
ТАБРИК СЎЗИ
Ассалому алайкум, ҳурматли офицерлар, аскар ва сержантлар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари!
Ватан ҳимоясидек шарафли ишга ҳаётини, умрини бахшида этган юртимизнинг мард ўғлонлари!
Бугун мамлакатимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг осойишта ҳаётини ҳимоялашга қодир бўлган, истиқлол йилларида яхлит ва ишончли кучга айланган миллий армиямизда фидокорона хизмат қилаётган ҳарбийларнинг, юрт тинчлигига масъул бўлган барча ватандошларимизнинг қутлуғ байрами.
Бугун Сизлар билан нафақат ушбу байрамни, балки Қуролли кучларимиз ташкил этилганлигининг 25 йиллик юбилей санасини ҳам қарши олмоқдамиз.
Шундай қўшалоқ байрамда Сизларни ва Сиз орқали барча самарқандликларни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана – Ватан ҳимоячилари куни ва Миллий армиямиз ташкил этилганлигининг 25 йиллик юбилей санаси билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Бу байрам ҳаммамиз учун ҳаёт-мамот байрами, ор-номус, жасорат ва фахру ифтихор байрамидир.
Айниқса, ҳарбий санъат бобида дунё тан олган соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратларининг буюк жанговар руҳи кезиб юрган Самарқанддек муаззам шаҳарда бу сананинг қадри-қиммати беқиёс эканлигини барчамиз ҳис этиб турибмиз.
Бугун мамлакатимизда Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш Дастурига мувофиқ замонавий талабларга жавоб берадиган қудратли миллий армия шакллантирилди.
Соҳибқирон бобомиз Амур Темур ҳазратларининг “Лашкари қувватли мамлакат бой бўлур, бой мамлакатнинг лашкари қувватли бўлур” деган ҳикматларига амал қилган ҳолда, миллий армиямиз жаҳон ҳарбий қурилишининг энг илғор тажрибаларини ўзлаштирди.
Қисқа вақтда ҳарбий округлар, чегара ҳудудлари ва махсус операцияларга ихтисослашган қисмлар ташкил этилди.
Мамлакат мудофаа тизимини бошқариш, Куролли Кучлар Бирлашган штаби раҳбарлигидаги жанговар тайёргарлик ва тезкор стратегик режалаштириш тизими қайта барпо этилди.
Миллий армиямизнинг моддий техник баъзаси мустаҳкамланди, замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминланди, ҳарбий хизматчилар шарт-шароитлари яхшиланди.
Айни вақтда Ўзбекистон ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмайдиган давлат сифатида, принципиал аҳамиятга эга бўлган муҳим йўлни танлаб олди.
Буларнинг барчаси биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолиги остида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Бугун ҳам ушбу ислоҳот ва устивор вазифалар Қуролли Кучларимизнинг Олий Бош Қўмондони, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиеёв томонидан якдиллик ва қатъият билан давом эттирилмоқда.
Шунинг учун ҳам бугун ишонч билан айта оламиз, ҳақиқатдан ҳам замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган, профессионал, ихчам ва тезкор Қуролли Кучларимиз халқимизнинг тинч осойишта ҳаётининг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳеч кимга сир эмас, мамлакатимиз хавфсизлигига қарши қаратилган ички ва ташқи таҳдидлар, дунёда энг хатарли кучга айланган халқаро терроризм, диний экстремизм, гиёҳвандлик, одам ва қурол савдоси, уюшган жиноятчилик каби бало-қазоларнинг олдини олиш осон бўлаётгани йўқ.
Бунинг учун мард ва жасур ватан ҳимоячилари ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб, керак бўлса, жонларини фидо қилиб, юртимизнинг тинч ва осуда тараққий этишига замин яратиб бермоқда.
Ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз сарҳадлари дахлсизлигини сақлаш, ҳарбий хизматда матонат ва жасорат намунасини кўрсатиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбийларимизнинг шонли хотираси халқимиз қалбида абадий сақланади.
Азиз ватан ҳимоячилари!
Тинч осойишта ҳаёти кафолатланган юртда тараққиёт ҳам барқарор, ҳам бардавом бўлади.
Ўзбекистон эришаётган ютуқ ва марралар нафақат юртдошларимиз томонидан эътироф этилмоқда, балки Халқаро миқёсда ҳам тан олинмоқда.
