Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Вилоят ҳокими З.Мирзаевнинг “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 22 йиллик байрамига бағишланган тантанадаги табрик сўзи

Вилоят ҳокими З.Мирзаевнинг “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 22 йиллик байрамига бағишланган тантанадаги табрик сўзи

Самарқанд шаҳри “Концерт зали”, 2014 йил 11 январь

Ассалому алайкум!

Қадрли аскар ва сержантлар, офицерлар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, Ички ишлар идоралари ходимлари!

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Сизларни ва барча юртдошларимизни мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги қутлуғ сана – Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 22 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Албатта, юртимизда байрамлар, тарихий саналар жуда кўп. Аммо юрт тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, давлатимиз чегараларининг дахлсизлигини таъминловчи қудратли куч – Ватан ҳимоячилари куни байрамининг алоҳида қадр-қиммати, аҳамияти, ўрни ва нуфузи бор.

Шунинг учун ҳам Муҳтарам Юртбошимиз томонидан мазкур байрамни мамлакат миқёсида энг улуғ, энг азиз байрамлар қаторида кенг нишонлаш, бугунги тинч-осойишта ҳаётимизни қадрлаш муқаддас вазифа сифатида белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, озод ва обод Ватанимиздаги осуда ҳаёт, сарҳадларимизнинг дахлсизлиги, бунёдкор халқимизнинг осойишталигини қўриқлашда ўз йигитлик бурчини юксак садоқат билан ўтаётган ҳарбийларимиз – Ватан ҳимоячиларининг хизматлари беқиёсдир.

Ҳеч шубҳасиз, ҳар қандай мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиши, ташқи хавф ва тажовузларга нисбатан муносиб равишда жавоб бера олиши, турли таҳдидларга қарши қатъий кураш олиб бориши учун замонавий қурол-яроғларга эга бўлган, профессионал армия сув билан ҳаводек зарурдир.

Истиқлол йилларида Муҳтарам Президентимиз, мамлакатимиз Қуролли Кучларининг Олий Бош Қўмондони Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамоликларида ҳарбий округлар, чегара ҳудудлари ва махсус операцияларни ўтказишга ихтисослаштирилган қисмларнинг мукаммал ташкилий тузилмасига асос солинди, етарли даражада моддий-техника базасига эга бўлди.

Энг муҳими, бугун аскар ва зобитларимиз учун миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш – шарафли ва фахрли касбга, ҳар бир йигитнинг  ҳаётий орзусига айланган.

Бугун қалбида она-Ватанига садоқати юксак бўлган, жисмоний тобланган, маънавий ва интеллектуал жиҳатдан баркамол бўлган йигит-қизларгина ҳарбий бўла олади.

Тизимли асосда олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир ёрқин самараси ўлароқ, қўшинларимизда шартнома асосида хизмат қилаётган сержантлар таркиби янада кенгаймоқда, сафарбарлик резерви хизматининг нуфузи эса тобора ошмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори эса ушбу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келган йигитларга берилаётган имтиёз ва имкониятларнинг яна ҳам кенгайишида муҳим омил бўлди.

Ҳар йили вилоятимиз ёшларининг кўпчилиги ана шу имтиёзлардан фойдаланиб, олий ўқув юртлари талабалари сафига кириш бахтига муяссар бўлишмоқда.

Азиз дўстлар!

Кейинги йилларда Муҳтарам Юртбошимизнинг алоҳида эътиборлари туфайли ҳудудлардаги ҳарбий чақирув пунктлари учун замонавий бинолар қурилиб, чақирилувчиларни комплекс тиббий кўрикдан ўтказиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Ўтган 2013 йилда вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси йиғув пункти биносида 230 млн сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Барча шаҳар ва туманлардаги чақирув пунктлари жорий таъмирдан чиқарилди, мебел ва компьютер жиҳозлари олиб берилди.

Шунингдек, ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизими ҳам такомиллашмоқда.

Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган бундай бунёдкорлик ишлари нафақат ҳарбийлар, балки улар оила аъзоларини ҳам ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилиб, ҳарбийларнинг Ватанга садоқат ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашдаги масъулиятини янада кучайтирмоқда.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Бутун Республикамизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам мамлакатимиз ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш, ёшларимиз онгида ҳарбий ватанпарварлик руҳини янада тўлароқ сингдириш мақсадида шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 22 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Яқинда бўлиб ўтган “Аскар оналарига эҳтиром” деб номланган ва мазмун-моҳиятига кўра Сиз каби Ватан ҳимоясига бел боғлаган жасур, мард, забардаст ўғил-қизларни вояга етказган муҳтарама онахонларимизга бўлган самимий ҳурматимиз ва миннатдорчилигимизни акс эттирган тадбир айниқса, эсда қоларли, жонли ва таъсирчан воқеликларга бой бўлди.

Қашқадарё, Жиззах ва Бухоро вилоятларидан ҳамда вилоятимизнинг шаҳар-туманларидан ташриф буюрган онахонларимизнинг аскар ўғиллари билан ҳаяжонли учрашуви улар хотирасида узоқ йиллар давомида сақланиб қолишига ҳеч шак-шубҳа йўқ.

Албатта, мана шундай тинч, осойишта, фаровон кунларга ўз-ўзидан эришилмаганлиги барчамизга маълум. Ўтган 22 йиллик қисқа давр ичида бир пайтлар ўз нуфузини батамом йўқотиб бўлган тартибсиз тизимни бугунгидек профессионал армия даражасига кўтариш Юртбошимиз томонидан узоқни кўзлаб, тизимли олиб борилаётган стратегик ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир.

Ўтган даврда чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, ўзи туғилиб ўсган муқаддас заминни қўриқлашда жонини фидо қилган мард ўғлонларимиз жасорати ҳар бир ўзбек йигитига юксак ибрат намунаси бўлиб қолади.

Мана шундай унутилмас дамларда ҳозирги тинч ва фаровон ҳаётимизни таъминлаш йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган йигитларимизнинг жасорати олдида чуқур таъзим қиламиз.

Азиз Самарқандликлар!

Бугун биз Сиз билан нишонлаётган “Ватан ҳимоячилари куни” байрами нафақат ҳарбийларнинг, балки ҳар бир йигитнинг, ҳар бир бўлажак Ватан ҳимоячисининг ва уларни дунёга келтирган оналари, доимо дуогўй бўлган ота-боболарининг ҳам ҳақиқий миллий байрамидир.

Бугунги кўрсатилаётган эҳтиром ва эътибор эса бўлажак Ватан ҳимоячилари қалбида ўз она-Ватани, туғилиб ўсган заминини ташқи душманлардан асрашга, шу диёрда яшаётган ота-онаси, опа-синглиси ва бутун оиласининг тинч ва осойишта яшаши учун масъулият ҳиссини шакллантиришга хизмат қилишига ишонамиз.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Мамлакатимиз улуғ алломалар, жаҳоний олиму фузалолар, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркардалар руҳи қўним топган муқаддас замин.

Бу юртда яшаш ва шу халқ осойишталигини таъминлаш энг машаққатли ва шарафли касб эканлигини яна бир бор таъкидлаб, барчангизга куч-қувват, енгилмас ирода ва мустаҳкам соғлик тилаймиз.

Сизнинг ўз хизмат вазифангизни бекаму-кўст бажаришда барча шароитларни муҳайё қилиб, фарзанд тарбиясидан бошлаб оиладаги барча ташвишларни ўз зиммаларига олиб, шараф билан бажариб келаётган турмуш ўртоқларингизга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.

Барчангизга ана шундай тинч-фаровон заминни узоқ йиллар қўриқлаш насиб қилсин.

Байрамингиз муборак бўлсин!


Киритилган вақти: 11/01/2014 11:00.   Кўрилганлиги: 2889
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/viloyat_hokimi_zmirzayevning_14_yanvar__vatan_himoyachilari_kuni_va_ozbekiston_respublikasi_qurolli_kuchlari_tashkil_topganligining_22_yillik_bayramiga_bagishlangan_tantanadagi_tabrik_sozi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 10

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.