

Аҳолининг унумли меҳнат қилиб, муносиб дам олиши, маданий хордиқ чиқаришига етарли шароит яратиш учун барча шаҳар ва туманлар марказларидаги истироҳат боғлари тубдан таъмирланмоқда, айримлари янгидан барпо этилмоқда. Пастдарғом, Иштихон, Каттақўрғон, Ургут, Пайариқ ва Челак шаҳарларида ана шундай истироҳат боғлари ишга туширилган бўлса, бошқа ҳудудларда эса ана шундай дам олиш масканларини барпо этиш ишлари давом этмоқда.

Пайариқ, Оқдарё, Жомбой туманларидаги маданият марказлари капитал таъмирланмоқда. Қабул қилинган махсус давлат Дастурига асосан 2014 йилда ва кейинги йилларда вилоятда йилига 18 тадан маданият марказлари қурилади.

Ҳурматли дўстлар!

2013 йил вилоятимизда қишлоқ хўжалик соҳасида ҳам омадли ва баракали йил бўлди, дейиш мумкин. Бу йил вилоятимиз фермерлари ғаллачилик соҳасида юқори натижаларга эришиб, 701,2 минг тонна ғалла хирмонини яратдилар. Бу ўтган 2012 йилга нисбатан 54,6 минг тоннага кўп деганидир. Жами етиштирилган доннинг 362,4 минг тоннаси фермер хўжаликларида қолганлиги келгусида халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашга муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, фермерлар томонидан 2013 йилда 91,5 минг гектар ғўза майдонидан 246 минг тоннадан ортиқ юқори сифатли пахта ҳосили йиғиб-териб олинди.

Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, юртимизда, жумладан вилоятимизда барча соҳаларда эришилаётган бундай ютуқларга чет элдаги шерикларимиз ҳам ҳавас билан қарашмоқда. Энг муҳими, дунёдаги ривожланган давлатларнинг ишбилармонлари яратилган шароит ва енгилликлар сабабли ўзларининг сармояларини киритиб, биз билан ҳамкорликда қўшма корхоналар яратишмоқда.

Яқинда Тошкент шаҳрида олтинчи Осиё қуёш энергияси форуми ва Ўзбекистон-Хитой давлатлари ишбилармонларининг бизнес-форуми ўтказилди. Ҳар иккала тадбир иштирокчилари ҳам Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, вилоятда бизнес ва ишбилармонлик учун яратилган қулай шарт-шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишдилар ва юқори баҳо бердилар.

Хусусан, хитойлик ишбилармонлар ва бизнес вакиллари билан вилоятимиз халқ хўжалигининг турли тармоқларида қўшма корхоналар барпо этишга келишиб олинган бўлса, Хитой Халқ Республикасининг Сиань шаҳри билан Самарқанд шаҳри ўртасида ўзаро биродарлашув тўғрисидаги меморандумнинг имзоланганлиги йилнинг энг қувончли воқеаларидан бири бўлди.

Шунингдек, ўтиб бораётган 2013 йилда “Шарқ тароналари”

IX халқаро мусиқа фестивали, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича XV Осиё чемпионати, академик эшкак эшиш бўйича ёшлар ўртасида

XIX Осиё чемпионати, “Ўзбек миллий киноси кунлари”, Республика қўғирчоқ театрларининг IX Анъанавий кўрик-фестивали каби кўплаб анжуманлар юқори ташкилотчилик ва уюшқоқлик билан ўтказилди.

Азиз дўстлар!

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юрт равнақи, эл фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган бундай улкан яратувчанлик ишлари ҳеч қачон рағбатсиз қолмайди. Ўзининг ҳалол ва унумли меҳнати билан юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фуқароларимиз ҳар йили Муҳтарам Президентимизнинг фармонларига биноан давлатимизнинг юксак унвонлари, орден-медаллари билан тақдирланмоқда.

Мустақиллигимизнинг 22 йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз ана шундай юксак мукофотларга сазовор бўлишди. Улар орасида вилоят халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилаётган 41 нафар юртдошимизнинг ҳам борлиги барчамизни янада самарали меҳнат қилишга ва янги-янги марралар сари интилишга ундайди.

Қадрли юртдошлар!

Самарқанд азиз-авлиёлар, фозилу фузалолар юрти эканлиги барчамизда шу юртга бўлган юксак ифтихор ҳиссини янада оширади. Барчамиз аждодларимизга муносиб ворис бўлиш учун меҳнат қилишдан, изланишдан ва янгиликка интилишдан ҳеч қачон толмайлик.

Вилоятимизда истиқомат қилаётган 205 минг нафардан зиёд меҳнат фахрийларимиз, нуроний отахону онахонларнинг дуолари ижобат бўлсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

Янги – 2014 йил бундан-да баракали ва файзли келсин.

Эътиборингиз учун раҳмат!


Киритилган вақти: 02/12/2013 11:00.   Кўрилганлиги: 2389
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/viloyat_hokimi_zoyir_toirovich_mirzayevning__ozbekiston_respublikasi_konstitusiyasi_qabul_qilingan_sanaga_bagishlangan__tantanali_tadbirda_sozlagan_tabrik_sozi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 7

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.