Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.О.Турдимовнинг халқ депутатлари Пастдарғом тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги СЎЗИ

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.О.Турдимовнинг халқ депутатлари Пастдарғом тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги СЎЗИ

Пастдарғом тумани, Жума шаҳри                                                                        2018 йил 1 август

туман ҳокимлиги катта мажлислар зали                                                             соат 13.30

 

Ассалому алайкум!

Ҳурматли сессия иштирокчилари!

Пастдарғом тумани ўзининг географик жойлашуви, аҳоли сони, иқтисодий ва инвестицион салоҳияти билан Самарқанд вилоятида алоҳида ўринга эга. Туман аҳоли сони бўйича вилоятда 3-ўринда, пахта хомашёсини ишлаб чиқариш бўйича эса етакчи ўринда туради.

Бугунги йиғилишда ҳудуднинг саноат ва инвестицион салоҳияти тўғрисида кўплаб мисоллар келтирилди. Албатта, бундай имкониятдан тўғри фойдаланиш лозим.

Мисол учун, туман ҳудудидан “Тошкент-Қарши” марказий автомобиль йўли ва темир йўл тармоғи кесиб ўтган бўлиб, бундай катта имконият барча туманларда ҳам мавжуд эмас.

Бироқ, таъкидлаш керак, Пастдарғом тумани кейинги 1-1,5 йил ичида кўпгина кўрсатгичлар бўйича орқага кетиши барчани ташвишга солмоқда. Айниқса, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни ишга тушириш масаласига эътиборсиз қаралмоқда.

Шу давр ичида 13 та кичик саноат корхоналари умуман маҳсулот ишлаб чиқармаган. Бу эса туманда тадбиркорнинг муаммосини ўрганиб, унга ёрдам берадиган бирорта ҳам масъул йўқлигидан далолат беради.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ишлар самарасиз бўлиб қолмоқда. Охирги 2 йилда тумандаги фермер хўжаликларининг кредиторлик қарзлари 22,9 млрд сўмга етган.

Кам рентабелли, унумдорлиги паст пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобига мева-сабзавот етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш ишлари талабга жавоб бермайди.

Агарда ўртача бир йилда туман бўйича 287 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилса, шундан бор-йўғи 7 фоизи саноат корхоналари томонидан қайта ишланади.

Тумандаги энг катта муаммолар бири бу ишсизликдир. Расмий маълумотга кўра бугун туманда 8 минг 270 нафар одам ишсиз ҳисобланади. Реал ҳолат эса ушбу рақамни бир неча баробар кўплигини кўрсатади. Эътибор беринг, 2017 йилда янги ташкил этилган иш ўринларидан 956 таси (19 фоизи) тугатилган.

Афсуски, бу ҳолат тумандаги бирон-бир масъулни қийнамаган, ташвишга солмаган. Тўғри, юқоридаги камчиликлар биринчи навбатда собиқ туман ҳокими С.Эргашевга тегишли бўлсада, унда ҳоким ўринбосарлари нима иш билан шуғулланишди, қани халқ вакиллари ҳисобланган депутатларнинг фаоллиги ва жонкуярлиги?!

С.Эргашевни Пастдарғом тумани ҳокими лавозимига тавсия этиш жараёнида унинг катта раҳбарлик тажрибаси, қишлоқ хўжалиги соҳасини яхши билиши, энг асосийси, туманда яшовчи кўп миллатли халқнинг турмуш шароитидан яхши хабардор эканлигига асосий эътибор қаратилган эди.

Бироқ, С.Эргашев туман ҳокими лавозимида ишлаган даврида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида зарур ўзгаришлар қила олмади, аҳолини рози қилиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасидаги ишларни тизимли ташкил эта олмади.

С.Эргашев доимий равишда қишлоқларга бориш, уйма-уй юриш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш, тадбиркорликни ривожлантириш ишларини ташкил этиш масалаларига эътиборсиз бўлди. Бунинг оқибатида туманда фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес субъектлари сони вилоятдаги энг юқори 11,5 фоизни ташкил этиб, вилоят кўрсаткичидан 5,1 бандга ортиқ.

Агар 2018 йилнинг 6 ойида хорижий сармоя иштирокидаги 59 та корхона ташкил этилган бўлса, шундан атиги 1 таси туман ҳудудида ташкил этилган.

Бугунги кунда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик 50,1 млрд. сўмни ташкил этиб, биргина ўтган ой бошига нисбатан 4,6 млрд. сўмга ошган.

Шунингдек, “Обод қишлоқ” дастури бўйича туманнинг Пахтакор ҳамда Қўшқудуқ маҳаллалари танлаб олинган, лекин бу ишлар ҳам қониқарсиз ташкил этилган.

Жумладан, 83-умумтаълим мактаби филиалини реконструкция қилиш ишлари, Қўшқудуқ маҳалласи Зарбдор қишлоғидаги ҚВП биносини мукаммал таъмирлаш ҳамда битта сув иншооти қуриш, 5 км сув тармоғи тортиш ишларида сезиларли ўзгаришлар кузатилмаяпти.

Мевали қишлоғидаги ҚВП биносини реконструкция қилиш ҳамда битта сув иншоотини реконструкция қилиш, 2,5 км сув тармоғи тортиш ишлари 30 фоизга ҳам бажарилмаган.

Ҳурматли сессия қатнашчилари!

Умуман олганда, юқорида келтирилган барча камчиликларнинг олдини олиш, уларни ўз вақтида бартараф этиш учун, энг аввало, туман ҳокимлигининг ўзида тизим ва тартиб бўлиши шарт.

Ҳокимлик ва унинг ходимлари доимо бошқалардан бир қадам олдинда, замон шиддатига мослашувчан, қатъий тартиб ва принципли, энг асосийси, бошқаларга ўрнак бўлиб, уларни ортидан эргаштира олиши керак.

Бугун туман ҳокими лавозимига номзоди тавсия этилаётган Баҳодир Садуллаев Самарқанд тумани, Каттақўрғон шаҳри ва Тойлоқ тумани ҳокими сифатида ишлаган.

Бу раҳбар, авваламбор, ишни тўғри ташкил қила олади, одамларнинг олдига ўзи боради, муаммонинг каттаю-кичиги бўлмасин, ҳар бирига масъулият билан ёндашади. Энг асосийси, одамлар билан тезда тил топиша олади.

Ўйлайманки, сиз, депутатлар ва кенг жамоатчилик бугунги йиғилишдан ўзларингизга керакли хулосаларни чиқарасизлар, янги раҳбар атрофида бирлашган ҳолда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қўйилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш йўлида самарали меҳнат қиласизлар.

Ушбу муҳим вазифаларни амалга оширишда Сизларга муваффақият ва омад тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат!


Киритилган вақти: 21/08/2018 12:08.   Кўрилганлиги: 1469
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/samarqand-viloyati-hokimi-vazifasini-bajaruvchi-eoturdimovning-xalq-deputatlari-pastdargom-tumani-kengashining-navbatdan-tashqari-sessiyasidagi-sozi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 8

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.