Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Вилоят ҳокими Т.Жўраевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги

Вилоят ҳокими Т.Жўраевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги


Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Қадрли самарқандликлар ва вилоятимиз меҳмонлари!

Бугун мана шу гўзал ва муҳташам саройда Сизлар билан суверен Ўзбекистон Республикаси тарихи зарварақларида олтин ҳарфлар билан битилган қутлуғ сана – Конституциямиз қабул қилинган кунини нишонлаш учун учрашиб турганимиздан ғоят мамнунман.

Шу фурсатдан фойдаланиб барчангизга, Сизларнинг тимсолингизда вилоятимиз аҳлига ўзимнинг чексиз эҳтиромимни изҳор этиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2017 йил 21 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойишига кўра, бу йил юртимизда Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 25 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Шу муносабат билан “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони таъсис этилиб, шу кунларда вилоятимизда 3 мингга яқин фаол юртдошларимизга ушбу нишон тантанали равишда топширилмоқда.

Ана шундай шарафга муносиб кўрилган ва бугунги тантанали маросимда иштирок этаётган инсонларни ҳам яна бир бор табриклаймиз.

Азиз дўстлар!

Йигирма беш йил олдинги ҳолат билан бугунги манзарани тасаввур қилинг, асрларга татигулик бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигига яна бир карра амин бўласиз.

Юзлаб замонавий иншоотлар, тиббиёт муассасалари, турар-жой бинолари, кўприклар, темир йўллар, йирик саноат корхоналари, таълим даргоҳлари... Буларни санаб адоғига етишнинг ўзи мушкул! Лекин, эътироф этишимиз лозимки, мустақиллик йилларининг том маънодаги энг унутилмас ва тарихий воқеаси БУЮК ҚОМУСИМИЗ қабул қилинганидир.

Мустақиллик Конституциясининг туғилиши мамлакатимиз тарихида янги даврни бошлаб берди, ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш ва миллий давлатчилик пойдеворини қуришда муҳим қадам бўлди. Истиқлoл йиллaридa мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ҳуқуқий дaвлaт бaрпo этиш, фуқaрoлик жaмиятини шaкллaнтириш йўлидa эришaётгaн бaрчa ютуқлaримиз, ҳaётимизгa янгичa мaзмун бaғишлaётгaн ислoҳoтлaрнинг зaмиридa, шубҳасиз, Кoнституциямиздa мустaҳкaмлaнгaн ҳуқуқ вa aсoсий тaмoйиллaр ётади.

Давлат мустақиллигига эришилган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси демократик ислоҳотлар йўлини ёритиб келмоқда, янги демократик жамият қуришнинг ишончли йўналиши, мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Буюк Қомусимиз бошқа давлат конституцияларидан фарқланиб турадиган ўзига хос жиҳатларга эга. Бу ўринда, аввало, Қомусимизга жаҳон тамаддуни тараққиётига муносиб ҳисса қўшган буюк аждодларимиз – Абу Райхон Беруний, Абу Наср Форобий, Абу Носир Мотрудий, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Бурхониддин Марғиноний, Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби даҳоларимизнинг инсонни маънавий комилликка чорловчи пурҳикмат асарлари руҳи сингганлигини таъкидлаш ўринли. Шу боис ҳам Конституциямиз халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, меҳр-оқибат, инсоф ва адолат, одамийлик ва олижаноблик, ўзга миллат ва элатларга ҳурмат каби фазилатларга асосланган.

Бош Қомусимизнинг яратилиши ва ҳаётимизга татбиқ этилишида буюк давлат арбоби, улуғ Йўлбошчимиз, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хизматлари беқиёс эканини барчамиз яхши биламиз.

Ўтган асрнинг 90-йилларидаги ўта оғир даврда Асосий Қонунимиз лойиҳасини ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичдек стратегик фикрлайдиган, узоқни кўрадиган буюк сиёсий арбобнинг бу ишга раҳбарлик қилгани ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Айнан Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилди.

Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Конституциямизнинг лойиҳаси бўйича 1992 йил 8 декабрда, Олий Кенгашнинг тарихий сессиясида сўзлаган нутқида қуйидаги фикрни алоҳида таъкидлаган эдилар: 

“Биз сўнгги етмиш йил мобайнида давлатга қарамлик ва сиғиниш ҳолатида яшадик. Мамлакатнинг, ундаги барча бойликларнинг, мулкнинг эгаси давлат, деб ҳисоблаб келдик. Ана шу масалада ҳам Конституцияда туб бурилиш ясалган. 

