Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.И.Жўраевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказиладиган тантанали тадбирдаги СЎЗИ

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.И.Жўраевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказиладиган тантанали тадбирдаги СЎЗИ

Ҳурматли тадбир иштирокчилари! Матбуотимиз фахрийлари, ижодкорлар, азиз меҳмонлар!


Аввало ёзнинг шукуҳли оқшомида Сизлардай таниқли, фидойи адиблар, журналистлар, матбаачилар, рассом ва ҳайкалтарошлар билан дастурхон атрофида кўришиб турганимдан ниҳоятда хурсанд эканлигимни айтиб ўтмоқчиман.

Хуш келибсиз!

Бугунги давранинг моҳияти ва шавқи бошқача. Чунки у  муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев кўрсатмалари асосида жонли мулоқот тарзида ўтказилмоқда. Тошкентдан келган таниқли адибларимиз бугун кун бўйи туманларда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказишди. Бугунги ислоҳотлар моҳияти бўйича суҳбатлардан сўнг ажойиб мушоиралар бўлди. Унда маҳаллий иқтидор эгалари ҳам ўз машқларини ўқиб беришди. Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида бўлаётган маданий-маърифий тадбир вилоят ижтимоий муҳитининг энг яхши анъаналарини намойиш этмоқда.

Қолаверса, Сиз билан биз бугун қувончли воқеанинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Танти деҳқонларимиз давлатга ғалла топшириш топшириғини ошириб бажардилар. Жорий йилда 900 минг тонна дон ишлаб чиқарилиб давлат омборларига 315 минг тоннадан зиёд сара дон топширилди.

Рухсат берасизлар, ушбу ютуқ билан даврамизда ўтирган туман ҳокимлари ва илғор ғаллакорларни чин дилдан табриклаб қўйсак.

Бугунги тадбиримиз давлатимиз раҳбарининг энг қизиқарли тадбирлар фақат пойтахтда, вилоят марказида эмас, балки бевосита қишлоқ ва маҳаллаларда бўлсин, деган талабига ҳам мос тушади. Жумладан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон ҳалқ шоирлари Хуршид Даврон, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким, таниқли адиб Маматқул Ҳазрақулов, Асад Дилмуродов, Азим Суюн, Зулфия Мўминова, Абдусаид Кўчимов ва республика нашрларининг бир гуруҳ раҳбарлари бугун Самарқанд вилояти аҳли, ижодкорлари ва ёш иқтидорлари билан самимий мулоқот қилдилар.

Бунинг учун сизларнинг номингиздан уларга раҳмат айтиб, хуш келибсизлар, деймиз.

Ушбу даврада асосан ижод аҳлининг кўплигидан фойдаланиб бир мулоҳазани айтмоқчи эдим. Давлатимиз раҳбари Президентликка сайланганиданоқ илм аҳилга, ижодкорларга жуда катта эътибор берди. Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятда буюк ижодкорлар номи билан хиёбонлар яратилмоқда. Миллий боғ ҳам адиблар ихтиёрига берилди.

Айниқса “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиш,
27-июнь куни муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакилларига йўлланган табрик, “Ўзбекистон-24” каналининг очилиши, академиклар билан мулоқот, Халқаро пресс-клубнинг ташкил этилиши бу ахборот олиш эркинлигини кенгайтириш баробарида зиёлилар обрўсини, қадрини оширишга ҳам қаратилгандир.

Азиз дўстлар!

Мен ўзим ҳам фаолиятимда ошкораликка мойил бўлганим учун Сизларга ҳавасим келиб турибди. Гап энди ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиш ва шундай ишончга муносиб бўлиб ишлашда.

Муҳтарам Юртбошимиз Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида иқтисодий-ижтимоий ривожланишнинг янги босқичида олдимизга жуда катта вазифалар қўйди.

Жумладан, 2017-2018 йилларда вилоятда пахта толасини қайта ишлаш кенгайтирилади. Яъни, ип-калава, трикотаж мато ҳамда тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида умумий қиймати 1 триллион
 200
миллиард сўм бўлган 110 та лойиҳа амалга оширилади. 

