Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Оқбўтаевич Турдимовнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тантанали тадбирдаги СЎЗИ

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Оқбўтаевич Турдимовнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тантанали тадбирдаги СЎЗИ

Самарқанд шаҳри, “Мўъжиза” амфитеатри

2018 йил 28 август, соат 19-30

Ассалому алайкум, муҳтарам тадбиримиз иштирокчилари!

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Бугун Республикамизнинг барча жойларида бўлгани каби, вилоятимизда ҳам Ватанимиз Мустақиллигининг 27 йиллик шодиёнаси кенг нишонланмоқда.

Шу муносабат билан Сиз азизларни, Сизлар орқали бутун вилоятимиз аҳолисини энг улуғ, энг азиз байрамимиз, яъни Мустақиллик куни билан ўз номимдан, қолаверса вилоятимиз фаоллари номидан самимий муборакбод этаман.

Бугунги байрамимиз мустақиллигимизнинг 27 йиллик тўйи Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистон!” деб номланган эзгу ғоя остида кенг нишонланаётганида чуқур маъно ва ҳаётий ҳикмат мужассамдир.

Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олиниши, юртимизнинг юксак тараққиёт чўққилари сари дадил одимлаши ўз-ўзидан бўлган эмас. Бу жараёнда элини, Ватанини севадиган инсонларнинг, бағрикенг, олижаноб халқимизнинг заҳматли меҳнати борлигини фахр билан тилга оламиз.

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида озод ва обод Ватанимиз тараққиётнинг янги босқичига чиқиб, мамлакатимиз тарихида туб бурилиш даври бошланди.

Бошқа ҳудудлар каби, бизнинг вилоятимизда ҳам барча жабҳаларда юксак ривожланишлар бўлмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида давлат инвестиция дастури бўйича 22 та тиббиёт, 8 та мактабгача таълим муассасалари, 101 та мактаб, болалар мусиқа ва санъат мактаби, спорт мактаби, ёпиқ сув ҳавзаси қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Шунингдек, 33 километр халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўллар реконструкция ишлари олиб борилмоқда. 183 километр хўжаликлараро ва қишлоқ аҳоли пунктлари йўллари жорий таъмирланмоқда.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 18 та тоза ичимлик сув объекти бунёд этилди. Бунинг учун тегишли Дастурлар асосида 34,5 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Мусулмон оламида буюк муҳаддис сифатида эътироф этиладиган улуғ аллома Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг миллий ва замонавий архитектура талаблари асосида реконструкцияси олиб борилаётгани бу масканнинг яна ҳам обод бўлиши ҳамда зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шароит яратилишига хизмат қилади.

Президентимиз ташаббуси билан бу ерда умумий қиймати 116 млрд. сўмни ташкил этадиган Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилиш ишлари якунига етмоқда.

Булардан ташқари, жорий йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан умумий қиймати 4 трлн. 604 млрд. сўмга тенг жами 1294 та лойиҳа амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бундай истиқболли лойиҳалар ва янгидан барпо этилаётган иншоотлар инсон омилини улуғлаш, халқимизнинг янада фаровон ҳаёт кечиришига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир.

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

2018 йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилингани юртимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорларнинг эркин фаолият олиб боришини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш имконини бермоқда.

Мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар халқимизнинг эртага ёки яқин келажакда эмас, бугун фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган.

Бу ҳақда гапирганда вилоятимизда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, бандлигини таъминлаш масалалари доимий диққат-эътиборда эканлигини таъкидлаш лозим.

Муҳтарам Президентимизнинг халқимизнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашга қаратилган халқпарвар сиёсати натижасида кейинги йилларда вилоятимизда 2782 тадан зиёд намунавий лойиҳадаги уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Бунда ҳарбийлар, ногиронлар, уй-жойга эҳтиёжманд оилалар, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва ёш оилаларга эътибор қаратилаётганлиги инсонийликнинг юксак даражасидан далолат беради.

Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида 400 дан ортиқ ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш объектларининг фойдаланишга топширилгани ҳам халқимиз учун байрамга муносиб туҳфа бўлди.

Азиз юртдошлар!

Бугун Муҳтарам Президентимизнинг фармонларига асосан мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган 14 нафар самарқандликлар Ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлгани ҳақидаги хушхабар барчамизга мамнуният бахш этади.

Шунингдек, вилоятимизнинг бир қатор истеъдодли ёшлари, маданият ва спорт соҳаси вакиллари улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритаётганлигини фахр билан эътироф этишимиз жоиз.

Шу кунларда Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтаётган ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган спортчиларимиздан булунғурлик Мўминжон Абдуллаев юнон-рум кураши бўйича олтин медални қўлга киритганлиги, Самарқанд туманидан Шехроз Ҳакимов, Тойлоқ туманидан Зафар Усмонов ва Отамурод Раҳимовлар академик эшкак эшиш бўйича баҳсларда бронза медалига сазовор бўлганлиги бугунги байрамимизга тўёна бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, Муҳтарам Президентимиз томонидан 2019-2022 йилларга мулжалланган Самарқанд шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича берган топшириқлари асосида, ЮНЕСКО ташкилоти билан келишилган ҳолда, хитойлик меъморлар билан шаҳарни замонавий қиёфага айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Аминманки, мана шу йиллик дастур асосида Сизлар билан Самарқанд шаҳрини ҳақиқий Шарқ дурдонасига айлантирамиз.

Сиз азизларни, Сизнинг тимсолингизда бутун вилоятимиз аҳлини яна бир бор энг улуғ, энг азиз байрам – Истиқлол шодиёнаси билан табриклаб, эл-юрт равнақи, тараққаётини таъминлаш йўлидаги фидокорона фаолиятингизда муваффақият тилайман.

Дастурхонимиз тўкин-сочин бўлсин, хонадонларимиздан қут-барака аримасин!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, озод ва обод диёримизга кўз тегмасин.

Бугунги байрамииз ҳаммамизга муборак бўлсин, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Эътиборларингиз учун раҳмат!


Охирги ўзгариш: 17/09/2018 10:47.   Кўрилганлиги: 1725
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/samarqand-viloyati-hokimi-vazifasini-bajaruvchi-erkinjon-oqbotaevich-turdimovning-ozbekiston-respublikasi-mustaqilligining-27-yilligi-munosabati-bilan-otkaziladigan-tantanali-tadbirdagi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 12

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.