Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд вилояти ҳокими Т.Джўраевнинг Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари чегарасидаги “Жартепа” ва “Саразм” халқаро назорат-ўтказиш пункти ишга туширилиши муносабати билан ўтказиладиган тадбирдаги СЎЗИ

Самарқанд вилояти ҳокими Т.Джўраевнинг Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари чегарасидаги “Жартепа” ва “Саразм” халқаро назорат-ўтказиш пункти ишга туширилиши муносабати билан ўтказиладиган тадбирдаги СЎЗИ

.

2018 йил, 1 март

 

Ассалому алайкум, қадрли дўстлар!

Ассалому алайкум, дўстони азиз!

Суғд вилояти ҳокими, ҳурматли Ражаббой Аҳмадзода!

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Аввало, икки қардош, жондош эл вакилларини бугунги қувончли кун соғиниб кутилган учрашув билан чин кўнгилдан муборакбод этаман.

Сизу бизга заминдош бўлган буюк шоир Абу Абдулло Рудакий бундан олти аср илгари

Дунёнинг шодлиги йиғилса бутун,

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун”,

– деганида юз карра ҳақ бўлганини мана бугун кўриб турибмиз.

Дарҳақиқат, нафақат чегаралари, балки қадимий илдизлари ҳам бир-бирига туташ, икки тилда сўзлашувчи бир халқмиз. Динимиз бир, анъаналар ва турмуш тарзимиз ҳам бир-бирига ўхшаш.

Бугун Сиз билан биз, Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари раҳбарларининг ўзаро келишувига мувофиқ, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги, замановий босқичга олиб чиқиш борасидаги эзгу ҳаракатлар бошланишига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Муҳтарам Шавкат Мирзиёев фаолиятининг дастлабки куниданоқ қўшни давлатлар, хусусан, Тожикистон билан ўзаро ҳамкорлик ва маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш вазифасини қўйди.

Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этганда тожик биродарларимизнинг бу қайғуни биз билан баҳам кўриши Тожикистон халқининг ҳам бундай муносабатга иштиёқи баландлигини намойиш этди.

Шавкат Миромонович эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан “Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, – деб дунё аҳлига баралла айди.

Оммавий ахборот воситалари орқали яхши хабардорсиз. Ўзбекистоннинг Тожикистон билан Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Наманган, Фарғона, Сурхондарё вилоятларидаги барча назорат-ўтказиш постлари очиляпти.

Биз эса Самарқанд вилоятидаги “Жартепа” чегара постининг очилишига бағишланган тантанага йиғилганмиз. Рухсат берасизлар, Сизларни ана шу қувончли воқеа билан чин дилдан ўзбек эли номидан муборакбод этаман!

Мана кўриб турганингиздек, Ургутнинг Жартепа маҳалласидаги чегара пости ҳам қайта тикланди. Бу ерга туташ автомобиль йўллари бўйида замонавий инфратузилма ташкил этилди, фуқаролар учун зарур барча ижтимоий-маиший шароитлар яратилди.

Божхона постида фуқароларимизни икки давлатга ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтиб-қайтишлари учун барча шароит яратилди.

Энг асосийси, ён қўшниларни бир-биридан ажратиб турган девор олиб ташланди. Бир пайтлар тўй-маъракалари бирга бўлиб келган Ургут, Булунғур ва Тойлоқ туманларининг кўпсонли аҳолиси Панжакент раёни қишлоқлари билан бори-келдиларга бугундан бошлаб яна йўл очилди.

Бир сўз билан айтганда, икки мамлакат раҳбарларининг оқилона қарорлари билан оддий фуқароларга жуда катта қулайликлар яратилди.

Хабарингиз бор, икки давлат пойтахти ўртасида авиақатнов ҳам йўлга қўйилди, темирйўл тармоғи қайта тикланди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпонияси Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини Душанбе шаҳри билан боғловчи янги авиарейсларни йўлга қўйиш таклифи билан чиқди.

Ҳурматли тадбир қатнашчилари!

Маълумот учун айтиб ўтмоқиманки, Самарқанд вилоятида аҳолининг 7,5 фоизини тожик миллатига мансуб кишлар ташкил этади. Вилоятда тожик миллий маданият маркази фаолият кўрсатмоқда. Тожик миллати фарзандлари учун умумтаълим мактаблари очилган. Самарқанд давлат университетида тожик филологияси факультети бор. Бундан ташқари 5 та факультетнинг 25 та гуруҳида бакалаврлар, 2 та гуруҳида магистрлар тожик тилида таҳсил оладилар.

Тожик тилида Тошкентда “Овози Тожик”, Самарқандда эса “Овози Самарқанд” газеталари чоп этилади. Тожик тилида ижод қилувчи Адаш Истат, Салим Кенжа, Зоҳир Ҳасанзода, Бахтиёр Жума, Асадуллоҳ Худоёри Оқсой, Акбар Пирузи каби адиблар бадий асарлари чоп этилган ва ҳозирда ҳам чоп этилмоқда. Вилоят телевидиние ва радиосида тожик тилида кўрсатув ҳамда эшиттиришлар берилади.

Қадрли биродарлар!

Икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар бу ҳамкорлигимизнинг янги имкониятларини очади. Бу дўстлик икки халқ иқтисодиётининг, маданиятининг, пировордида турмушнинг юксалишига хизмат қилади. Айниқса, дунёда ўзаро келишмовчилик, ахборот хуружи авж олган бир пайтда бундай илиқ муносабатлар иккала давлат хавфсизлигини таъминлашда ҳам катта аҳамиятга эгадир.

Келинглар, бизу Сизга ана шундай ширин ва ёқимли онларни ҳадя этган, иккала халқ ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқаётган давлатларимиз раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмонга чин дилдан раҳмат айтайлик.

Ишончим комилки, тарихан илдизи бир-бирига туташ икки халқ ўз юртдошлари изидан бориб, нафақат минтақага, ҳатто бутун дунёга ҳам дўстликнинг кучи нималарга қодир эканлигини намойиш эта олади. Чунки қалбимиз, юрагимиз, ниятимиз шуни тақоза этмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни Сизлар орқали Суғд вилояти аҳлини кириб келаётган умумий байрамимиз Наврўз билан чин дилдан табриклайман.

Сизларни бу қадимий айёмни биргаликда нишонлашга Самарқандга таклиф этамиз!

Ўзбек ва тожик халқлари дўстлигига кўз тегмасин!

Зиндабод дўстй!

Эътиборларингиз учун раҳмат!


Киритилган вақти: 21/04/2018 08:58.   Кўрилганлиги: 1419
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/samarqand-viloyati-hokimi-tdjoraevning-ozbekiston-va-tojikiston-davlatlari-chegarasidagi-jartepa-va-sarazm-xalqaro-nazorat-otkazish-punkti-ishga-tushirilishi-munosabati-bilan-otkaziladigan-tadbirdagi-sozi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 1

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.