Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Вилоят ҳокими З.Т. Мирзаевнинг 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 24 йиллик байрамига бағишланган тантанадаги ТАБРИК СЎЗИ

Вилоят ҳокими З.Т. Мирзаевнинг 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 24 йиллик байрамига бағишланган тантанадаги ТАБРИК СЎЗИ

Самарқанд шаҳри, “Диёра” мажмуаси, 2016 йил 13 январь, соат 11.00

Ассалому алайкум, қадрли офицерлар, аскар ва сержантлар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, прокуратура, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари ходимлари!

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Ўзбекистон халқи томонидан кўтаринки кайфият билан нишонланадиган байрамлар, тарихий ва муҳим саналар орасида Ватан ҳимоячилари кунининг юксак қадр-қиммати, алоҳида ўрни ва нуфузи бор, десам муболаға бўлмайди.

Барчангизга яхши маълум, ўтган 24 йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида ҳарбий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Бунинг самарасида юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, давлатимиз чегараларининг дахлсизлигини таъминловчи қудратли куч – профессионал Миллий армиямиз шаклланди.

Қисқа муддатда ҳарбий округлар ташкил қилинди, мамлакатимиз мудофаа комплексини бошқариш механизми, жанговар тайёргарлик ва тезкор-стратегик режалаштириш тизими қайта кўриб чиқилди.

Бу жараёнда ҳарбий қисм ва бўлинмаларни замонавий билим ва ҳарбий иш кўникмаларини пухта ўзлаштирган юқори малакали офицер ва сержантлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни пайтда Самарқанд вилояти ҳудудида
34 та ҳарбий қисм, 5 та билим юртлари ҳамда Марказий ҳарбий округнинг Сержантлар тайёрлаш мактаби фаолият кўрсатмоқда.

Ушбу масканларда билим ва малакасини ошираётган офицер ва сержантлар бугун миллий армиямизнинг асосини ташкил этади.

Зеро, қўшинларни тезкор бошқариш ва уларнинг жанговар салоҳиятидан унумли фойдаланиш, мамлакат мудофаа қобилияти ва хавфсизлигини таъминлаш кўп жиҳатдан уларга  боғлиқ.

Ҳурматли тантана иштирокчилари!

Ҳарбийлар оилалари учун зарур замонавий шарт-шароит ва имкониятлар яратиш борасида Самарқанд вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2015 йилда қурилган кўпқаватли уйларнинг Самарқанд шаҳрида 20 таси ва Каттақўрғон шаҳрида 4 таси ҳарбийлар оилаларига берилди.

Ўтган йил вилоятимиз қишлоқларида намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларнинг 10 тасига Ватан ҳимоячиларининг оила аъзолари кўчиб ўтди.

Кейинги йилларда Тайлоқ туманининг чегара ҳудудидаги “Чўбот”, Ургут туманининг “Гулистон” ва “Мирзабоғлон-Чеп” маҳаллаларида ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари, маҳалла аҳли учун бир қатор қулайликлар яратиб берилди.

Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар давом этади. Яъни, “Чўбот”да янги болалар боғчаси, Ургутнинг “Тўрткўл” маҳалласида амфитеатр, ҳаммом, савдо дўкони, маиший хизмат уйлари, умумий овқатланиш шохобчаси, сунъий қопламали стадион, шунингдек, даволаш-профилактика муассасаси қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Бундай қулайликлар бошқа туманлар ва ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда ҳам яратилмоқда.

Азиз дўстлар!

Бугунги кунда бутун дунёда турли қарама-қаршиликлар, зиддиятлар, тўқнашув ва қон тўкишлар, адоватлар кучайиб бормоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз вазият ғоят қалтис бўлиб турган, тобора мураккаб ва кескин тус олаётган бир пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомида, халқаро қонун ва нормаларда белгилаб қўйилган асосий принципларга риоя қилиш, юзага келадиган қарама-қаршилик ва низоларни зўравонлик билан эмас, фақатгина тинч, сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этишга чақираётгани нақадар тўғри экани халқаро ҳамжамият томонидан бир неча бор эътироф этилди.

Шу ўринда Президентимиз томонидан илгари сурилган ва биз учун энг тўғри, энг маъқул деб ҳисобланган тамойилни эслатиб ўтмоқчиман:

“Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлаштирилишига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига мутлақо йўл қўймайди.

Бизга, халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Бу – ўзбек халқининг истаги, бу – ўзбек халқининг мақсади, бу – ўзбек халқининг қароридир”.

Бугун ўтаётган ҳар бир кунимизда мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик, юртимиз осмони мусаффолиги, чегараларимиз дахлсизлиги халқимизнинг энг катта бойлиги эканлигини яққол ҳис этмоқдамиз.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Шу кунларда бутун вилоятимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан “Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Бугун Самарқанднинг юраги ҳисобланмиш Регистон майдонидан бошланган “Аскарлар оналарини шарафлаймиз” деб номланган ва мазмун-моҳиятига кўра Сиз каби Ватан ҳимоясига бел боғлаган жасур, мард, забардаст ўғил-қизларни вояга етказган муҳтарама онахонларимизга бўлган самимий ҳурматимиз ва миннатдорчилигимизни ифода этган тадбир айниқса, эсда қоларли, жонли ва таъсирчан воқеликларга бой бўлди.

Қадрли Ватан ҳимоячилари!

Ўзбекистонимиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ алломалар, жаҳоний олиму фузалолар, буюк саркардаларга бешик бўлган муқаддас заминдир.

Байрам арафасида Сизни оқ ювиб, оқ тараган, буюк аждодларига муносиб ворис – Ватан ҳимоячиси бўлишингизда энг катта ҳисса қўшган ота-онангизга, хизмат вазифангизни бекаму-кўст бажаришингизда фарзанд тарбияси-ю оила ташвишларини ўз зиммасига олган турмуш ўртоқларингизга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.

Барча аскар ва сержантларни, офицерларни, Қуролли Кучларимиз фахрийларини ва бу ерга тўпланган Сиз, азизларни Ватан ҳимоячилари куни байрами билан муборакбод этамиз.

Барчангизга мустаҳкам соғлик, бахт ва омад, она-Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли ишингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Эътиборларингиз учун катта раҳмат!


Киритилган вақти: 13/01/2016 19:19.   Кўрилганлиги: 2471
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/viloyat-hokimi-zt-mirzaevning-14-yanvar-vatan-himoyachilari-kuni-va-ozbekiston-respublikasi-qurolli-kuchlari-tashkil-etilganligining-24-yillik-bayramiga-bagishlangan-tantanadagi-tabrik-sozi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 4

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.