
Самарқанд шаҳри, Концерт зали, 2015 йил, 1 декабрь, соат 11:00
Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Қадрли самарқандликлар, байрам иштирокчилари!
Мамлакатимиз тараққиётининг мустаҳкам пойдевори, барчамиз учун муқаддас саналган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бугунги кунда ҳар биримиз учун фахр-ифтихор ва юксак ғурур билан нишонланадиган айёмга айланган.
Бош Қомусимиз юртимизда озод демократик жамият барпо этишнинг, кенг кўламли ислоҳотларнинг мустаҳкам қонуний асоси, озод ва эркин ҳаётимизнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда ер шарининг кўплаб минтақаларида, ҳатто энг ривожланган давлатларда ҳам сиёсий парокандалик, ўзаро зиддиятлар юз бераётгани, бундай нотинчликлар иқтисодий инқирозларга олиб келиб, инсонларнинг эртанги кунга бўлган ишончини сўндираётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Одамлар азиз жонини омон сақлаш учун ўзга юртлардан бошпана излашга мажбур бўлаётгани барчамизнинг бугунги тинч замоннинг қадрига етиш билан бирга, уни янада қадрлашга ундамоқда.
Ана шундай таҳликали шароитда Муҳтарам Юртбошимиз олиб бораётган оқилона, тинчликпарвар сиёсат туфайли Ўзбекистонимиз тинч, ҳар бир фуқаронинг эрки ва ҳуқуқи кафолатланган.
Эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишонч туфайли тадбиркор ва ишбилармонлар сафи кундан кунга кенгайиб бормоқда.
Юртимизнинг қайси гўшасига ташриф буюрманг, бунёдкорлик, яратувчанлик намуналарини кўрасиз.
Биргина жорий йилда вилоятимизда 7 та мактаб янгитдан қурилди, 50 тадан ортиғи реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди.
16 та касб-ҳунар коллежи, 9 та соғлиқни сақлаш объектлари реконструкция қилинган бўлса, мусиқа ва санъат мактаби ҳамда сузиш ҳавзаси сони яна биттадан кўпайди.
Мустақиллик йилларида биринчи марта бир йилда 40 та спорт заллари қурилиб, фойдаланишга топширилгани ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан соғлом вояга етиши учун яратилган яна бир имконият бўлди.
Ўзбекистоннинг бахтли ўғил-қизлари, келажагимиз эгалари бўлган ёшлар нафақат сифатли таълим, балки муносиб турмуш шароитларига ҳам эга бўлмоқдалар.
2015 йилда вилоятимизнинг учта туманида 192 та ёш оила уй-жойига эга бўлгани билан эсда қолаётган бўлса, Пайариқ тумани, Каттақўрғон ҳамда Самарқанд шаҳарларида қурилаётган кўпқаватли “Камолот” уйларида яна 144 та оила ўз хонадонларига эга бўлишади.
Аҳолининг маданий хордиқ олишлари учун
вилоятда 4 та маданият ва истироҳат боғи, 12 та маданият ва аҳоли дам олиш
маскани бунёд этилди.
62 та қишлоқ аҳоли пунктида ичимлик сув тармоқлари
барпо этилиши натижасида
35 мингдан зиёд аҳоли сифатли ичимлик суви билан таъминланди.
Вилоятда биргина жорий йилда 1700 та кичик, 190 та оилавий корхона янгитдан ташкил этилди. Саноат йўналишида қарийб 300 млрд сўмлик 400 та лойиҳа амалга оширилди.
Ўзбекистонда бизнес юритишнинг келажагига бўлган ишонч туфайли хорижлик ҳамкорларимиз 18 тага ошиб, жами қўшма корхоналар сони 257 тага етди.
Вилоятда ишлаб чиқарилаётган 28 турдан зиёд маҳсулотлар бугунги кунда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатларига экспорт қилинаётгани юқоридаги фикримизнинг ёрқин далилидир.
Қишлоқ хўжалигида эришилаётган натижалар йилдан йилга барчамизни хурсанд қилмоқда.
Деҳқон ва фермерларимизнинг омилкорлиги ва фидойилиги туфайли давлатга юқори сифатли пилла, кейинчалик ғалла ва пахта хомашёси етказиб бериш режалари муваффақиятли бажарилиб, деҳқонларимизнинг юзлари ёруғ бўлди.
Самарқандлик деҳқон ва фермерлар ҳам пахта, ҳам ғалла етиштириш бўйича Муҳтарам Президентимизнинг табрикларига сазовор бўлдилар.