Ўзбекистонимиз иқтисодиёти, жаҳон инқирозига қарамасдан, истиқлол йилларида 5,5 каррадан зиёд ўсгани, аҳоли реал даромадлари жон бошига 9 марта кўпайгани, ўртача умр кўриш даражаси 73 ёшга етгани ҳам ана шу кафолатланган тинчлик, осуда ҳаёт мевасидир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эълон қилган рейтингда Ўзбекистон иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлар қаторида 5 ўринда турганлиги, “Бутунжаҳон бахт индекси”да 158 мамлакат орасида 44-поғонада, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ичида эса 1-ўринда эътироф этилди.
Айниқса, Ўзбекистон спортчилари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида дунёнинг 206 та давлатлари орасида 21-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 2-ўринни, эгаллагани халқимизнинг қалбини чексиз ғурур ва ифтихорга тўлдирди.
Бу рақамларни ўқиган, эшитган ҳар бир ўзбекистонликнинг қалби фахр ва ифтихорга тўлиши, тинчликнинг нақадар буюк неъмат эканини яна бир карра ҳис этиши табиий.
Ҳурматли тантана иштирокчилари!
Бугунги кунда армиямиз сафларида ватанимизга хизмат қилиш, унинг сарҳадларини ҳимоя этишга қарор қилган интеллектуал жиҳатдан яхши тарбия топган етук кадрлар хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, жамиятимизда ҳарбий хизматга муносабат ҳам бутунлай ўзгарди.
Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш ёшларимиз учун нафақат конституциявий бурч, балки энг нуфузли касб сифатида қадрланиб келмоқда.
Биргина Самарқанд вилоятида ҳар бир ўринга 20 нафар талабгор тўғри келаётгани ҳам ҳарбий хизматга бориш истагида бўлган ёшларимизнинг Қуролли кучларимизда хизмат қилишга интилиши қанчалик юқори эканлигининг яққол далилидир.
Ўз навбатида ҳозирги сифат босқичида муддатли ҳарбий хизмат даврийлиги 18 ойдан 12 ойга туширилди.
Олий таълим муассасаларига ўқишга киришда юқори жангавор тайёргарликка эга ҳарбий хизматчиларга 25 фоизлик тест бали миқдорида имтиёз белгиланди.
Шартнома асосида ўқиётган ҳарбий хизматчиларга 35 фоиз контракт маблағлари тўлаб берилмоқда.
Ҳарбий хизматдан резервга олинаётган ҳарбийларимизга эса энг кам иш ҳақининг 16 баравари миқдорида бирламчи пул мукофотлари берилмоқда.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам ҳарбийлар оилалари учун зарур замонавий шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда.
Кейинги йилларда Тойлоқ туманининг чегара ҳудудидаги “Чўбот”, Ургут туманининг “Гулистон”, “Мирзабоғлон-Чеп” ва “Тўрткўл” маҳаллаларида ҳарбийлар, уларнинг оила аъзолари учун янги болалар боғчаси, амфитеатр, маиший хизмат уйлари, умумий овқатланиш шохобчаси, сунъий қопламали стадион, даволаш-профилактика муассасаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ургут туманидаги ҳарбий қисм хизматчиларига Янги йил байрами арафасида 6 та 3-хонали уй-жойлар фойдаланишга топширилди.
Буларнинг барчаси давлатимизнинг ватан ҳимоячиларига кўрсатаётган ғамхўрлигининг ёрқин намунасидир.
АЗИЗ САМАРҚАНДЛИКЛАР!
ҲУРМАТЛИ ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ!
Муҳтарам Президентимиз томонидан 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди.
Бу ўз навбатида, бизнинг олдимизга офицерлар, сержант ва аскарларнинг манфаатларини таъминлаш, эзгу орзу-умид ва интилишларини рўёбга чиқариш учун янада масъулиятли вазифаларни қўяди.
Қуролли Кучларимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида бу йилда ҳам ҳам ҳарбийларимиз ҳаётида туб янгиланишлар, ижобий ўзгаришлар ва ғалабалар мўл бўлишига ишончим комил.
Шу боис Сиз азизларни, Сизларнинг оила аъзоларингиз ва яқинларингизни Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 25 йиллиги байрами билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.
Барчангизга мустаҳкам соғлик, бахт ва омад, она Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли ишингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Ғайрат ва шижоат, мардлик ва жасорат ҳеч бирингизни тарк этмасин!
Эътиборларингиз учун катта раҳмат!
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 1
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.