Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд вилояти ҳокими Т.И.Жўраевнинг “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида ўтказилаётган “Армия ва ёшлар” фестивалидаги СЎЗИ

Самарқанд вилояти ҳокими Т.И.Жўраевнинг “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида ўтказилаётган “Армия ва ёшлар” фестивалидаги СЎЗИ



Самарқанд шаҳри,                                                                                        2018 йил 7 январь

Амир Темур хиёбони                                                                                     соат 11.00

Ассалому алайкум, ҳурматли фестивал иштирокчилари!

Қадрли ёшлар!

Ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли ишга бахшида этган офицерлар, аскар ва сержантлар!

Озод ва обод Ўзбекистонимиздаги осуда ҳаёт, сарҳадларимиз дахлсизлиги, бунёдкор халқимизнинг осойишталигини таъминлашда ҳарбийларимизнинг хизмати ниҳоятда беқиёсдир. Шу боисдан юртимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан Қуролли Кучларни шакллантиришга катта эътибор қаратилди.

Ўтган даврда мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, унинг чегаралари дахлсизлигини таъминлаш борасида тактик ва стратегик вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган замонавий, ҳаракатчан, ҳар томонлама мукаммал қуролланган профессионал Миллий армияни ташкил этиш бўйича ишлар тизимли ва босқичма-босқич равишда амалга оширилмоқда.

Бугунги кунга келиб Қуролли Кучларнинг ташкилий-штат тузилиши ўзгартирилди, сон жиҳатдан кўп, бир-бирини такрорлайдиган, самарасиз ҳарбий бошқарув органлари ва тузилмалари қисқартирилди. Уларнинг ўрнига турли қўшинларни бошқаришнинг замонавий тизими яратилди.

Қуролли Кучларни изчил ислоҳ қилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қуролли кучларининг жанговор таркиби ва қурилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Мазкур қарорга биноан, намунали ва кўргазмали Марказий ҳарбий округ тузилди. Округнинг бошқарув аппарати Самарқанд шаҳрида жойлаштирилди. 

Марказий Ҳарбий округ томонидан Жиззах, Навоий, Самарқанд вилоятлари ҳокимликлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларидан ташкил топган Ҳарбий кенгаш ташкил этилди.

Ўтган қисқа фурсат ичида Марказий округнинг шахсий таркиби томонидан ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни жисмонан соғлом, интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида барча таълим муассасаларида, маҳалла ва корхоналарда учрашув ҳамда давра суҳбатлари уюштирилди.

Шу кунларда эса вилоятимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан биринчи марта ўтказилаётган “Армия ва ёшлар” фестивали ҳам ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни ҳарбийлар ҳаёти билан яқиндан таништириш, Қуролли Кучларимиз қудратини ўз кўзлари билан кўришида катта маъно-мазмун бор.

Фестивал доирасида ўтказилаётган спорт марафонида 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган 5000 га яқин самарқандликларнинг иштирок этаётгани тадбирга ўзгача кайфият боғишлайди ва биз ҳозир ушбу марафонни сизлар билан биргаликда томоша қиламиз.

Ҳозир эса барчамиз биргаликда Қуролли Кучларимиз фойдаланаётган ҳарбий техникаларни томоша қиламиз, ҳарбийлар учун дала шароитида яратилган шарт-шароитни ўз кўзимиз билан кўрамиз. 

Бундай тадбирлар ҳарбий санъат бобида дунё тан олган, Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари ўзига пойтахт қилган Самарқанддек муаззам шаҳарда кенг миқёсда ўтказилаётгани бежизга эмас.

Эртага – 8 январ куни мунис ва муҳтарама онахонларимизга эҳтиром рамзи сифатида Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдонида “Аскарлар оналарини шарафлаймиз” деб номланган ажойиб тадбир бўлиб ўтади.

Бундан ташқари, мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ўз йигитлик бурчини ўтаётган ҳарбийлар билан уларнинг синфдош дўстлари ўртасида видеомулоқот тарзида “Менинг ўртоғим аскар!” тадбирлари ҳам ташкил қилинади.

Азиз ёшлар!

Бугун аскар ва зобитларимиз учун Миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш – шарафли ва фахрли касбга, вояга етаётган йигитларнинг  эса ҳаётий орзусига айланган.

Ҳарбий қисмлардаги соғлом маънавий муҳит, яратиб қўйилган қулай шарт-шароит, бурчини шараф билан бажариб қайтганлар учун ўқишга кириш ва ишга жойлашишда берилаётган қатор имтиёзлар натижасида бугун ҳарбий хизматга бир пайтлардагидек мажбурий равишда эмас, аксинча, танлов ва синовлар асосида қабул қилинмоқда.

Қалбида она-Ватанига садоқати юксак бўлган, жисмоний тобланган, интеллектуал жиҳатдан баркамол бўлган йигит-қизларгина ҳарбий бўлиш бахтига муяссар бўлмоқда.

Шуни доимо ёдингизда тутинг, қадрли ёшлар: туғилиб-ўсган, ота-боболаримиз хоки ётган, бахтли-саодатли ҳаётимиз кечаётган тупроқнинг ҳар бир қаричини муқаддас деб билиб, уни ҳимоялаш, керак бўлса, бу йўлда жонимизни фидо этишга тайёр туриш энг олий мақсад ва вазифангиз бўлиши лозим.

Зеро, Ўзбекистонимиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ алломалар, олиму фузалолар, буюк саркардаларга бешик бўлган муқаддас заминдир.

Фурсатдан фойдаланиб барча ҳарбийларни, бу ерга тўпланган Сиз азизларни Ватан ҳимоячилари куни байрами билан муборакбод этамиз.

Барчангизга мустаҳкам соғлик, бахт ва омад, ўқиш ва ишларингизда мустаҳкам ирода, она-Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли ишингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Эътиборларингиз учун раҳмат!


Охирги ўзгариш: 16/01/2018 09:53.   Кўрилганлиги: 1573
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/samarqand-viloyati-hokimi-tijoraevning-milliy-armiyamiz-yoshlarning-mardlik-matonat-va-jasorat-maktabidir-shiori-ostida-otkazilayotgan-armiya-va-yoshlar-festivalidagi-sozi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 2

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.