Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд вилояти ҳокими Ҳ.Оқбўтаевнинг 8 Март – Хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали тадбирдаги ТАБРИК СЎЗИ

Самарқанд вилояти ҳокими Ҳ.Оқбўтаевнинг 8 Март – Хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали тадбирдаги ТАБРИК СЎЗИ


Ассалому алайкум муҳтарама онахонлар, азиз опа-сингиллар!


Ушбу муҳташам залимизга кўрку латофат бағишлаб ташриф буюрган, хонадонларимизга файзу барака, ҳаётимизга меҳру муҳаббат улашиб келаётган азиз аёллар!

Барча-барчангизни ёшлик ва яшариш, гўзаллик тимсоли бўлган баҳорнинг биринчи кунларида нишонланаётган қутлуғ байрам — Халқаро Хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсизлар!

Албатта, аёлларимизнинг ушбу гўзал айёми бугун бутун дунёда кенг нишонланмоқда.

Аммо Шарқнинг бебаҳо анъаналарига мос равишда юртимизда меҳри дарё оналаримиз, севимли аҳли аёлларимиз, азиз опа-сингилларимизнинг бу байрами қадимий урф-одатларимиз, баҳор байрамлари билан уйғунлашиб, ўзгача тароват касб этган.

Шарқона иззат-икром билан тилга олинадиган ўзбек аёлининг муқаддас сиймоси Барчиной ва Тўмарислар, Бибихоним ва Нодирабегимлар, Увайсий ва Зулфияхонимлар тимсолида янада улуғворлик касб этади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, истиқлол йилларида биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аёлларимизни қадрлаш, хотин-қизларга имтиёзлар яратиш, жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида диққатга сазовор ишлар амалга оширилди.

Айниқса, истиқолимизнинг ҳар бир йилига берилган номларда аёлларимизнинг ҳаёти ва манфаатлари мужассамлашди.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан иқтидорли қизларимиз учун Зулфияхоним номидаги давлат мукофоти таъсис этилди.

Ишлаб чиқаришда, тадбиркорликда ва касаначиликда аёлларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар, имтиёзлар уларнинг жамият ҳаётида муносиб ўрин топишига имконият яратмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларда депутатларнинг 30 фоизи Хотин-қизларни ташкил этиши белгиланди.

Бугун ҳам юртимизда хотин-қизларнинг сиёсий ва ҳуқуқий савияси, фаоллиги тобора юксалиб бораётганини яққол кузатиш мумкин.

Хусусан, бугун вилоятимиздан 3 нафар аёлларимиз Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари саналади.

Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида 149 нафар опа-сингилларимиз фаол иш олиб бормоқдалар.

Хотин-қизларимизни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб этиш, бу борада уларни фаол қўллаб-қувватлаш борасида давлатимизнинг алоҳида эътибор ва имтиёзлари туфайли тадбиркор аёлларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Бугун янги корхона ташкил этиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларимиз сони 3800 нафарга етди.

Айниқса, 2 мингдан ортиқ тадбиркор аёлларимизга 132 млрд, коллежларни битирган 622 нафар қизларимизга 9,5 млрд. имтиёзли кредит берилгани ҳам хотин-қизларимизга бўлган давлат миқёсидаги алоҳида ғамхўрлик намунасидир.

Бугун вилоятимизда 1 млн 800 минг нафар хотин-қизлар истиқомат қилмоқда.

Уларни иш билан таъминлаш борасидаги изчил ислоҳотлар натижасида саноат ва хизмат кўрсатишда 8500 та янги иш ўринлари яратилди.

Бугун ҳам вилоятдаги 100 дан зиёд ташкилотларни аёлларимиз бошқараяпти. 173 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида масъул лавозимларда фаолият кўрсатмоқда.

3800 нафар опа-сингилларимиз шифокор, 23 минг 800 нафари ўрта тиббий ходим вазифасида эл-юрт саломатлиги йўлида меҳнат қилмоқда

Оммавий ахборот воситаларида 150 нафар хотин-қизлар, жумладан, 7 нафари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ижод қилмоқда.

Аёлларимиз саломатлигини яхшилашда спортнинг ўрни беқиёс. Шу маънода бугун вилоятда 71минг нафар хотин-қизларимиз спортнинг 55 тури билан доимий шуғулланаётгани алоҳида таҳсинга лойиқдир.

Спорт-соғломлаштириш борасидаги ибратли ишлар хотин-қизларимизнинг Халқаро ареналарида эришаётган ютуқларида яққол намоён бўлмоқда.

Жумладан, самарқандлик хотин-қизларимиз Халқаро мусобақаларда жами 57 та, Республикада 258 та медалларни қўлга киритишди.

2016 йил Рио-де-Жанейродаги Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон аёллари тарихида биринчи марта Халқаро спорт мусобақалари ғолиби, Самарқанд давлат университети талабаси Ёдгора Мирзаева муносиб иштирок этди.

Россиянинг Сочи шаҳрида ўсмирлар ўртасида шахмат бўйича ўтказилган Жахон чемпионатида
42-умумтаълим мактаби ўқувчиси Афруза Хамдамова олтин медал билан Жаҳон чемпиони, деган юксак унвонни қўлга киритди.

АЗИЗ ОПА-СИНГИЛЛАР!

Муҳтарам Юртбошимиз 2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилар экан, аввало ҳар бир хонадон, ҳар бир оиланинг муаммоларини, айниқса, унинг дарду ташвиши билан яшаётган аёлларимиз манфаатини ҳимоя этишни устивор вазифа этиб белгиладилар.

Оилалардаги муаммоларни ҳал этишда эса хотин-қизларимизнинг нақадар фидойи ва масъул эканлигини ҳисобга олиб, Президентимиз бу нозик ва ўта масъулиятли масалада ҳам Сиз азизларнинг салоҳиятингизга, меҳнат ва имкониятларингизга умид боғлади, десак хато бўлмайди.

Ўз навбатида вилоят ҳокимлиги томонидан ҳам Давлат дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

2017 йилда юзлаб оилалар учун арзонлаштирилган уй-жойлар, мактабгача таълим муассасалари, спорт иншоотлари, намунали маҳалла марказлари ва истироҳат боғлари, кўптармоқли поликлинкалар барпо этилади.

Қишлоқ шифохоналари энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади.

Умуман, бугун Муҳтарам Юртбошимиз томонидан барча соҳаларда, ҳуқуқ тартибот, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва спорт, маҳалла, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва коммунал соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган мақсад битта – халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, пировард натижада одамларимизни рози қилишдан иборат.

Ўз навбатида буларнинг барчаси ўз хонадони, оиласи учун масъул бўлган аёлларимизнинг оғирини енгил қилишига, муаммоларини ижобий ҳал этилишига замин яратади.

ҲУРМАТЛИ БАЙРАМ ИШТИРОКЧИЛАРИ!

Муҳтарам Юртбошимиз, ҳукуматимиз барча соҳаларда самарали меҳнат қилиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган азиз хотин-қизларимизнинг фидойи меҳнатларини доимо муносиб тақдирлаб келмоқда.

2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига асосан давлат мукофоти билан тақдирланган 13 нафар самарқандлик хотин-қизларимиз ҳар жиҳатдан фаоллиги билан барчага ибрат кўрсатиб келмоқда.

Шу йилнинг 4 март куни Муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўзлари бир гуруҳ хотин-қизларимизни қабул қилди ва самимий табриклади.

Улар орасида вилоятимиздан ҳам 35 нафар фаол хотин-қизларимизнинг борлиги барчамизни бирдай қувонтирди.

Самарқандда ўқиган, таълим-тарбия олиб, Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган қизларимиз сони 18 нафарга етди.

Бу йил ҳам анъанага мувофиқ ўтказилган танловда Зулфиячиларимиз орасидан Иштихон туманидаги 1-ихтисослаштирилган Давлат умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Ўроқова Дилдора Акмалжон қизи  таълим йўналишида ҳукуматимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлди.

Биз ҳам шу ўринда ўз иқтидори ва интилувчанлиги билан тенгдошларига ибрат кўрсатган қизимизни чин юракдан қутлаймиз.

Албатта, биз аёлларимизни фақат байрам кунлари эмас, доимо қадрлаймиз ва улуғлаймиз, иззат-ҳурматини жойига қўямиз.

Чунки азиз аёлларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш давлатимиз сиёсатининг устивор йўналиши сифатида барчамиз учун бирдек энг муҳим вазифа бўлиб қолаверади.

Бугун ҳам байрам муносабати билан бир гуруҳ фаол хотин-қизларимиз ўз хизмат вазифаларини аъло даражада бажараётганликлари, ижтимоий ҳаётдаги фаолликлари, соҳаларда эришаётган ютуқлари учун вилоят ҳокимлигининг «Фахрий ёрлиқлари» билан тақдирланишган.

Бу мукофотларни барча аёлларимизга, опа-сингилларимизга бўлган юксак эҳтиром сифатида қабул қиласизлар, деган умиддаман.

Сиз азизларнинг эса юртимиз равнақи йўлидаги фидокорона меҳнатингизга омад, ўзингизга соғлик-омонлик тилайман. Баҳор даракчиси бўлган гўзал байрамингиз яна бир карра қутлуғ бўлсин!

  Хонадонингиздан файзу-барака, тўкинлик сира аримасин, бахтимизга ҳамиша соғ бўлинг!

Эътиборларингиз учун катта раҳмат!



Киритилган вақти: 07/03/2017 16:02.   Кўрилганлиги: 2332
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/tabriksuzi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 9

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.