Самарқанд вилояти ҳокими З.Т.Мирзаевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тантанали байрам тадбиридаги табрик сўзи

Самарқанд шаҳри, “Мўъжиза” амфитеатри, 2013 йил 31 август

Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!

Азиз самарқандликлар!

Бугун жонажон Самарқандимиз ҳақиқий байрам оғушида. Куни кеча Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” тўққизинчи Халқаро мусиқа фестивали юқори ташкилотчилик билан ўтказилиб, ўз ниҳоясига етди. Фестивалда 52 та мамлакат ва 3 та халқаро ташкилотдан ташриф буюрган меҳмонлар Самарқандга хос бўлган меҳмоннавозлик билан кутиб олингани алоҳида таҳсинга лойиқ.

Фестивалнинг очилиш маросимида Муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов иштирок этиб, барча қатнашчиларни самимий қутлар экан, ўз сўзларида  “айни шундай тайёргарлик ишларида жонбозлик кўрсатган, ўзининг меҳмондўстлиги, ажойиб фазилатлари билан дунёда ном қозонган Самарқанд аҳлига барчангизнинг номингиздан, шахсан ўз номимдан самимий миннатдорчилик билдиришни ўзимнинг бурчим, деб биламан”,  деб билдирган эътирофлари барча самарқандикларга берилган юксак баҳо бўлди.

Муҳтарам Президентимизнинг ана шундай эътирофи барча самарқандликларни руҳлантириб, янги-янги марралар сари дадил ва шахдам қадам ташлашга ундайди.

Дарҳақиқат, тарихан қисқа вақт ичида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, таълим, маданият, уй-жой ва ишлаб чиқариш соҳаларида қўлга киритилаётган юксак муваффақиятлар барчамизда жонажон Ватанимизга нисбатан фахр ва ғурур ҳиссини янада тоширмоқда.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Бу йил байрам тантаналарига “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” деган  ягона ғояга асосланган ҳолда кенг кўламда тайёргарлик кўрилди.

Бугун вилоятимизнинг қайси шаҳар ёки туманига борманг, замонавий иншоотлар, янги уй-жойлар, йўллар, янги боғлар барпо этилаётганига гувоҳ бўласиз.

Республика раҳбариятининг топшириғи ва бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида вилоятимизнинг Ургут, Пайариқ, Иштихон, Тайлоқ, Самарқанд ва Жомбой туманларидаги йўллар таъмирланди, истироҳат боғлари янгидан бунёд этилди ва замонавий бинолар қурилиши давом этмоқда.

Айниқса, Самарқанд шаҳрида Юртбошимиз ташаббуслари билан бошланган Даҳбед кўчасини таъмирлаш ишлари тугалланди, Панжакент кўчасини таъмирлаш ва Университет хиёбони билан Садриддин Айний кўчасини боғловчи янги йўл қурилиши давом этмоқда.

Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Дастлабки муваффақият пиллачиларимизнинг  2740 тонналик  хирмонидан бошланган бўлса, кейинчалик мард ва танти деҳқонларимиз жами 701 минг 200 тонна ғалла етиштиришиб, Юртбошимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлдилар. Ўтган йилга нисбатан 55 минг тонна кўп етиштирилган ҳосилнинг  363 минг тоннаси фермер хўжаликлари ихтиёрида қолганлиги фермерлик ҳаракатининг йилдан-йилга ривожланиб бораётганидан далолат бермоқда.

Бугунги кунда 91,5 минг гектар майдонда ғўза парваришлаётган деҳқонларимиз 246 минг тонналик юксак хирмонни яратишга бел боғлаб турибдилар.

Шу шукуҳли онларда ният қилайлик: деҳқонларимиз, фермерларимиз ва барча қишлоқ хўжалиги ходимларининг омадини берсин, яратиладиган хирмонлари баракали бўлсин.

Азиз  самарқандликлар!

Вилоятимиздаги қишлоқ массивларида намунавий лойиҳалар асосида 1050 та замонавий уй-жойлар қурилиши олиб борилмоқда. Қурувчи ва йўлчиларнинг фидокорона меҳнати туфайли 107 та аҳоли пунктида ичимлик суви таъминланди, 208 та ижтимоий соҳа обеъктлари фойдаланишга топширилди. Йўл қурилишига ажратилган давлат маблағлари мустақиллик йилларида энг кўп суммани - 106,4 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Шунингдек, жами инвестициялар ҳажми 1,03 трлн сўмни, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эса  14,7 млрд сўмни ташкил этди.

Жами 65,5 млн долларлик 626 та инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 7700 та янги иш ўринлари яратилди ва 9 млрд сўмлик  маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

2011-2012 йилларда вилоятимиз бўйича 154 та касб-ҳунар коллежларини 102 та мутахассислик бўйича 60 минг нафардан зиёд ёшлар битириб, уларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, касалхона, мактаб, коллеж ва спорт иншоотларини қуриш ва таъмирлаш ишлари давом эттирилди. Байрам арафасида 64 та мактаб, 4 та “Баркамол авлод” маркази, 5 та мусиқа ва санъат мактаби, 3 та спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Ёш авлод тарбиясига, спортни ривожлантиришга давлатимиз томонидан берилаётган эътиборга жавобан вилоятимиз спортчилари 98 та олтин, 76 та кумуш ва 89 та бронза медалларини қўлга киритдилар.

Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган “Универсиада - 2013” мусобоқаларида эса  11 та олтин, 39 та кумуш ва 14 та бронза медалларини қўлга киритиб,  фахрли иккинчи ўринни эгалладилар.

Шу каби муваффақиятларни бошқа соҳалар мисолида ҳам кўплаб келтириш мумкин. Соҳаси, касби ва лавозимидан қатъий назар Ватан равнақи йўлида қилинган фидокорона меҳнат албатта рағбат топади.

Байрам арафасида 26 нафар юртдошларимиз Юртбошимизнинг Фармонлари билан Ватанимизнинг юксак унвони, орден-медаллари билан тақдирландилар. Бу унвонларни Юртбошимизнинг Самарқандликларга берилган яна бир эътибори сифатида қадрлаб, мукофот эгаларини  табриклаймиз.

Азиз Самарқандликлар!

Фурсатдан фойдаланиб, Мустақиллик байрами ва “Шарқ тароналари” тўққизинчи халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик ишларида жонбозлик кўрсатган олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, меҳнат жамоаларига, талабаларга, қурилиш, транспорт, коммунал хўжалик соҳаси вакилларига, барча ҳуқуқ-тартибот идоралари жамоасига ва вилоят ташкилотлари раҳбарларига самимий миннатдорчилик билдирамиз.

Сиздек забардаст, меҳмондўст, Ватанни севадиган инсонлар борлигидан фахрланамиз ва Сизларга сиҳат-саломатлик, ишларингизда зафарлар тилаймиз

Қадрли байрам иштирокчилари!

Сизларни, Сиз орқали барча Самарқанд аҳлини энг улуғ, энг азиз байрам билан табриклаймиз!

Юртимиз тинч, дастурхонларимиз тўкин ва осмонимиз  мусаффо бўлсин!

Эътиборларингиз учун раҳмат!  


Киритилган вақти: 31/08/2013 19:00.   Кўрилганлиги: 1008

 

Сўровнома


Сайтимиздан ўзингиз учун зарур маълумотни олдингизми?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 4

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг