Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Вилоят ҳокими З.Т.Мирзаевнинг “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивали гала-концертидаги сўзи

Вилоят ҳокими З.Т.Мирзаевнинг “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивали гала-концертидаги сўзи

Самарқанд шаҳри, “Динамо” стадиони, 2016 йил 9 апрел, соат 17.00

Ассалому алайкум, қадрли фестивал иштирокчилари!

Ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ўтказилаётган якуний байрам тадбирига ташриф буюрган азиз ёшлар!

Жонажон Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби, Самарқанд вилоятида ҳам эртанги кунимизнинг бунёдкорлари бўлган ёшларимиз иштирокида сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий-маърифий аҳамиятга эга бўлган оммавий тадбирлар ташкил этилди.

Ушбу тадбирлар Самарқандни ўз давлатининг пойтахтига, дунё маданияти чорраҳасига айлантирган Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллик қутлуғ санасига тўғри келганида ҳам ўзига хос ҳикмат мужассам.

Фестивал доирасида самарқандлик ёшлар ташаббуси билан мустақиллигимизнинг
25 йиллик санаси ҳамда Амир Темур бобомизнинг таваллуд айёмига муносиб туҳфа тайёрланди.

Вилоятимизнинг ёш, интилувчан олимлари, халқаро майдонларда маданият ва спорт йўналишларида ғолиб бўлганлар, Президент стипендиатлари, Зулфияхоним қизлари томонидан улуғ бобомизнинг “Темур тузуклари” асари сатрма-сатр мутолаа қилинди.

Тасвирга олинган видеолавҳалар интернетнинг ижтимоий тармоқларида жойлаштирилди.

Зеро, шу юртни буюклик мақомига кўтарган, миллатнинг қаддини тик тутиб яшашга ўргатган Буюк Бобомизнинг шарафли ҳаёт йўли асрлар оша халқимизга миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, қатъият ва шижоат бахш этиб келмоқда.

Азиз ёшлар!

Бугун дунёнинг турли бурчакларида таҳликали, ўта мураккаб вазият ҳукм сурмоқда, миллатлараро, динлараро зиддиятлар борган сари кучайиб, тобора кескин тус олаяпти.

Минглаб инсонларнинг ҳаётдан бевақт кетишига сабабчи бўлаётган экстремистик, террорчилик ҳаракатларида, афсуски, асосан ёшлар иштирок этмоқда.

Оқибатда миллионлаб ёшлар ўз келажагини барбод қилмоқда, ўқиш, билим олиш, ёшлик гаштини суриш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлмоқда.

Барчамизни хушёрликка, огоҳликка чақирувчи, бугунги тинч ҳаётимизнинг қадрига етишга ундовчи бундай  воқеа-ҳодисаларни кузатар эканмиз, беихтиёр қалбимизни чексиз шукроналик, фахр-ифтихор туйғуси чулғаб олади.

Зеро, биз ушбу фестивал тадбирларида иштирок этаётган миллионлаб ёшларимизга дадил айта оламиз: Ўзбекистон ёшлари учун тинч ва осойишта замонда ўқиш, билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш учун барча шарт-шароит яратиб берилди.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан кафолатлаб берилган ана шу тинчлик замирида битта мақсад мужассам: ёшларимиз ҳеч кимдан кам бўлмаслиги керак.

Фестивал доирасида ташкил этилган “Ватаним – менинг фахрим!”, “Ҳоким ва ёшлар”, “Сиз севган қаҳрамонлар”, “Депутат ва ёшлар”, “Ўзбекистонга хизмат қиламан!”, “Замонамиз қаҳрамонлари”, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин”, “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” каби 18 та лойиҳа 100 дан ортиқ тадбирларни қамраб олди.

Мазкур тадбирларда иштирок этган Республика тарғибот гуруҳи аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларига, элимиз ардоғидаги ёзувчи ва шоирлар, санъатимиз дарғалари, кино ва театр актёрлари, ёш ижодкорларга вилоятимиз ёшлари номидан самимий миннатдорлик изҳор этамиз!

Қадрли ёшлар!

Муҳтарам Юртбошимизнинг меҳр тафтида вояга етаётган, яратиб берилаётган шарт-шароитдан илҳомланаётган вилоятимиз ёшларининг 30 нафари “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

110 нафардан кўпроқ “Камолот” стипендияси соҳиби, 17 нафари бошқа номдор стипендиатлар, 26 нафари халқаро фан олимпиадалар ғолиби, 26 нафари спортнинг турли йўналишлари бўйича Олимпиада, Осиё ва Жаҳон чемпионларидир.

Бугун вилоятимиздаги 8 та олий, 175 та ўрта махсус ва 1210 та умумтаълим мактабларида таълим олаётган жами 737 минг 500 нафар ёшларимизнинг 300 мингдан кўпроқ “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, 220 минг нафари “Камалак” болалар ташкилотлари аъзоларидир.

Юртбошимиз топшириқлари билан кейинги икки йилда вилоятнинг олтита шаҳар ва туманларида кўпқаватли “Камолот” уйлари қурилиб, фойдаланишга топширилгани, бу саъй-ҳаракат бу йил ҳам давом этаётгани иқтидорли ёшларга берилаётган эътиборнинг бир кўринишидир.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Азиз ёшлар!

Сиздаги шижоат, ғайрат ва ватанпарварлик янада юксалаверсин.

Билими ва интилиши билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган Сиз каби ёшларнинг сафи кенгаяверсин.

Ҳаёт йўлингиз равон ва порлоқ бўлсин.

Эътиборингиз учун раҳмат!


Киритилган вақти: 11/04/2016 14:43.   Кўрилганлиги: 2473
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/viloyat-hokimi-ztmirzaevning-biz-buyuk-yurt-farzandlarimiz-shiori-ostidagi-yoshlar-festivali-gala-kontsertidagi-sozi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 2

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.