Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Сaмapқaнд вилояти ҳокими Т.И.Джураевнинг Халқapo хотин-қизлар байрамига бағишланган тадбирдаги ТAБPИК СЎЗИ

Сaмapқaнд вилояти ҳокими Т.И.Джураевнинг Халқapo хотин-қизлар байрамига бағишланган тадбирдаги ТAБPИК СЎЗИ

.

Ассалому алайкум, азиз опа-сингиллар!

Муҳтарама онахонлар!

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Она табиат қайта чирой очаётган, баҳорнинг илиқ шабадаси эса бошлаган мана шундай ажойиб кунларда барчамиз, энг аввало азиз онажонларимизни, опа-сингилларимизни, гўзал қизларимизни 8 март – Хотин-қизлар байрами билан табриклашга ошиқамиз.

Мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир” деган ҳикматли сўзларини эслаб, Яратганнинг мўъжизаси бўлмиш оналаримиз олдида бош эгамиз.

Сўз бойлигимиздаги энг самимий ва ҳароратли сўзлар билан муҳтарама аёлларга чуқур ҳурматимизни изҳор этамиз. Чунки бу айём қалбимизда Сизларга бўлган чексиз меҳримиз, ҳурматимизни изҳор этиш учун катта имконият беради.

Сизларни ажойиб байрам билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва кўнгил хотиржамлигини тилаймиз.

Қадрли опа-сингиллар!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга қаратилган.

Хабарингиз бор, ушбу фармон билан жорий йилдан бошлаб Зулфия номидаги мукофот ҳар бир вилоятдан икки нафар қизларимизга бериладиган бўлди.

Бундан ташқари, фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди.

Оила институтларини мустаҳкамлаш, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш каби вазифаларни бажариш мақсадида “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказлари ташкил этилди.

Жамият ва давлат ҳаётида фаол ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оила фаровонлигига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларимиз учун “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда хотин-қизларнинг турмуш шароитларини янада яхшилаш борасида ислоҳотлар муттасил давом этмоқда.

Азиз ва муҳтарам хотин-қизлар!

Сизларнинг меҳр-муҳаббатингиз, вафо ва садоқатингиз, фидойилигингиз туфайли турмушимиз кундан-кун тараққий этиб, ҳаётимиз чароғон бўлиб бормоқда.

Аёлларнинг ўрни нафақат кундалик турмушимизда, балки жамиятнинг муҳим бўғинларида ва жамоат ишларида кундан-кунга намоён бўлмоқда.

Бугунги кунда юзлаб депутат аёлларимиз маҳаллий кенгашларда халқ вакиллари бўлиб, ҳокимлик ва давлат бошқарув органларида эркаклар билан елкама-елка туриб эл-юрт манфаати учун жонбозлик билан хизмат қилаётганини ҳурмат билан эътироф этамиз.

Бугун вилоятимизда 1 млн 800 минг нафар хотин-қизлар истиқомат қилади. Халқ таълими тизимида 29 500 нафар, олий таълим муассасалари ва илм-фан соҳасида 8500 нафар, маданият ва спортда 75 минг нафар, соғлиқни сақлаш тизимида 27 600 нафар хотин-қизлар ҳеч кимдан қолишмасдан фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаяпти.

Мактабгача таълим муассасалари тизимида меҳнат қилаётган 11 750 нафар хотин-қизлар зиммасига жондан азиз фарзандларимизнинг таълим-тарбиясидек масъулиятли вазифа юклатилган.

Маҳалла фаоллари, хусусан, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган жонкуяр хотин-қизларимиз вилоятдаги 1086 та ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида беқиёс ҳисса қўшиб келаётгани барчамизни қувонтиради.

Фидокорона меҳнат қилаётган, давлат ва жамоат ишларида фаол иштирок этаётган, қолаверса ибратли фазилатлари билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонаётган юзлаб қизларимиз, опа-сингилларимиз келажакда Дўпол Носирова, Маҳорат Боқиева, Матлуба Турдиева, Хосият Бобомуродовалар сингари юртдошларимизнинг ардоғида бўлишига ҳеч ҳам шубҳамиз йўқ.

Мана шундай ҳурматли аёлларимиз бугун ҳам даврамизга янада файз бағишлаб турибди.

Муҳтарама опа-сингиллар!

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг кўрсатмалари билан вилоятимизда 2017 йилда 405 хонадонга мўлжалланган 9 та арзон уй-жойлар, кам таъминланган ва ногиронлар учун мўлжалланган 142 та, шунингдек, ҳарбийлар оилаларига 72 та кўпквартирали уйлар қурилгани, энг аввало, минглаб хотин-қизларимиз – оилаларнинг гулдек бекалари учун қулай ва муносиб шароит яратди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида нарпайлик қизимиз Моҳинисо Шомуродова 1-ўринни қўлга киритиб, олий соврин – “Спарк” автомашинаси соҳиби бўлгани самарқандлик қизларнинг нақадар иқтидорли, илмга чанқоқ ва изланувчан эканлигини яна бир бор исботлади.

Келинглар, азизлар, фурсатдан фойдаланиб Моҳинисо қизимизни, айниқса, унинг онаси, устоз-мураббийларини Сизларнинг номингиздан яна бир марта табриклайлик.

Ота-она сифатида ҳар биримизга фарзандимиз Моҳинисо каби илм-фанда ёхуд бошқа соҳаларда мана шундай юксак натижаларга эришганини кўриш насиб этсин.

Азиз опа-сингиллар!

Биз, Шарқ халқлари аёл зотини фақат байрамларда эмас, ҳар доим қадрлаймиз ва улуғлаймиз, иззат-ҳурматини жойига қўямиз.

Чунки азиз аёлларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш давлатимиз сиёсатининг устивор йўналиши сифатида барчамиз учун бирдек энг муҳим вазифа бўлиб қолаверади.

Бугун ҳам байрам муносабати билан бир гуруҳ фаол хотин-қизларимизни ўз хизмат вазифаларини аъло даражада бажараётганликлари, ижтимоий ҳаётдаги фаолликлари, соҳаларда эришаётган ютуқлари учун вилоят ҳокимининг “Фахрий ёрлиқлари” билан тақдирлаймиз.

Бу мукофотларни барча аёлларимизга, опа-сингилларимизга бўлган юксак эҳтиром сифатида қабул қиласизлар, деган умиддаман.

Сиз азизларнинг эса юртимиз равнақи йўлидаги фидокорона меҳнатингизга омад, ўзингизга соғлик-омонлик тилайман.

Баҳор даракчиси бўлган гўзал байрамингиз яна бир карра қутлуғ бўлсин!

Барча эзгу орзу-ниятларингиз амалга ошсин!

Доимо элу юртимиз ардоғида бўлинг!

Эътиборингиз учун раҳмат!

 

Самарқанд шаҳри “Диёра” базмгоҳи,

 

2018 йил, 6 март, соат 13-00

 


Киритилган вақти: 07/03/2018 18:34.   Кўрилганлиги: 233
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/samapqand-viloyati-hokimi-tidjuraevning-xalqapo-xotin-qizlar-bayramiga-bagishlangan-tadbirdagi-tabpik-sozi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 3

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг