
Самарқанд шаҳри, 2018 йил, 30 июнь
“Мўъжиза” амфитеатри Соат 19.00
Ассалому алайкум, азиз ёшлар!
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Бугун Ўзбекистон ёшларининг ҳаётида эсда қоларли кун. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 30 июнь – мамлакатимизда Ёшлар куни сифатида кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилган мазкур сана, ҳеч шубҳасиз, жонажон Ватанимизнинг Сиз, азиз фарзандлари, эртанги кунимиз эгалари ҳаётида унутилмас кун бўлиб қолади.
Бугун кунни Муҳтарам Юртбошимизнинг Ўзбекистон ёшларига йўллаган табригини эшитиш билан бошладик.
Куннинг биринчи ярмида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида, жумладан, Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Ёшлар сайли” ва бошқа маданий-маърифий, хайрия тадбирларида давлатимиз раҳбари табригида билдирилган эзгу фикрлар, юксак ишонч устувор аҳамият касб этди.
Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши аъзолари, фаол ёшлар иштирокида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви аввалида ҳам Муҳтарам Президентимиз табрикларини яна бир бор тингладик. Унда баён этилган вазифа ва мақсадлардан келиб чиқиб, ўзаро фикрлашиб олдик.
Вилоят ҳокими сифатида ушбу мулоқотдан ўзим учун жуда кўп янги фикрлар олганимни, Сиз, азиз ёшларимизнинг мақсад ва ўйларидан, эзгу ташаббусларидан хабардор бўлганимдан хурсандлигимни билдирмоқчиман.
Айниқса, вилоятимизнинг чекка-чекка қишлоқларида яшаётган ташаббускор, зукко йигит-қизларнинг таклифларини эшитиб, муаммони дадил кўтариб чиқишларини кўриб, очиғи, уларга ҳавас қилдим.
Кўнглимдан “Юртимизда шундай ёшлар бор экан, мамлакатимиз келажаги албатта буюк бўлади” деган ўй ўтди.
Яна бир эътиборли томони, бугун вилоятимиздан икки нафар иқтидорли, тенгдошларига ҳар жиҳатдан ибрат бўлиб келаётган йигит – Акилов Камолжон ва Баҳромов Илҳомбекларнинг юртимизда таъсис этилган “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлангани барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор бахш этди.
Самарқанд туманида 32 ёш оиланинг қувончига шерик бўлиб, уларга янги уйлар калитларини бугунги тарихий кунда топширганимиз нафақат ана шу хонадонлар ва уларнинг яқинлари, балки барчамиз учун бугунги байрам шукуҳини янада оширди.
Бундан ташқари, шу кеча-кундузда барча шаҳар ва туманларимизда ўнлаб ёшларимизнинг никоҳ тўйлари намунавий тарзда, камчиқим ва миллий анъаналаримиз асосида ўтказилиб, янги оилалар пайдо бўлгани ҳам яна бир қувончли воқеадир.
Ёшлар куни муносабати билан ўтказилаётган шу ва бошқа тадбирларимизнинг барчаси мамлакатимизда ёшлар ҳаёти, манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигидан далолатдир.
Бу ишларнинг замирида, албатта, Муҳтарам Президентимизнинг Сиз, азиз ёшларга бўлган юксак ишончлари, чексиз меҳр ва эътиборлари мужассам.
Қадрли ёшлар!
Бугунги тадбирлар арафасида Самарқандда физика ва астрономия фанлари бўйича Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада, куни кеча ўз ишини якунлаган Марказий Осиё ёшларининг биринчи форуми ҳам юқори савияда ўтказилганидан барчангиз яхши хабардорсиз.
Бундай тадбирлар келгусида миқёси ва кўлами яна кенгайган тарзда ўтказилишини ҳам айтиб ўтмоқчиман.
Муҳтарам Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ана шундай фикр билдиришимизга тўла асос бўла олади.
Бугунги кунда дунёнинг кўплаб минтақаларида кузатилаётган нотинчликлар ёшлар ҳаёти ва келажагига салбий таъсир этмай қолмайди.
Глобаллашув жараёнлари кучайиб, турли оқимларнинг ёшлар онгу тафаккурини эгаллашга уриниши, “Оммавий маданият” таъсир доирасининг кенгайиб бораётгани юртимизда ўсиб келаётган ёш авлодни кучли мафкуравий иммунитет ҳосил қилган ҳолда камолга етказиш, уларни ёт ғоялардан асрашга ундайди.
Айни пайтда мамлакатимизнинг ёшларга оид давлат сиёсатида бу энг муҳим устувор вазифа ҳисобланади. Бунда юксак орзу-мақсадлар билан ташкил этилган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи зиммасига ҳам жуда катта масъулият юкланганлигини таъкидламоқчиман.
Азиз ёшлар, қадрли тадбир иштирокчилари!
Барчангизни яна бир бор Ўзбекистон ёшлари куни билан чин қалбимдан, самимий муборакбод этиб, сизнинг ўқиш ва ишларингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 11
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.