
Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Қадрли байрам иштирокчилари!
Бугун юртимизга гўзаллик, яшариш ва янгиланиш тимсоли – Наврўзи олам кириб келмоқда.
Ҳар йили бу байрамни аждодларимизнинг боқий мероси, қолаверса, мустақиллик туфайли қайта туғилган бебаҳо қадрият сифатида қадрлаймиз, келишини интиқлик билан кутамиз ва умумхалқ байрами сифатида, кўтаринки кайфиятда кенг нишонлаймиз.
Дарҳақиқат, баҳорнинг илк байрами, қут-барака, мурувват каби эзгу инсоний фазилатларни ўзида мужассам этган, тун билан кун тенг бўладиган шарқона янги йил туфайли эски гиналар унутилади, яхши ниятлар қилиниб, ерга барака уруғлари қадалади.
Mаҳалла-кўй, қўни-қўшни бирлашиб, кўчалар, хиёбонларни ободонлаштириш, кўмакка муҳтoж инсoнлар ҳолидан хабар олиш, уларга бeминнат ёрдам бeриш, табаррук отахону-онахонларимизнинг дуoсини oлишдек эзгу ишларни амалга оширишга ҳаракат қиламиз.
Қадрли байрам тадбири иштирокчилари!
Бутун халқимиз, шу қаторда барча самарқандликлар ҳам янги йилда ўз олдимизга қўйган юксак вазифа ва марраларни амалга ошириш йўлида белни маҳкам боғлаб, эртанги кунга катта ишонч билан меҳнат қилмоқдалар.
Бугунги кунда жами банд аҳолининг
82 фоизини ўзида бирлаштирган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг вилоят иқтисодиётидаги улуши 77,1 фоизга етди.
Вилоятдаги жами 38 та йирик корхона, 230 та хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган
25 хил турдаги маҳсулотлар ер юзининг 10 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинмоқда.
Мамлакатимиз Президенти Муҳтарам Ислом Абдағуниевич Каримов томонидан давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ҳар доим диққат ва эътиборда бўлган аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, қишлоқ жойларида яшовчилар учун шаҳардан кам бўлмаган яшаш шароитини барпо этиш борасида амалга оширилиб бошланган ишлар ўзининг ёрқин самарасини бермоқда.
Биргина 2013 йилда қишлоқ жойларида 1050 та намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. 102 та ижтимоий соҳа объектлари, янги мактаб, спорт иншоотлари, мусиқа ва санъат мактаблари қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшиш билан бирга, фуқароларимиз онгида ўзи учун шинам ва қулай, саломатлиги учун фойдали, оиласи ва келгуси авлоди учун намуна бўладиган биноларни қолдириш имконини бермоқда.
Аҳоли саломатлиги борасида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, соғлиқни сақлаш объектларини қуриш, таъмирлаш ва сақлаш харажатларига 2013 йилда 25,4 млрд, 2014 йилда эса 29,2 млрд сўм маблағ ажратилганлиги фикримизнинг ёрқин исботидир.
Бу борадаги ютуқларимиз дунёнинг ривожланган давлатлари экспертлари, сиёсатчилари ва мутахассислари томонидан ўрганилиб, “Ўзбекистон тажрибаси” дея тан олинаётганлигидан барчамиз яхши хабардормиз.
Зиммасига эл дастурхонини тўкин қилишдек эзгу мақсадни олган, табиат инжиқликлари ва ноқулайликларига қарамасдан, юксак хирмонларни бунёд этишга бел боғлаган қишлоқ ҳўжалиги ходимлари, хусусан фермерларимизнинг машаққатли меҳнатлари ҳисобига фермерлик ҳаракати соҳанинг етакчи кучи ва таянч бўғинига айланди.
Азиз тантана иштирокчилари!
Самарқанд – азиз-авлиёлар, буюк саркардалар, олимлар, фозилу фузалолар ҳоклари қўним топган муқаддас замин.