Пайариқ, Пастдарғом, Иштихон, Оқдарё, Булунғур ва Ургут туманларида илгари мавжуд бўлмаган пахтани қайта ишлаш қувватлари барпо этилади ва ип-калава ишлаб чиқарилади. Самарқанд шаҳри, Пайариқ, Оқдарё, Булунғур, Жомбой ва Ургут туманларида эса ип-калавадан газлама ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналари қурилади. Бу лойиҳаларнинг самараси ўлароқ, вилоятда ҳар йили тайёрланаётган 74 минг тонна пахта толасининг ҳозирги пайтдагидек 15 минг тоннаси эмас, 2019 йилга бориб, 70 минг тоннадан зиёди ёки 92 фоизи шу ернинг ўзида қайта ишланади.

Шунингдек, вилоятда тери хом ашёсини тайёрлаш ва қайта ишлаш, болалар ва катталар учун пойабзал ишлаб чиқариш мақсадида
40 миллиард сўмлик 38 та лойиҳа амалга оширилади. Масалан, Каттақўрғон шаҳрида
 12 миллиард сўм маблағ йўналтирилган ҳолда йилига 78 миллион квадрат дециметр терини бирламчи қайта ишловчи корхона ташкил этилмоқда. Мазкур корхона вилоятда етиштириладиган 100 фоиз терини қайта ишлайди ва қўшни туманларда ташкил этиладиган терини қайта ишлаш ва пойабзал ишлаб чиқарувчи корхоналарга тўғридан-тўғри етказиб беради.

Ҳурматли тадбир қатнашчилари!

Қурилиш-бунёдкорлик соҳасида
1 триллион 452 миллиард сўмлик 163 лойиҳа бажарилади. Натижада 21 миллион долларлик қурилиш материаллари импорти деярли тўхтатилади ва 17 турдаги янги, замонавий қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бу соҳанинг изчил ривожи натижасида 4 минг
159 та иш
ўрнияратилади.

Самарқандга хос яна бир муҳим соҳа – туризмни ривожлантириш, сайёҳлик хизмати кўрсатиш сифатини ошириш ва ушбу йўналишларни кенгайтириш мақсадида
2100 ўринли 40 меҳмонхона ва кемпинг, иккита гипермаркет, 6 та аквапарк, истироҳат боғи ва аттракционлар, чет эллик сайёҳларга хизмат кўрсатувчи 6 та ресторан қурилади.

Самарқанд шаҳридаги "Алпомиш" масъулияти чекланган жамиятининг бўш турган 15 гектар майдонида махсус ихтисослаштирилган туризм шаҳарчаси бунёд этилади.

Бизни қувонтирадиган жиҳати шундаки, ана шундай улуғвор вазифаларни амалга оширишда қалам аҳли, хусусан журналистлар ҳам фаол қатнашмоқдалар. Барча оммавий ахборот воситаларида Ҳаракатлар стратегиясида, йил дастурида белгиланган лойиҳалар ҳақида аҳолига ахборотлар берилмоқда. Уларнинг ижроси бўйича ҳам таҳлилий мақола ва кўрсатувлар берилаяпти. Ёзувчилар, рассомлар ҳам турли сиёсий тадбирларда қатнашиб, аҳоли ўртасида тарғибот олиб бормоқдалар. Бунинг учун мен уларга миннатдорлик билдираман.

Ижод аҳли доимо ҳаётнинг қайноқ жабҳасида, одамлар орасида бўлади. Улар доимо Ватан ва эл дарди билан яшайди. Улар ўз асарлари билан одамлар маънавиятини ошириш баробарида уларни ҳамиша ижтимоий фаол бўлишга ундайдилар.

Ана шундай эзгу, шарафли ишда барчангизга янгидан янги ютуқлар, соғлиқ ва аъло кайфият, ижодий жўшқинлик тилайман. Ғаллакорларни эса катта меҳнат ғалабаси билан яна бир бор муборакбод этаман!

Халқимизда рағбат янги марраларга чорлайди, деган гап бор. Биз ҳам шу қоидага амал қилиб вилоят халқ хўжалиги йўналишларидаги ўзгаришларни ёритишда фаоллик кўрсатган қалам аҳли вакилларини, матбаачи ва почта ходимларини, шунингдек мўйқалам соҳибларини эътироф этмоқчимиз.



Охирги ўзгариш: 06/12/2017 20:58.   Кўрилганлиги: 2307
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/viloyat-hokimi-tijuraevning-ozbekiston-respublikasi-mustaqilligining-26-yilligi-munosabati-fidoying-bolgaymiz-seni-ozbekiston-shiori-ostida-otkaziladigan-tantanali-tadbirdagi-sozi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 15

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.