Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Вилоят ҳокими Т.И.Жўраевнинг Самарқанд шаҳрида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкалининг очилишига бағишланган тадбирдаги СЎЗИ

Вилоят ҳокими Т.И.Жўраевнинг Самарқанд шаҳрида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкалининг очилишига бағишланган тадбирдаги СЎЗИ


Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар!

Қадрли ижод аҳли!

Азиз ёшлар!

Самарқанд қадим-қадимдан кўплаб азиз-авлиёлар, мутафаккирлар ва даҳолар, буюк давлат ва сиёсат арбоблари, саркарда ва халқ қаҳрамонларига бешик бўлган юртдир.

Бу шаҳар жаҳон цивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшган. Шу боис бу қадим кент ер юзининг сайқали, санъат, маданият ва илм-маърифат бешиги, дея таъриф олган.

Шу заминда комиллик даражасига етган буюк инсонлар сирасига буюк мутафаккир бобомиз, шеърият мулкининг султони, давлат ва сиёсат арбоби Низомиддин Мир Алишер Навоий ва тожик халқининг севимли фарзанди, буюк шоир ва суфий Мавлоно Абдураҳмон Жомий ҳазратлари ҳам киради.

Ўрта асрлар Марказий Осиё миллий юксалишининг икки йирик даҳоси Жомий ва Навоийнинг катта маданий, адабий жараён шаклланувидаги фаолияти, илмий-адабий ҳамкорликлари ҳақида сўз борганда, киши кўз ўнгида инсоний фазилатлардан саналган вафо ва садоқат тимсоллари намоён бўлади.

Ўз даврининг етук сиёсатдонлари, мутафаккир алломалари, файласуф донишмандлари ва дилбар шоирлари бўлмиш бу икки беназир инсонни улардаги юксак салоҳият бирлаштириб турар эди.

Қаламлари қудрати сири ҳам уларнинг қалбидаги маърифат зиёси, ғоят гўзал ички маданияти билан боғлиқ эди. Уларни бир-бирига тортиб турувчи куч нафақат адабий ҳамкорлик, балки комил ихлос, покликка садоқат, инсонга нисбатан меҳр-оқибат, нафосатга муҳаббат ва назокатли табиат эди.

Бу икки мутафаккир дунёқарашларининг яна бир умумий нуқтаси борки, у ҳам бўлса ёшлигидан тақдирлари боғланган шаҳар – Самарқандга бўлган умумий муҳаббатидир.

Алишер Навоий эса бу шаҳарни қиблаи муборакка қиёслаган:

Самарқанд сайқали рўи заминдур,

У меҳрим қибласи – жонга яқиндур.

Абдураҳмон Жомий эса бу шаҳар таърифида шундай деган:

Агар бойликни кўрмоқчи бўлсанг, Ҳиндистонга бор,

Агар покизаликни кўрмоқчи бўлсанг, Маккага бор,

Агар иккаласини ҳам топмоқчи бўлсанг, Самарқадда қол.

Масаланинг бундан ҳам муҳимроқ бир жиҳати бор. Бу икки даҳо Самарқандга толиби илм сифатида келишди, сафар ниҳоясида эса Абдураҳмон Жомий йирик суфий, Алишер Навоий эса мутасаввиф сифатида Ҳиротга қайтишди.

Неча-неча асрлар ўтса ҳам улар қолдирган бой мерос, алломаларнинг ибратли ҳаёт йўли ўзининг бебаҳолигини, беқиёслигини йўқотгани йўқ. Ҳар икки алломанинг адабий мероси ва фаолияти халқларимиз ўртасидаги дўсту биродарликнинг мустаҳкам риштаси сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Бугунги сизу биз иштирок этаётган ушбу тадбир, ишонаманки, тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилади. Негаки ушбу айёмтом маънода адабиёт, маърифат байрами, дўстлик ва тинчлик шодиёнаси эканини фахр билан таъкидламоқчиман.

Кўриб турганингиздек,Самарқанднинг қоқ марказидаги ушбу боғда жуда қисқа фурсатларда ўзбек ва тожик адабиётининг буюк намояндалари АлишерНавоий ва Абдураҳмон Жомийнинг ҳайкали ўрнатилиб, атрофи обод этилди.

Яхши биласиз, икки улуғ мутафаккир ҳайкали илгари шаҳардаги “Афросиёб” меҳмонхонаси ёнида, лўндасини айтганда, кўримсиз ва номуносиб жойда эди. Ке­йинчалик ҳайкал у ердан кўчирилди. Шаҳар жамоатчилиги, зиёлилар ва ижодкорларнинг таклифи билан ҳайкал учун мана шу жой танланди.

Бу маскан танланиши бежиз эмас ва бу тўғри танлов, деб ўйлайман. Чунки, ҳайкал ўрнатиладиган маскан Абдураҳмон Жомий кўчаси ёнида экани, Алишер Навоий номи билан аталадиган истироҳат боғи ҳудудида жойлашгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Қолаверса, форс-тожик адабиётининг яна бир йирик вакили Абу Абдулло Рудакий ҳайкали ўрнатилган майдон ҳам ушбу истироҳат боғига туташиб кетган. Демак, бу маскан яхлит мажмуа сифатида адабиёт боғига, ўзбек ва тожик халқларининг дўстлиги рамзига айлангани билан аҳамиятлидир.

Истироҳат боғининг Амир Темур ва Абдураҳмон Жомий кўчалари чорраҳасида ўрнатилган ушбу ҳайкал атрофида фавворалар, орқа томонида бир неча устунли равоқ бунёд этилди. Майдон атрофи ободонлаштирилди.

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий темурийлар даври миллий юксалишининг бетимсол йўлчи юлдузлари бўлган. Рамзий маънодаги бу юлдузларни бир-бирига Самарқанд бирлаштирган.

Буни қарангки, Самарқанд учун ўша даврда Навоий ва Жомий ниҳоятда керак бўлган экан, аниқроқ айтганда, улар учун ҳам Самарқанд муҳитидаги таълим катта ҳаётий эҳтиёж бўлган.

Улар балки ўзлари билмаган ҳолда ташрифлари билан Самарқанд тарихини юксалтирган эди. Самарқанд эса бу икки буюк даҳонинг ташрифини ҳалигача унутгани йўқ, аксинча, улуғ алломалар ҳурмати асрдан-асрга ўтиб қадрланиб  бормоқда.

Устоз-шогирд – икки дўст – буюк мутафаккирларнинг ҳайкали ўрнатилган ушбу муҳташам маскан, ишонамизки, ёшларнинг энг севимли жойларига айланади.

Икки халқнинг биродарлиги, дўстлиги рамзига айланган икки даҳодан ёш авлод яна минг йиллар зиё олади, маърифат олади, ибрат олади.

Бугунги маърифат айёми барчангизга муборак бўлсин, азизлар!

Эътиборингиз учун раҳмат!

 

Самарқанд шаҳри, Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи

 

2018 йил,7 март соат 11-00

 


Охирги ўзгариш: 08/03/2018 17:11.   Кўрилганлиги: 301
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/viloyat-hokimi-tijoraevning-samarqand-shahrida-alisher-navoiy-va-abdurahmon-jomiy-haykalining-ochilishiga-bagishlangan-tadbirdagi-sozi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 14

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг