Самарқанд вилояти ҳокими Т.И.Жўраевнинг Марказий ҳарбий округ қўшинлари “Сержантлар форуми”даги ТАБРИК НУТҚИ


Самарқанд шаҳри,                                                                                        2017 йил 24 ноябрь Самарқанд концерт зали      

Соат 10.00

 Ассалому алайкум, ҳурматли офицерлар, аскар ва сержантлар! Форум иштирокчилари!

Аввало, Ватан ҳимоясидек шарафли ишга ҳаётини бахшида этган юртимизнинг мард ўғлонлари билан кўришиб турганимдан бағоят хурсандман!

Таъкидлаш керакки, бугун ҳарбий либос кийган зобит ё сержантни кўрганимизда кўнглимизда ажиб бир ғурур ва ҳавас уйғонади. Чунки истиқлол йилларида тизимда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳарбийларимиз ана шундай ҳурмат ва эҳтиром қозондилар.

Негаки, миллий армиямиз мамлакатимиз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир эканлигини амалда кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Биринчи Президентимиз мустақилликнинг дастлабки йилларида “Ўзининг буюк тарихи ва аждодларига муносиб ворис бўлган халқимиз мамлакат хавфсизлигини таъминлашга қодир армияни ярата олади”, деб катта ишонч билан айтган эдилар. Юқорида таъкидлаганимдай, изчил ислоҳотлар натижасида бугунги кунда ана шу улкан ишончга ҳар томонлама лойиқ бўлган Қуролли Кучларимиз ташкил этилди.

Муҳими, миллий армиямизнинг жанговор имкониятларини янада ошириш, унинг имкониятларини кенгайтириш борасидаги ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Натижада Соҳибқирон бобомиз Амур Темур ҳазратларининг “Лашкари қувватли мамлакат бой бўлур, бой мамлакатнинг лашкари қувватли бўлур”, деган ҳикматларига амал қилган ҳолда, миллий армиямиз жаҳон ҳарбий қурилишининг энг илғор тажрибаларини ўзлаштириб, халқаро даражадаги турли мусобақа ва беллашувларда ривожланган давлатлар армияларидан қолишмаслигини амалда исботламоқда.

Табиийки, буларнинг барчаси юртимизнинг ҳар бир фуқаросига фахр ва ғурур бағишлаш билан бирга эртанги кунга ишончини оширмоқда.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Миллий армиямизнинг бугунги салоҳияти ҳақида гап кетганда тизимда олиб борилаётган кадрлар сиёсати тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим.

Чунки, мустақилликнинг дастлабки йилларида маҳаллий офицер кадрлар юртимиздаги ҳарбий хизматчилар умумий сонининг бор-йўғи 0,6 фоизини ташкил этган. Офицерларни тайёрлаш эса учта ҳарбий билим юртида ва учта ҳарбий мутахассислик бўйича олиб борилган.

Кейинги йилларда бир қатор янги, замонавий ҳарбий таълим муассасалари ва йўналишлар ташкил этилгани, курсантларни ўқитиш тизими кўп тармоқли асосда йўлга қўйилганидан барчангиз хабардорсиз албатта.

Алоҳида қайд этиш ўринлики, миллий армиямизда собиқ иттифоқ армиясидагидан фарқли равишда сержантларнинг ўрни ва ролини оширишга, уларнинг функционал вазифасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Натижада сержантлар таркиби Қуролли Кучларимизнинг асосий таянчи сифатида шаклланди. Уларни ўқитиш илғор халқаро стандартлар асосида ташкил этилиб, 30 га яқин йўналиш ва мутахассислик бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

Пировардида эса миллий армиямиз ўғлонларимиз учун чинакам мардлик, фидойилик, ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айланди. Асосийси, бу ҳақиқатни юртимиздаги барча ота-оналар, бутун халқимиз ғурур билан, миннатдорчилик билан эътироф этмоқда.

Ҳозирги кунда оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб, юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда.

Қадрли форум иштирокчилари!

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳарбий шаҳарчаларда замон талабларига жавоб берадиган ижтимоий-маиший шароитлар яратишга ҳам давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Натижада мамлакатимиз, шу жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам ҳарбийлар оилалари учун зарур замонавий шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда.

Мисол учун, кейинги йилларда Тойлоқ туманининг чегара ҳудудидаги “Чўбот”, Ургут туманининг “Гулистон”, “Мирзабоғлон-Чеп” ва “Тўрткўл” маҳаллаларида ҳарбийлар, уларнинг оила аъзолари учун болалар боғчаси, амфитеатр, маиший хизмат уйлари, умумий овқатланиш шохобчаси, сунъий қопламали стадион, даволаш-профилактика муассасаси қурилди.

Ургут туманидаги ҳарбий қисм хизматчиларига 6 та 3 хонали уй-жойлар фойдаланишга топширилди.

Ҳеч шубҳасиз, биз бу йўналишдаги тизимли ишларни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз.

Ҳурматли офицер ва сержантлар!

Бугун Қуролли Кучларимизнинг жанговор таркиби ва қурилиши тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони – Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Самарқанд, Навоий ва Жиззах вилоятларининг маъмурий чегаралари доирасида Марказий ҳарбий округни тузиш тўғрисидаги қарори барчамизга улкан масъулият юкламоқда.

Барчамиз Сизлар билан елкама-елка туриб янги намунали Марказий ҳарбий округни тузишда фидокорона меҳнат қилишимиз, ушбу ҳарбий округни ҳар жиҳатдан намунали ва кўргазмали қилиш олдимиздаги асосий вазифа ҳисобланади.

Мен шуни ишонч билан айта оламанки, Сиз ҳарбийлар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан қўйилган вазифаларни виждонан бажарасиз. Негаки, бунга сизнинг кучингиз ҳам, билимингиз ҳам етарли.

Сўзим сўнгида ушбу вазифаларни бажаришда барчангизга мустаҳкам ирода, соғлик, мардлик ва улкан шижоат ҳамда Форум ишига муваффақият тилайман!

 

Эътиборларингиз учун раҳмат!


Охирги ўзгариш: 16/01/2018 09:52.   Кўрилганлиги: 388

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 13

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг