Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.О.Турдимовнинг халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги СЎЗИ

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.О.Турдимовнинг халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги СЎЗИ

Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчаси                                                                        2018 йил 1 август

туман ҳокимлиги катта мажлислар зали                                                             соат 17.30

Ассалому алайкум !

Ҳурматли сессия иштирокчилари !

Оқдарё Самарқанд вилоятида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ўзига хос салоҳиятга эга бўлган туманлардан бири ҳисобланади. Ҳудудда кейинги пайтларда эришилаётган салмоқли ютуқлар билан бирга саноат, инвестиция йўналишларида камчиликларга ҳам йўл қўйилмоқда. Рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни ишга тушириш масаласида ҳам эътиборсизлик кузатилмоқда.

Шу давр ичида 10 та кичик саноат корхонаси умуман маҳсулот ишлаб чиқармаган. Бу эса туманда тадбиркорнинг муаммосини ўрганиб, унга ёрдам берадиган масъул йўқлигидан далолат беради.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ишлар самарасиз бўлиб қолмоқда. Охирги 2 йилда тумандаги фермер хўжаликларининг кредиторлик қарзи 8,4 млрд сўмга етган.

Кам рентабелли, унумдорлиги паст пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобига мева-сабзавот етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш ишлари талабга жавоб бермайди.

Агарда ўртача бир йилда туман бўйича 21,3 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилса, шундан бор йўғи 5,8 фоизи саноат корхоналари томонидан қайта ишланади.

Муаммолардан бири бу ишсизликдир. Афсуски, бу ҳолат тумандаги бирон-бир масъулни ташвишга солмаган. Тўғри, бу камчиликлар биринчи навбатда собиқ туман ҳокими П.Ўсаровга тегишли бўлсада, унда ҳоким ўринбосарлари нима иш билан шуғулланди, қани халқ вакиллари ҳисобланган депутатларнинг фаоллиги ва жонкуярлиги?!

П.Усаров туман ҳокими лавозимида ишлаган даврида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида зарур ўзгаришлар қила олмади, аҳолини рози қилиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасидаги ишларни тизимли ташкил этолмади. Оқибатда туманда фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес субъектлари сони 5,6 фоизни ташкил этиб, 17 та тадбиркорлик субъекти тугатилди.

         Бугунги кунда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик 13,8 млрд. сўмни ташкил этиб, биргина ўтган ой бошига нисбатан 441 млн. сўмга ошган.

         “Обод қишлоқ” дастури бўйича туманнинг Турон, Амир Темур номли ҳамда Авазали маҳаллалари танлаб олинган, лекин бу ишлар ҳам қониқарсиз ташкил этилган.

54-умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш, 11-мактабгача таълим муассасасини мукаммал таъмирлаш, Турон маҳалласи ҳудудида сув иншоати ва сув тармоғи қурилиши ишларида сезиларли ўзгаришлар кузатилмаяпти.

Амир Темур маҳалласида 23-умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш, 23-сон мактабгача таълим муассасасини таъмирлаш, маҳалла ҳудудида сув иншоати ва сув тармоғи қурилиши ишлари ҳатто бошланмаган.

12-умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш, 75 ўринли янги мактабгача таълим муассасаси қурилиши, қишлоқда тоза ичимлик сув иншоотини қуриш ишлари бор йўғи 10 фоизга бажарилган, холос.

Ҳурматли сессия қатнашчилари!

Келтирилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш учун, энг аввало, туман ҳокимлигининг ўзида тизим ва тартиб бўлиши керак эди. Бу туман раҳбаридан бошлаб ўринбосарлару оддий ходимларгача кузатилмади.

         Бугун туман ҳокими лавозимига тавсия этилаётган раҳбар ҳам раҳбарлик мактабини ўтаган. Абилов Феруз Нематуллаевич “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ инвестицияларни жалб қилиш, инвестицион лойихаларни амалга ошириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида меҳнат қилган, тижорат банкларининг турли лавозимларида меҳнат тажрибасига эга, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари сифатида ишлаган. Ўйлаймизки, у масалага иқтисодий таҳлил асосида ёндашади, муаммонинг каттаю-кичиги бўлмасин, ҳар бирига масъулият билан ёндашади.

Энг асосийси, сиз депутатлар ва жамоатчилик бугунги йиғилишдан керакли хулоса чиқариб, янги раҳбар атрофида бирлашиб, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович томонидан қўйилган вазифалар ижросини таъминлайсиз.

Эътиборингиз учун миннатдорман!


Киритилган вақти: 21/08/2018 12:13.   Кўрилганлиги: 1558
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/samarqand-viloyati-hokimi-vazifasini-bajaruvchi-eoturdimovning-xalq-deputatlari-oqdaryo-tuman-kengashining-navbatdan-tashqari-sessiyasidagi-sozi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 9

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.