Яъни, Асосий қонунимизга “давлат, унинг идоралари ва мансабдор шахслари жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деган модда киритилган. 

Эндиликда инсон, унинг ҳаёти, озодлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддас саналиб, улар давлат томонидан кафолатланади”. 

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Бугун Конституциямизнинг қабул қилинганига чорак аср тўлди. Ҳозир мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши, миллатлараро тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик, мамлакатимизнинг ҳар томондан тараққий этиши, давлатлараро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик, давлат қурилиши ва суд-ҳуқуқ тизими соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар негизида Конституция турибди.

Мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда озод демократик жамият барпо этишнинг, кенг кўламли ислоҳотларнинг мустаҳкам қонуний асоси, озод ва эркин ҳаётимизнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу шунчаки гап эмас. Зеро, шу кеча-кундузда сайёрамизнинг деярли барча минтақасида сиёсий парокандалик, ўзаро зиддиятлар юз бермоқда. Бундай нотинчликлар жаҳонда иқтисодий инқирозларни келтириб чиқармоқда, инсонларнинг эртанги кунга бўлган ишончини сўндирмоқда.

Мана шундай шароитда, тинчлик-хотиржамлик, миллатлараро дўстлик ҳукмрон бўлган юртимизда бугун Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарликларида барча соҳалардаги ислоҳотлар бутунлай янги босқичга кўтарилиб, қатъийлик билан давом эттирилмоқда.

Жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ишлаб чиқилгани ҳамда унинг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётгани аллақачон ўзининг самараларини бераётир.

Муҳтарам Президентимизнинг вилоятимизга ташрифлари ҳаётимизга ўзига хос жўшқинлик бахш этаётир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан Ургут туманида эркин иқтисодий зона ташкил этилди, Қўшработ ва Булунғур туманларини ривожлантириш бўйича алоҳида дастурлар қабул қилинди.

Имом Бухорий масжид-мажмуасида Халқаро ҳадис маркази бунёд этилаётир ва ушбу муқаддас маскан мусулмон оламидаги энг муқаддас қадамжолардан бирига айланиб бораяпти.

Самарқанд шаҳрида “Самарқанд сити” сайёҳлик мажмуасининг қурилиши ҳамда Самарқанд шаҳрининг янги маъмурий марказининг барпо этилиши ҳам Шавкат Миромоновичнинг вилоятимиз аҳлига бўлган ниҳояда катта эътибори ва ғамхўрликларининг намунасидир.

Муҳтарам Юртбошимизнинг бундай эътибор ва ғамхўрликлари барчамизнинг олдимизга ниҳоятда катта вазифаларни қўяди ва ҳозиргидан керак бўлса ўн карра кўпроқ шижоат билан ишлашга ундайди.

Вилоятимизда жорий йилнинг ўтган даврида қиймати
6 трлн. 396 млрд. сўмлик 2016 та лойиҳалар амалга оширилди. 170 млрд. сўмлик 178 та замонавий ижтимоий соҳа объектлари – таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари юртдошларимиз ихтиёрига топширилди.
477 километр масофадаги автомобил йўллари барпо этилди ва таъмирланди.

Қисқа муддатларда 1 935 та намунавий лойиҳалар асосида арзон ва бежирим уй-жойлар қуриб берилган бўлса, кўпчилик учун ушалмас орзу бўлиб туюлган 37 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлар Муҳтарам Юртбошимиз эътиборидан баҳраманд бўлиб, имтиёзли уй-жойларга кўчиб кирди ва ҳовли тўйларини ўтказди.

Йил якунигача яна 100 нафар шу тоифадаги фуқароларимизга уй-жой берилади.

Тинчлигимизни таъминлаб келаётган 300 нафар ички ишлар ходимлари эса шу кунгача янги уйлар ва имтиёзли кредит асосида “Матиз” русумли енгил автомашиналар сотиб олиб, иш шароитини яхшиладилар. Яқин вақтларда профилактика инспекторлари учун яна 409 та хизмат уйлари фойдаланишга топширилади. Уларга ҳам 409 дона “Матиз” русумли автомобил арзон баҳоларда имтиёзли кредитлар ҳисобидан олиб берилади.

Жорий йилда иқтисодиётимизнинг етакчи бўғинига айланган тадбиркорлик субъектлари томонидан 2834 та кичик, 557 та оилавий ва 30 та қўшма корхоналар ишга туширилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар ҳам изчил амалга оширилмоқда. Вилоятимизда 23 гектар майдонда
27 та иссиқхона ва 2973 гектар майдонда 45 та интенсив боғ-роғлар яратилди.

