
.
Самарқанд шаҳри 2018 йил 21 апрель
“Диёра” базмгоҳи соат 19-00
Ассалому алайкум,азиз дўстлар!
Мўҳтарам Ражаббой Аҳмадзода!
Қадрли меҳмонлар!
Рухсат берсангиз, қадимий Самарқанд аҳли номидан Сизларни яна бир бор заминимизга ташрифингиз билан самимий қутлайман!
Тарихий манбаларда келтирилишича, Самарқанд милоддан аввалги VI асрда ташкил топган.
Тарихчилар бу шаҳарни дунё аҳолисига яхши таниш бўлган Вавилон, Фива, Афина, Рим каби шаҳарлар билан тенгдош деб ҳисоблашади.
Суғд замини хам тарихий манбаларга қараганда Зардўштийлар даврига бориб тақалиб, илк бор муқаддас “Авесто” китобида тилга олингани барчамизга маълумдир.
“Самарқанд” сўзининг маъноси туркийча – кент, – қанд, яъни қишлоқ, шаҳар деб ҳисобланса, “Суғд” сўзининг мазмуни эса, тарихий манбаларда “муқаддас” ва “соф” маънолари сифатида келтирилган.
Бу масканларда яшаган аждодларимиз ўша даврдан бошлаб яқин қўшничилик, қуда-андачилик ва қариндошлик ришталарини боғлаганлар.
Бугун Муҳтарам Юртбошларимиз саъий ҳаракатлари билан халқларимиз учун азал-азалдан давом этиб келаётган яқин қондошлик алоқаларини давом эттиришлари учун имконият яратилди.
Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 1 мартидан Ургутнинг “Жартепа” маҳалласидаги чегара пости қайта тикланди.
Маълумотларга қараганда, бугун ушбу ўтказиш пункти орқали кунига 2 минг киши ота-онаси, қариндош-уруғи, қуда-андасиникига бориб келмоқда.
Бугун Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган бизнес форум вилоятларимиз ўртасида кўп асрларга чўзилажак қалин савдо-иқтисодий ришталарнинг боғланиш дебочаси бўлади, деб ният қилганмиз.
Бизнес-форум доирасида нафақат ишбилармонларимиз, балки халқларимизнинг маданий-маърифий алоқалари ҳам қайта тикланмоқда.
Кеча вилоятларимиз футбол жамоалари иштирокида тарихий ўртоқлик ўйини ўтказилди. Бугун эса, икки вилоятнинг моҳир санъаткорлари, хушовоз хонандалари иштирокида ўтказилган маданий дастурлар ҳаяжонли воқеаларга ниҳоятда бой бўлди. Айниқса, тожикистонлик ёш, иқтидорли санъаткорларнинг чиқишлари биз, Самарқанд аҳлини лол қолдирди.
Санъаткорларнинг чиқишларида ҳақиқий Шарқона мумтоз наволарини ҳис қилиш баробарида, бир-бирига талпинган, сеҳрли оҳанги ва бетакрор рақсини соғинган халқларимизнинг чанқоғини бироз бўлсада қондирди, десак муболаға бўлмайди.
Бу унутилмас дамлар, аввал таъкидланганидек, ўзбек ва тожик азалдан икки тилда сўзлашадиган битта халқ эканлигини яна бир бор исботлади.
Самарқанд аҳолисининг 8 фоизи тожик миллатига мансуб бўлиб,улар вилоятимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда елкама-елка туриб меҳнат қилмоқдалар.
Самарқандда фаолият кўрсатиб келаётган тожик миллий-маданий маркази ўтказилаётган барча байрам ва тадбирларда миллий урф-одати, санъати, маданияти ва қадимий ҳунармандчилик анъаналарини кенг тараннум этиб келаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан икки пойтахт ўртасида авиақатнов ҳам йўлга қўйилди, темирйўл тармоғи қайта тикланди, автомобил йўллари ишга туширилди.
Тожикистоннинг Ўзбекистондаги маданият кунларига бағишланган тадбирлар ҳам кўпчиликнинг ёдида. Мазкур тадбирлар доирасида фотокўргазмалар ва китоблар тақдимоти ташкил қилинди, бадиий фильмлар намойиши, санъат ва маданият намояндаларининг концерти кўтаринки руҳда ўтказилди.
Мамлакатлар ўртасида янги чоп этилган китоблар алмашинуви ташкил қилинди. Тожик муаллифлари асарларини Самарқанд ва Бухорода, ўзбекча бадиий асарларни эса Душанбеда сотувини йўлга қўйиш таклифи билдирилди.
Самарқанд қадим-қадимдан кўплаб азиз-авлиёлар, мутафаккирлар ва даҳолар, буюк давлат ва сиёсат арбоблари, саркарда ва халқ қаҳрамонларига бешик бўлган юртдир.
Бу шаҳар жаҳон цивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшган. Шу боис бу қадим кент ер юзининг сайқали, санъат, маданият ва илм-маърифат бешиги, дея таъриф олган.
Шу заминда комиллик даражасига етган буюк инсонлар сирасига буюк мутафаккир бобомиз, шеърият мулкининг султони, давлат ва сиёсат арбоби Низомиддин Мир Алишер Навоий ва тожик халқининг севимли фарзанди, буюк шоир ва суфий Мавлоно Абдураҳмон Жомий ҳазратлари ҳам киради.
Ўз даврининг етук сиёсатдонлари, мутафаккир алломалари, файласуф-донишмандлари ва шоирлари бўлмиш бу икки беназир инсонни, улардаги юксак салоҳият бирлаштириб турар эди.
Бу икки мутафаккир дунёқарашларининг яна бир умумий нуқтаси борки, у ҳам бўлса ёшлигидан тақдирлари боғланган шаҳар – Самарқандга бўлган умумий муҳаббатидир.
Алишер Навоий бу шаҳарни қиблаи муборакка қиёслаган:
Самарқанд сайқали рўи заминдур,
У меҳрим қибласи – жонга яқиндур.
Абдураҳмон Жомий эса бу шаҳар таърифида шундай деган:
Агар бойликни кўрмоқчи бўлсанг, Ҳиндистонга бор,
Агар покизаликни кўрмоқчи бўлсанг, Маккага бор,
Агар иккаласини ҳам топмоқчи бўлсанг,
Самарқадда қол.
Бу икки даҳо Самарқандга толиби илм сифатида келишиб, Абдураҳмон Жомий йирик суфий, Алишер Навоий эса мутафаккир сифатида Ҳиротга қайтишди.
7 март куниСамарқанднинг қоқ марказида, Абдураҳмон Жомий кўчаси ёнида,Алишер Навоий номи билан аталадиган истироҳат боғи ҳудудида ўзбек ва тожик адабиётининг буюк намояндалари Навоий ва Жомийнинг ҳайкали ўрнатилиб, атрофи обод этилди.
Улар балки ўзлари билмаган ҳолда Самарқанд тарихини юксалтирди, Самарқанд эса бу икки буюк даҳонинг ташрифини ҳалигача унутгани йўқ, аксинча, улуғ алломалар ҳурмати асрдан-асрга ўтиб, кўпроқ қадрланиб бормоқда.
Устоз-шогирд – икки дўст – буюк мутафаккирларнинг ҳайкали ўрнатилган ушбу муҳташам маскан, аҳолимизнинг энг севимли жойларига айланди.
Самарқандда азалдан кўплаб миллат ва элат вакиллари қўни-қўшни, қуда-анда бўлиб яшаб келган. Бугунги кунда вилоятда юздан ортиқ миллат ва элатлар ҳамда турли диний конфессиялар вакиллари аҳил-иноқ истиқомат қилмоқдалар.
Миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш ва давом эттириш мақсадида 10 та миллий-маданий марказ, 285 та исломий ҳамда 20 та ноисломий диний ташкилот фаолият юритиб келмоқда.
Қадрли меҳмонлар!
Самарқанд шаҳри 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номи билан киритилган ва муҳофазага олинган.
2017 йилда қадим Самарқандни бир миллион атрофида маҳаллий саёҳатчилар зиёрат қилганбўлса, хорижий давлатлардан 250 мингга яқин турист томоша қилдилар.
Март ойидан бошлаб тожикистонлик биродарларимиз ҳам ер юзининг сайқали деб аталадиган Самарқанду азимга ташриф буюрмоқдалар. Имом Бухорий, Марғиноний, Хожа Аҳрори Валий, Хўжа Дониёр, Маҳдуми Аъзам, Ғавсул Аъзам, Амир Темур, Мирзо Улуғбек каби буюк аждодларимиз мақбараларини зиёрат қилиб, Регистон, Бибихоним, Шохи Зинда мажмуаларини томоша қилишмоқда.
Ўз навбатида, Самарқанд аҳли Суғд вилоятининг энг хушманзара жойларидан бири, дунё шеъриятига улкан ҳисса қўшган, олим, форс шеърияти асосчиларидан бири ҳисобланган Абу Абдулло Рўдакий таваллуд топган Панжакент шаҳрига, туркий ва форсийда бирдай қалам тебратган, ҳозиргача икки халқнинг севимли шоирларидан бири сифатида эътироф этиб келинадиганКамол Хўжандийнинг она тупроғига ва, албатта пойтахт Душанбегасерқатнов бўлиб қолди.
Ўзбек халқида “Минг марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал” деган мақол бор.
Шундай экан, Сизларни эртага қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандни сайр қилишга, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни ўз кўзларингиз билан кўришга таклиф этамиз.
Самарқандга хуш келибсиз, деймиз!
Спасибо за внимание!
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 1
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.