Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд вилояти ҳокими Т.И.Джураевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбиридаги СЎЗИ

Самарқанд вилояти ҳокими Т.И.Джураевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбиридаги СЎЗИ

Самарқанд шаҳри,                                                                                                  2018 йил, 27 июнь

“Мўъжиза” ресторани                                                                                         Соат 13.00

 

Ассалому алайкум, ҳурматли журналистлар!

Қадрли матбуотчилар, матбаа-нашриёт ва теле-радио тизими ходимлари!

Аввало, Сизни, Сизнинг тимсолингизда барча матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини, оила аъзоларингизни касб байрамингиз билан чин қалбдан муборакбод этаман.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда бошланган шиддатли ислоҳотлар барча соҳалар каби, маънавий ҳаётга, хусусан, оммавий ахборот воситалари фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Буни барчамиз кўриб, билиб, ҳис қилиб турибмиз.

Давлат раҳбарининг ғоялари ва стратегик режалари аслида қалам аҳли йиллар давомида ўртага ташлаган муаммолар ечимига қаратилган.

“Халқ давлатга эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилмоғи керак”, “Одамларнинг ҳаётдан розилиги бизнинг фаолиятимиз баҳосидир”, “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш инсонийликнинг бош мезонидир”.

Бундай шиорларни яна ўнлаб келтириш мумкин.

Асл мақсад – мамлакатда инсон ҳуқуқини кафолатлаш, унинг эркин яшаши, эркин ишлаши, эркин фикрлаши ва ўз иродасини эркин ифода эта олишини таъминлашдир.

Шу сабабли дунё ҳамжамияти Ўзбекистондаги бу ислоҳотларни қизғин қўллаб-қувватлаш баробарида, биз билан ҳамкорлик қилишга интилмоқда.

Ана шу жараёнда Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари ўз ўрнига эга бўлишга интилаётгани қувонарли, албатта.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович ўтган йили журналистларга касб байрами муносабати билан йўллаган табригида “Коррупцияга қарши курашишга маҳорат ва жасорат топган ҳар бир мухбир менинг энг ишончли кишимдир”, деб бежиз айтмади.

Эътибор қилсангиз, қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг деярли барчаси жамиятдаги иллатларни, хусусан, бюрократия ва коррупцияни бартараф этишга қаратилган.

Бу сиёсат қалам аҳлининг ўз олдига қўйган мақсадни тўлақонли ёритишига ёрдам беради, деб ўйлайман.

Айниқса, журналистлар учун йирик корхона ва ташкилотлар иштирокида “Дўстлик клуб”лари ташкил этилиши таҳририятлар моддий аҳволини, журналистлар ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.

Янги журналистика ва ахборот технологиялари университети эса оммавий ахборот воситаларининг илмий салоҳиятини ошириш билан бирга, соҳага замонавий, илмли кадрлар тайёрлашга ёрдам беради.

Азиз журналистлар, ижодкорлар!

Вилоят ҳокими сифатида журналист, умуман, ижодкор меҳнатини доимо қадрлайман.

Зеро, ҳақиқий журналистдаги заковат, иқтидор, ҳалоллик ва одиллик ҳамиша бошқаларга ибрат бўлиб келган.

Вилоятда бугунги кунда 2 та телевидение, 2 та радио фаолият кўрсатмоқда.

Республикамизда фақат Самарқанд вилоятида 3 та вилоят газетаси бўлиб, улар 3 тилда чоп этилмоқда.

Бундан ташқари, 16 та шаҳар-туманлар ҳокимликлари нашрлари, 9 та тармоқ ва идоравий, 21 та хусусий газета, 5 та журнал бор.

Ушбу ижодий жамоаларда меҳнат қилаётган қалам аҳли, ижодкорларнинг заҳматли меҳнати давлатимиз томонидан эътироф этилиб, муносиб тақдирланмоқда.

Ўтган йил биргаликда нишонлаган ушбу байрамдан бугунги байрамгача вилоятимиздаги оммавий ахборот воситалари вакиллари катта ижодий ютуқларни қўлга киритди.

Самарқандлик ижодкорлар “Олтин қалам” Миллий мукофотининг турли номинациялари бўйича 11 марта мукофотланди.

Бу йил “Овози Самарқанд” газетаси таҳририяти “Олтин қалам” халқаро танловида иккинчи ўринни қўлга киритгани самарқандлик журналистларни, бутун вилоятимиз аҳлини хурсанд қилди.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳар “Самарқанд” газетаси биноси яқинда тўлиқ реконстркуция қилинди, Қўшработ туманидаги “Истиқбол сари” газетаси таҳририятида айни пайтда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Таҳририят тўлиқ янги мебель жиҳозларига эга бўлди.

Вилоятимиздаги шаҳар ва туманлар газеталарининг деярли барчаси катта форматда, рангли чоп этилмоқда.

Вилоятдаги босма нашрларнинг бир марталик адади ўртача 8 – 9 минг нусхани ташкил этади.

Нафақат адад, балки нашрларнинг сифати ва мазмуни ҳам йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда.

Шуниси эътиборга лойиқ, вилоятдаги деярли барча газета таҳририятлари ўзларининг интернет сайтларига эга.

Бундан ташқари, газеталар материаллари кейинги пайтларда фейсбук ижтимоий тармоғи, телеграм мессенжерлари орқали ҳам аҳолининг кенг қатламига, хориждаги юртдошларимизга етказилмоқда.

Шаҳар ва туманлар газеталари муҳаррирларининг 8 нафари маҳаллий кенгашларга депутат этиб сайлангани уларнинг жамоат ишларида ҳам фаол эканлигидан далолатдир.

Бугунга келиб вилоятимиздаги матбаа корхоналари сони 90 тага етди. 3 та йирик босмахона замонавий полиграфия ускуналаридан фойдаланмоқда.

Улар томонидан чоп этилаётган ва марказий нашрлар  вилоятимизда фаолият кўрсатаётган матбуот тарқатувчи корхоналарнинг 1500 нафар ходимлари томонидан етказиб берилмоқда.

Вилоят Телерадиокомпанияси барча шарт-шароитга эга бўлган бинода фаолият кўрсатмоқда.

Теле ва радиостудиялар, шинам кабинетлар, замонавий техник жиҳозлар теле ва радио ижодкорларнинг эфир вақтини суткада 18 соатга етказишга замин яратди.

СТВ телеканалининг кўрсатув ва эшиттиришлари ҳам юртдошларимиз қалбидан чуқур жой олаяпти, аудиторияси эса мунтазам равишда кенгайиб бормоқда.

Республика газета-журналлари, радио ва телевидение каналларининг 50 нафарга яқин вакиллари ҳам вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини тезкорлик билан ёритишда жонбозлик кўрсатмоқда.

Айниқса, кейинги йилларда Кун.уз, Хабар.уз, Зарневс.уз, Нуз.уз, Дарё.уз ва бошқа шу каби оммабоп интернет нашрлари ҳам вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини холис ёритиб келаётганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз.

Самарқандда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 22 нафар аъзоси ижодий фаолият билан шуғулланмоқда. Уларнинг 3 нафари Давлат мукофоти билан тақдирланган.

Самарқандда ҳар йили 50 дан ортиқ турли мавзуларда китоблар чоп этилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан кейинги йилларда Ватанимиз мустақиллиги байрами арафасида самарқандлик ижодкорларнинг тўпламларини нашр этиш анъанага айланди.

Бугунги тадбир арафасида “Самарқанд ижодкорлари” деб номланган библиографик тўплам чоп этилгани соҳа ходимлари учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди. 

Ҳурматли қалам аҳли!

Ўрни келганда айтиб ўтмоқчиман, 2018 йилда вилоятимизда ҳудудий инвестиция Дастури доирасида маҳаллий ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича қиймати 3,3 трлн. сўмлик 1230 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

Ушбу лойиҳаларнинг 1,2 трлн. сўми ташаббускорларнинг ўз маблағи, 1,7 трлн. сўми банк кредити, 41,6 млн. доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилади.

Натижада 13 минг янги иш ўрлари яратилади.

Масалан, саноат йўналишида умумий қиймати 2,2 трлн. сўм бўлган 282 та, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида 756 та, қишлоқ хўжалиги йўналишида эса 192 та лойиҳа амалга оширилади.

Жорий йилнинг ўтган даврида 291 та лойиҳа ишга туширилди. Бунинг 194 таси хизматлар, 57 таси саноат, 40 таси қишлоқ хўжалиги йўналишига тўғри келди.

Мана шундай кенг кўламда амалга оширилаётган ишлар вилоят, республика оммавий ахборот воситалари, қолаверса, интернет нашрлари орқали кўпминг сонли юртдошларимизга етказиб турилганини мамнуният билан эътироф этмоқчиман.

Қадрли дўстлар!

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Ўзбекистонда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга ошириляпти, кўп иш қилинди. Аммо Муҳтарам Юртбошимиз кўзлаган марра бунданда юксак.

Бу маррага етишмоқ учун эса энди барчамиз биргаликда ўн карра, юз карра масъулият ва шижоат билан ишлашимиз керак.

Зеро, бу мақсадга жамиятдаги барча сиёсий кучлар ҳамкорлиги таъминлансагина эришиш мумкин. Бизда ана шундай сиёсий-ижтимоий муҳит юзага келгани ҳам бор гап.

Сўзимнинг охирида сизларни яна бир бор касб байрамингиз билан муборакбод этаман.

Оилангизга фаровонлик, ўзингизга ижодий жўшқинлик тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат!


Киритилган вақти: 27/06/2018 23:24.   Кўрилганлиги: 2267
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/samarqand-viloyati-hokimi-tidjuraevning-matbuot-va-ommaviy-axborot-vositalari-xodimlari-kuni-munosabati-bilan-otkaziladigan-bayram-tadbiridagi-sozi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 2

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.