Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги байрамида сўзлаган нутқи

Вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги байрамида сўзлаган нутқи

Вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги байрамида сўзлаган

Н У Т Қ И

 

Ассалому алайкум, тантанали байрам иштирокчилари!

Қадрли меҳмонлар!

Авваламбор Сизларни, Сизлар орқали вилоятимиз барча аҳлини энг улуғ, энг азиз байрамимиз – давлатимиз мустақиллиги куни билан чин кўнгилдан табриклайман.

Бу йилги байрам «Шарқ тароналари халқаро мусиқа фестивали тантаналарига уланиб кетди. Фестивалда давлатимиз раҳбарининг нутқ сўзлаши, қадимий юртимиз ва унинг маърифатли халқи шаънига айтган илиқ сўзлари бугун қалбимизга ғурур бағишламоқда.

Бугунги байрамнинг биз учун аҳамияти шундаки, Президентимизнинг фармонига кўра «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ҳасан Норбекович Нормуродовга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилди. Бугун эса шахсан Шавкат Миромоновичнинг ўзи Ҳасан аканинг кўкрагига «Олтин юлдуз» нишонини тақиб қўйди.

Вилоятимиз, умуман мамлакат жамоатчилиги Ҳасан Нормуродовга олий мукофотнинг берилишини жуда муносиб ва адолатли иш деб баҳоламоқда. Қолаверса, бу унвон давлатимиз раҳбарининг вилоятимиз салоҳиятига, ижтимоий муҳитига эътибори ва эътирофидир. Биз бундан чексиз фахрланамиз.

Фидокорона меҳнат, юртга садоқат бизда албатта рағбат топиши бошқаларни ҳам Ватан равнақи, халқ саодати йўлида жонбозлик кўрсатишга ундамоқда.

Қадрли юртдошлар!

Мамлакатимиздаги бунёдкорлик, жўшқин-ликнинг асосий сабаби бу – энг аввало мустақиллик берган ҳуқуқ ва эркинликлар ҳамда халқпарвар юртбошимиз томонидан барча соҳаларда амалга оширилаётган оқилона ислоҳотлар самарасидир.

Айниқса фуқаролар ижтимоий ҳимояси, маънавият, маданият, фан ва таълим соҳасидаги катта ўзгаришлар ҳаётимизга ўзгача жўшқинлик бағишламоқда. Мисол учун, Ҳасан Норбековичга берилган унвон ҳам аввало муаллимлар, зиёлилар фаолиятига берилган юксак баҳодир. Мактаб обрўси, ўқитувчи қадрини ошириш, таълим-тарбияни кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар Ўзбекистонда янги, замонавий авлод шаклланишига замин яратмоқда.

Мисол учун шу йилнинг ўзида вилоятимизда турли манбалар ҳисобидан 540 ўринли янги мактаб қурилди, 10.992 ўринга мўлжалланган 34 та мактаб реконструкция қилинди, 14 та мактаб мукаммал таъмирланди. Насиб этса, уларда 4 сентябрь куни янги ўқув йили бошланади.

Мактаблар фаолиятига жамоатчиликни жалб этиш учун кўп ишлар қилиняпти. Қисқа муддатда 100 дан ортиқ мактабларда иситиш тизимлари таъмирланди.

Бугун вилоятимизда болаларни мактабгача тарбия муассасаларига қамраб олиш борасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.                         Йил бошидан буён вилоят бўйича 931 та давлат, давлат хусусий, нодавлат ва оилавий шаклдаги болалар боғчалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қишлоқларда 500 дан зиёд уй-боғчалари очилди. Натижада болаларни боғчаларга қамраб олиш даражаси 35,7 % га етди. Йил охиригача қишлоқ ва шаҳарларда яна  50225 нафар бола қабул қилиш қувватига эга 604 та боғчалар фаолиятини бошлайди. Шундан 109 та давлат-хусусий шерикчилик асосида, 453 та оилавий шаклдаги ва 42 та нодавлат МТМлар очилади. Шу тариқа болаларни боғчаларга қамрови 51,6 фоизга етказилади.

Вилоятимизда ёшларнинг илм олиши учун мисли кўрилмаган даражада имкониятлар яратилмоқда.