Барча соҳада қўлга киритилган иқтисодий кўрсаткичлар самараси ўлароқ жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 80 мингдан кўпроқ иш ўринлари яратилиб, унинг асосий қисми хотин-қизлар ва ёшлар учун яратилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Тугалланиб бораётган йилда “Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивали муваффақиятли ўтказилди.
20 дан зиёд халқаро конференция, 75 та Республика аҳамиятидаги конференциялар юқори уюшқоқлик билан ўтказилди.
Қадрли самарқандликлар!
Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Конституциямиз – Асосий Қонунимиз қабул қилиниши билан биз Ўзбекистон келажагини, янгидан барпо этилаётган давлатимизнинг чуқур мазмуни, маъно ва моҳиятини, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар ва маънавий тараққиётнинг, юртимиз қиёфасини, унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини тубдан ўзгартириб юборган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг пировард мақсадларини аниқ-равшан белгилаб олдик”.
Айнан Конституция берган имкониятлар туфайли мамлакатимизда фуқаролик жамияти жадал ривожланмоқда. Ҳуқуқий, ижтимоий соҳаларда ташаббускорлик, жўшқинлик юзага келди.
Ҳеч шубҳасиз, эришилаётган бундай ютуқларда нафақат ёшлар, балки давраларимизнинг кўрки, хонадонларимиз файзи ва фариштаси бўлган отахону онахонларимизнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор.
Уларнинг дуолари, барча жабҳаларда сидқидилдан қўллаб-қувватлашлари бизга жўшқинлик ва қанот бағишламоқда.
Ўз навбатида, катта ҳаёт мактабини босиб ўтган фахрийларимиз учун Республика раҳбарияти томонидан муносиб шарт-шароит яратилиб, уларга юксак эҳтиром кўрсатилмоқда.
“Кексаларни эъзозлаш йили” вилоят дастурда белгиланган вазифалар доирасидаги 1 млрд 48 млн сўм маблағ тўлиқ ўзлаштирилди.
Кексалар, ногиронлар ва ёлғизларга маиший хизмат кўрсатиш ҳажми тўрт баробарга ортди, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилиб, уларнинг 1332 нафари имтиёзли равишда соғломлаштирилди.
Таълим бераётган устозлари ишончини оқлаш, аждодларига муносиб ворис бўлишни ўзлари учун ҳам фарз, ҳам қарз деб билган ёшларимиз эришаётган муваффақият энг қувончлисидир.
Сўзимиз исботи сифатида 4 нафар ёшларимиз Президент стипендианти, 14 нафари турли номдор
стипендиантлар эканлиги,
20 нафари эса Халқаро фан
олимпиадаларида қатнашганлигини келтириш мумкин.
Спортчи-ёшларимиз Жаҳон ва Осиё мусобақаларида иштирок этиб, жами 56 та олтин, 44 та кумуш, 38 та бронза медалларини қўлга киритдилар.
Кураш бўйича Темурхон Тўраев, юнон-рум кураши
бўйича Тўрабек Тиркашев, самбо бўйича Жаҳона Туркманова, дзюдо бўйича Диёра
Келдиёровалар жаҳон чемпиони бўлишган бўлса,
11 нафар спортчиларимиз Осиё чемпионлигини қўлга киритишдилар.
Мана шундай байрам кунларида тенгдошларига ўрнак бўлаётган, юрт шаънини муносиб ҳимоя қилаётган ёшларимизни юксак эътироф этиб, уларни тарбиялаб, вояга етказган ота-оналарига, устоз ва мураббийларига ўзимизнинг миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Қадрли юртдошлар!
Жонажон диёримизда юрт равнақи ва эл фаровонлиги йўлида қилинган самарали меҳнат албатта рағбат топишига барчамиз кўп маротаба гувоҳ бўлганмиз.
Бу йил ҳам мустақиллик байрами ва бошқа касб байрамлари арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари билан мамлакатимизнинг юксак унвонларига сазовор бўлдилар.
Мукофотланганлар орасида халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилаётган 29 нафар Самарқанд вилояти вакилларининг борлиги барчамизнинг кўнглимизни фахр ва қувончга тўлдириш билан бирга, ҳаммамизга янада самарали меҳнат қилишга ва янги-янги марраларни забт этишга ундайди.
Қадрли байрам иштирокчилари!
Мамлакатимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, юксак маънавияти, интеллектуал қобилияти ва самарали меҳнати билан барчага ибрат бўлаётган Сиз, азизларни, Сизнинг тимсолингизда бутун вилоятимиз аҳлини Конституциямизнинг 23 йиллиги билан чин дилдан табриклаймиз.
Сизларга оилавий бахт ва мустаҳкам соғлик тилаймиз.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Байрамингиз муборак бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 10
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.