Бу диёрда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Имом Ал-Бухорий, Махдуми Аъзам, Хўжа Аҳрори Вали каби буюк зотлар яшаб, ўзларидан шаҳарсозлик, ҳарбийлик илми, фалсафа, астрономия, тарих каби соҳаларда улкан ва бебаҳо мерос қолдиришган.
Ана шундай буюк инсонларга содиқ бўлиш, улар меросини аждодларга ўлмас қадрият сифатида етказишга бел боғлаган вилоятимиз зиёлилари бугунги кунда ўзларининг илмий изланишлари ва ғоялари билан Самарқанднинг илмий салоҳиятига юксак ҳисса қўшишмоқда.
Олий, ўрта-махсус ва халқ таълими соҳаси фидойиларининг меҳнатлари меваси ўлароқ, вилоятимиз ёшлари ўртасида 26 нафар халқаро фан олимпиадалари ғолиб ҳамда совриндорлари, 15 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиблари, 163 нафар номдор стипендиялар соҳиблари, шунингдек, 15 нафар Жаҳон чемпионлари, 20 нафардан ортиқ Осиё чемпионлари, минглаб Республика чемпионлари ўз тенгдошларига намуна бўлмоқдалар.
Азиз ватандошлар!
Бугунги тинч ва осойишта замон, мустақиллик ва Наврўз каби муқаддас байрамларимиз ўз-ўзидан қўлга киритилгани йўқ.
Бугунги дориломон кунларнинг қадрига етишда бизга ўзларининг ҳаётий тажрибалари билан йўл-йўриқ кўрсатаётган, ўз дуоларида тинч ва фаровон замонни бардавом бўлишини Яратгандан сидқидилдан сўраётган азиз отахону онахонларимизга, фахрийларимизга чуқур миннатдорчилик билдирамиз ва таъзим қиламиз.
Халқимизда “Меҳмон – уйнинг зийнати” деган нақл бор. Бунинг исботи сифатида бу йилги Наврўз байрами “Ўзбек миллий кино санъати кунлари” фестивали билан бирга нишонланаётганлиги Самарқанд халқи ва жамоатчилиги учун яна бир қувончли воқеа бўлди.
Бугун Самарқанднинг энг чекка қишлоқларигача бориб, ўзларининг сара намуналарини тақдим қилаётган Ўзбекистон санъати фидойилари юртдошларимиз қалбида ўчмас из қолдирмоқдалар, десам муболаға бўлмайди.
Айниқса, Ёқуб Аҳмедов, Хайрулла Саъдиев, Ёдгор Саъдиев, Эркин Комилов, Ражаб Адашев, Дилноза Кубаева, Лола Элтоева, Мирза Азизов, Алишер Узоқов каби санъат усталари, бир қатор таниқли ва ёш санъаткорларнинг вилоятимизга ташрифлари учун барча самарқандликлар номидан самимий миннатдорчилик билдирамиз.
Ҳурматли дўстлар!
Буюк аллома Ат-Термизийнинг “Наврўзнома” асарида “Наврўзи олам жума куни кирса, йил бўйи фаровонлик ва шодлик бўлгай, нархлар арзон ва неъматлар бисёр бўлгай, йил қут-баракали, мўл ҳосил, тўкин-сочинлик бўлади”, дейилган.
Бу йил Наврўз ана шундай қутлуғ кунларга тўғри келмоқда.
Самарқанд халқининг шижоатли ёшлари, яратувчан зиёлилари, мард ва танти деҳқонлари, саноатчи ва тадбиркорларининг ғайратига ишонган ҳолда бошланаётган йилда ҳам олдимизга қўйган юксак марраларни эгаллашни ният қилганмиз.
Азиз тантана қатнашчилари, қадрли меҳмонлар!
Ана шундай дуолар мустажоб бўладиган улуғ кунларда Сизларни, Сизнинг тимсолингизда бутун вилоятимиз аҳлини Наврўз байрами билан самимий муборакбод этамиз.
Бошланаётган “Соғлом бола йили” хурсандчиликларга, қувончли воқеаларга бой бўлсин.
Юртимиз янада oбoд ва фарoвoн бўлсин.
Наврўзи oлам барчамизга мубoрак бўлсин!
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 3
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.