Дастлаб пиллачиларимиз 2760 тонна хомашё тайёрлашди, танти деҳқонларимиз жами 800 минг тонна ғалла ишлаб чиқаришди.

Деҳқон ва фермерларимиз 85 минг гектардан зиёд майдонга ғўза парваришлаб, давлатга пахта сотиш режасини Республикада биринчи бўлиб бажаришди.

Қадрли дўстлар!

Бугунги тантана иштирокчиларининг кўпчилик қисмини келажагимиз эгалари бўлган навқирон ёшлар ташкил этаётганлигини кўриб турибмиз. Албатта, ҳар томонлама камолга эришаётган ёшларимиз яратилган шарт-шароитдан унумли фойдаланиб, ўзларига билдирилган юксак ишончни оқлашмоқда. Уларнинг фан ва таълим, маданият ҳамда спорт соҳаларида қўлга киритаётган ютуқлари ҳар биримизни чексиз қувонтиради.

Жорий йилда 4 нафар ёшларимиз республика фан олимпиадасида, 12 нафар спортчи йигит-қизларимиз Осиё,
8 нафари жаҳон чемпионатлари ғолиби ҳамда совриндорлари деган юксак унвонларга сазовор бўлгани барчамиз учун қувончли ва фахрлидир.

Мўминжон Абдуллаев ва Илҳом Баҳромов спортнинг юнон-рум кураши бўйича, Нуринисо Усмонова ҳамда Тахмина Икромоваларнинг бадиий гимнастика, Муҳаммадкарим Хуррамов, Давлат Бобоновнинг дзю-до, Жаҳонгир Воҳидовнинг шахмат бўйича нуфузли халқаро мусобақаларда эришган ютуқлари нафақат вилоятимизнинг, балки мустақил юртимизнинг шон-шуҳратини янада юксакларга кўтарди.

Қадрли байрам иштирокчилари!

Албатта, бундай салмоқли ютуқ ва натижалар замирида юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик турганини эътироф этишимиз керак. Энг муҳими, Муҳтарам Юртбошимизнинг барча бўғиндаги раҳбарларни халқ билан доимий мулоқотда бўлишга, эл-юрт манфаати йўлида фидойилик кўрсатиб ишлашга чорлаётганликлари туфайли мамлакатимизда ижтимоий муҳит тубдан ўзгармоқда. Одамлар мустақил юртимиз, озод ва обод Ватанимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, ўз оилалари фаровонлигини таъминлаш учун масъулиятни янада чуқур ҳис этмоқдалар.

Қадрли юртдошлар!

Соҳаси ва эгаллаган касбидан қатъий назар, Ватан равнақи, эл манфаати йўлида қилинган фидокорона меҳнат албатта рағбат топади, давлатимиз томонидан муносиб баҳоланади.

Жорий йилда ҳар йилги анъанага мувофиқ кўп йиллик самарали меҳнати ва юрт равнақига қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ ватандошларимиз Муҳтарам Президентимизнинг фармонларига кўра Ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлдилар. Уларнинг орасида
35 нафар самарқандликларнинг ҳам борлиги барчамизни қувонтиради.

Фурсатдан фойдаланиб, давлатимизнинг юксак унвонлари, орден-медалларига сазовор бўлган юртдошларимизни Сизларнинг ва бутун вилоятимиз аҳли номидан самимий табриклаймиз!

Ишончимиз комилки, бундай эътибор барча самарқандликлар зиммасига яна бир карра юксак масъулият юклайди ва бу ишончни барчамиз бир бўлиб албатта меҳнатимиз, фидойилигимиз, ватанпарварлигимиз билан оқлаймиз!

Қадрли байрам иштирокчилари!

Мамлакатимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, юксак маънавияти, интеллектуал қобилияти ва самарали меҳнати билан барчага ибрат бўлаётган Сиз азизларни, Сизнинг тимсолингизда бутун вилоятимиз аҳлини Конституциямизнинг 25 йиллиги билан яна бир карра самимий табриклайман.

Сизларга оилавий бахт ва мустаҳкам соғлиқ тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Озод ва обод диёримизга кўз тегмасин.

Байрам муборак бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!


Охирги ўзгариш: 16/01/2018 09:48.   Кўрилганлиги: 1697
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/viloyat-hokimi-tjoraevning-ozbekiston-respublikasi-konstitutsiyasi-qabul-qilinganligining-yigirma-besh-yilligiga-bagishlangan-tantanali-tadbirdagi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 6

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.