Биргина шу йилнинг ўзида Тошкент иқтисодиёт университети ва аграр университетининг, шунингдек, Россия жисмоний тарбия, спорт ва туризм университетларининг Самарқанд филиаллари очилди.

Бу олийгоҳларда ва умуман барча туманларда Президентнинг ёшлар интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш бўйича Беш ғояси изчил амалга оширилмоқда.

Қадрли юртдошлар!

Гап ижтимоий ривожланиш устида борар экан, мен аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасида катта лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Жорий йилда вилоятимиз аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида Республика бюджетининг барча манбалари ҳисобидан жами 156,4 миллиард сўм ва ҳорижий кредит маблағлари ҳисобидан 85,4 миллион АҚШ доллари эвазига 262 тадан ортиқ объектларда 985 километр узунликдаги ичимлик суви ва оқова тармоқлари қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Шунинг 876,3 километри ичимлик суви тармоқларидир.

Самарқанд шаҳрини тоза ичимлик суви билан таъминловчи янги, замонавий насос станцияси ўрнатилди.

2019 йилнинг шу даврида 256,1 млрд.сўмлик 754,3 км йўл қурилиш ишлари бажарилди. Шундан, 112,3 км ички хўжаликлараро йўллар ва 37,2 км шаҳар ички кўчалари таъмирланди. 

Жорий йил якунига қадар 367,1 млрд.сўмлик 1038,8 км йўл қурилиш ишлари бажарилади.

Қишлоқ хўжалиги ҳам бу йил баракали келиб, барча соҳада ҳосилдорлик ошиб, экспорт ҳажми кўпаймоқда. Шу ўринда мен тармоқда фидойилик кўрсатаётган бободеҳқонларга, фермерларга, механизатор ва агрономларга, томорқа ер эгаларига, қайта ишловчиларга байрам муносабати билан чин кўнгилдан раҳмат айтмоқчиман.

Азиз биродарлар!

Самарқанд қадимдан ўз маърифати, бунёдкорлиги, илмий салоҳияти билан дунёга ном таратган. Мустақиллик даврида, хусусан кейинги йилларда бу шуҳратнинг тикланиб бораётгани барчамизга ғурур бағишлайди.

Айниқса Имом ал-Бухорий мажмуаси, умуман Хартанг қишлоғининг янги қиёфаси бутун жаҳон аҳлида ҳавас уйғотмоқда. Бу ерда қисқа муддатда мухтарам Президентимиз ташаббуси ва фидойилиги натижасида ҳадисшунослик олий мактаби, ислом илмий-тадқиқотлар маркази очилди. Имом ал-Бухорий мақбараси таъмирлана бошлади. Хартанг қишлоғида шарқона услубда уй-жой ва кўп қаватли меҳмонхоналар, шунингдек беш минг кишилик масжид қурилиши режалаштирилган.

Х аср алломаларидан бири Абу Тоҳир Хожа «Агар бойлик истасанг, Ҳиндистонга бор, агар илм истасанг, Маккага бор, агар ҳар иккаласини истасанг, Самарқандга бор», деб бежиз айтмаган. Биз ана шундай улуғ заминда яшаётганимиз билан фахрланамиз. Бу ғурур-ифтихор бизга янги марраларни забт этишда доимо қўллаб туради.

Сўзимнинг якунида ана шундай эзгу ниятлар билан ислоҳотларни амалга оширишда фаол  иштирок  этаётган, ҳаётий тажрибасини ишга солиб, жамоатчиликка ибрат кўрсатаётган нуроний отахону онахонларимизга,  маҳалла оқсоқоллари ва фаолларига ушбу даврада ўтирган фидойи инсонларга қўлимни кўксимга қўйиб миннатдорлик билдирмоқчиман,  раҳмат Сизларга!

Жонажон Ватанимиз мустақиллигига кўз тегмасин!

Байрамингиз муборак бўлсин, азизлар!

Эътиборингиз учун раҳмат!

 

 

Самарқанд шаҳри,

«Мўъжиза» амфитеатри.

31 август, 2019 йил.


Охирги ўзгариш: 06/09/2019 19:25.   Кўрилганлиги: 61
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/viloyat-hokimi-eturdimovning-ozbekiston-respublikasi-mustaqilligining-28-yilligi-bayramida-sozlagan

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 1

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг