
Самарқанд шаҳри, 2016 йил 6 декабрь
Ассалому алайкум, қадрли тантана иштирокчилари ва меҳмонлар!
Айни дамда юртимизнинг ҳар бир гўшасида ҳаётимизнинг кафолати бўлган Конституциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллиги байрами шукуҳи кезиб юрибди.
Муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг шахсан раҳбарликлари остида, энг ривожланган мамлакатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда, ҳар бир банди миллий минталитетимиз ва қадриятларимизга мос равишда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 1992 йил 8 декабрда узоқ муҳокама ва мунозаралардан сўнг қабул қилинган.
Моҳиятан миллий ва умуминсоний ғояларни мужассам этган, бутун халқимиз ва жамиятимиздаги барча қатламларнинг манфаатларини ифодаловчи ва ҳимоя қилувчи Асосий Қонунимиз ҳар бир ватандошимизнинг ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаши билан бирга мамлакат тараққиётида янги даврни бошлаб бергани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Шу боис барчамиз эркин ва фаровон ҳаёт кечиришимиз, фаолият юритишимизнинг мустаҳкам асоси бўлмиш Қомусимиз қабул қилинган кунни энг азиз байрамлар қаторида нишонлашга ўрганиб қолдик.
Истиқлол
йилларида барча соҳаларда эркин фаолият юритиш, мулк дахлсизлигини кафолатловчи
ва энг асосийси давлат томонидан берилаётган имтиёзлар кўламининг кенгайиб
бораётганлиги вилоят иқтисодиётининг қарийб
5 бараварга, аҳоли даромадлари жон бошига ўртача 8,7 баробарга, ялпи ички маҳсулот сўнгги 10 йил давомида 8 фоиздан
зиёдга ўсиб бораётганлигидан ҳам англаб олиш мумкин.
Вилоят иқтисодиётида кичик бизнеснинг улуши 80 фоиздан ошди, экспорт миқдори эса 2010 йилга нисбатан 3,5 бараварга ошиб, йилига қарийб 400 млн. долларга етди. Ҳозирда дунёнинг 30 та мамлакатига Самарқандда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорт қилинмоқда.
Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи тобора кенг таҳдид солаётган бир шароитда юртимизда узоқни кўзлаб олиб борилаётган одилона сиёсат туфайли йиллар давомида асосан пахта ва ғаллага суяниб қолган вилоятимизда бевосита Вазирлар Маҳкамасининг кўмаги билан охирги 5 йил ичида қарийб 9000 гектар интенсив боғлар яратилди, 3125 та мева-сабзавотчилик, 603 та чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари ташкил этилди. Йиллик мева-сабзавот етиштириш ҳажми 1588 минг тоннага етиб, 2,3 бараварга ўсди.
Ана шу тадбирлар самараси ўлароқ охирги 3 йилда гўшт, картошка, гуруч каби муҳим турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг нархи барқарор сақланиб қолаётганига барчамиз гувоҳмиз.
Кейинги йилларда халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш, ҳар бир фуқаро учун муносиб яшаш шароитини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, қишлоқ аҳолиси учун намунавий уй-жойлар қурилиши, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор берилаётганлигидан яхши хабардормиз.
Айниқса, яқиндагина аҳоли учун арзон, 15-20 йиллик имтиёзли кредитлар асосида уй-жойларнинг нафақат қишлоқларда, шаҳарларда ҳам қурилиши халқимиз учун яна бир қулайлик бўлди.
Қадрли тантана иштирокчилари!
Инсон дунёга келибдики, бахтли яшагиси, ўз орзу ниятларига тўла-тўкис эришгиси келади. Айниқса, болажон халқимиз фарзандларини вояга етказиб, тарбиялаб камолини кўришни ҳаётининг мазмуни деб ҳисоблайди ва умрининг асосий қисмини шунга бағишлайди.
Шу ўринда ота-оналари, устозлари ишончини оқлашга сидқидилдан киришган ёшларимиз фан, санъат, спорт каби соҳаларда ҳар куни янги-янги марраларни забт этмоқдалар.
Биргина 2015 – 2016 йилда 2 нафар 30 ёшгача бўлган ёшларимиз докторлик ишини ҳимоя қилган бўлса, 25 нафари халқаро мусиқа фестиваллари ғолиби, 14 нафари номдор стипендия совриндорлари бўлди. Энг аҳамиятлиси, шу даврда вилоятимиз ёшлари - 43 та олтин, 36 та кумуш, 47 та бронза медалларини қўлга киритиб, 100 нафардан ортиғи Ўзбекистон, 10 нафари Осиё ва 8 нафар жаҳон чемпионлари кашф қилинди.
Бразилияда
ўтказилган XXXI Олимпиада ўйинларида Мўминжон
Абдуллаев, Руслан Қурбонов, Ёдгораой Мирзаевалар муваффақиятли иштирок
этишган бўлса,
4
Параалимпия ўйинларида Ўткиржон Нигматов дзюдо бўйича олтин, Мансур Абдурашидов
енгил атлетика баҳсларида бронза медалларни қўлга киритишди.
Умидли ёшларимиздан яна бири Жаҳонгир Вохидов Лондонда ўтказилган шахмат бўйича халқаро Гран-прида 3 та, Олмаотадаги халқаро турнирда битта, жами 4 та медални қўлга киритди.
Шубҳасиз, бу ёшлар фахримиз, ғуруримиз керак бўлса, эртанги кунимиз бунёдкорларидир. Фурсатдан фойдаланиб ана шундай ватанпарвар, фидойи фарзандларнинг ота-оналарига ва уларни тарбиялаган устозларига юксак миннатдорчилик билдирамиз.
Қадрли юртдошлар!
Бугун таълим ва тиббиёт соҳасига бўлган эътибор туфайли соҳада қўлга киритилаётган муваффақиятлар кўлами кенгайиб, соҳа ходимларининг меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Деҳқон ва фермерларимизнинг фидокорона меҳнати, уларга камарбаста бўлган таъминотчи ва хизмат кўрсатувчилар, ҳашарчилар ва барча соҳа вакилларининг қўллаб-қувватлашлари боис, дастлаб пилла, кейинчалик ғалла, яқиндагина пахта тайёрлаш бўйича давлат олдидаги мажбуриятларимиз ортиғи билан уддаланди.
Деҳқонларимиз томонидан етиштирилган 721 минг тн. ғалла, 217 минг тн. пахтадан олинадиган даромад 242 млрд. сўмга етди.
Мамлакатимизда қурилиш ва бунёдкорлик кўламининг йил сайин кенгайиб бориши жаҳон шаҳарсозлик талабларини чуқур ўзлаштирган, замонавий техникалар билан таъминланган қурилиш корхоналарининг пайдо бўлишига асос бўлмоқда.
Ўтган даврда 7 та мактаб, 49 та спорт иншоотлари, 8 та меҳмонхона, 1397 та намунавий уй-жой ва 100 дан зиёд хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари бунёд этган қурувчиларимиз меҳнати алоҳида таҳсинга лойиқ.
Агар санайдиган бўлсак барча соҳаларда ғурурланса арзигулик муваффақиятларимизни кўплаб келтиришимиз мумкин.
Биз биргаликда йил давомида кўплаб тадбирларни бир ёқадан бош чиқариб, юқори савияда ўтказдик.
Куни кеча ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар ҳар биримизнинг сиёсий онгимиз ва фуқаролик позициямизни навбатдаги синовдан ўтказди. Мустақиллик йилларида шаклланиб, давр синовида тобланган ва дунё ҳамжамиятида барча демократик талабларга жавоб берадиган сайлов қонунчилигимиз яна бир бор ўзининг пишиқ, пухта эканлигини исботлади.
Мазкур тадбирга бутун халқимизнинг юқори фаоллик билан иштироки, сайловни кузатган 300 нафардан ортиқ халқаро кузатувчиларнинг эътирофлари фуқароларимизнинг жонажон диёримизнинг эртанги куни учун бефарқ эмаслигидан, сиёсий онги эса бундан 25 йил олдингисидан мутлақо фарқ қилишини исботлаб берди.
Халқимиз мустақил ўзбек давлатчилигининг асосчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов бошлаб берган, инсонпарвар ва узоқни кўзлаб, ҳар бир фуқаронинг эртанги фаровон кунини ўйлаб белгиланган сиёсатни ҳеч қандай узилиш ва тўхталишларсиз давом эттиришга қодир бўлган етук раҳбарни якдиллик билан сайлади.
Фурсатдан фойдаланиб барчангизни сайловларнинг муваффақиятли якуни билан табриклайман.
Шу ўринда йил давомида ютуқ ва муваффақиятларга эришишда, ўтказилган тадбирларни юксак ташкилотчилик, уюшқоқлик ва бекаму-кўст ўтказилишида сидқидилдан хизмат қилган халқ таълими, ўрта махсус ва соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари ва вакилларига, ҳурматли олий таълим муассасалари ректорларига, ички ишлар, миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимларига, йўл қурилиши, ободончилик корхоналарига, барча қурувчиларга, транспорт, банк, молия, солиқ идоралари вакилларига юксак миннатдорчилик билдирамиз.
Сиздек масъулиятли, Ватанини, қолаверса Самарқандни жондан ортиқ севадиган фидойи инсонларга таъзим қиламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, азиз байрам иштирокчиларини, сиз орқали бутун вилоятимиз халқини Конституциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллиги байрами билан самимий табриклаймиз.
Барчангизга мустаҳкам соғлик, дастурхонингизга қут-барака тилаймиз.
Тинч ва осойишта кунларимиз абадий бўлсин, тинчлигимизга, кўз тегмасин!
Барчамизга байрам муборак бўлсин!
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Жонажон диёримизда эл-юрт фаровонлиги, мамлакат тараққиёти йўлида қилинган самарали меҳнат албатта, рағбат топади. Жорий йилда ҳам бир гуруҳ юртдошларимиз истиқлолимизнинг йигирма беш йиллиги ва бошқа касб байрамлари арафасида мамлакатимизнинг юксак унвонларига сазовор бўлган эдилар.
Мукофотланганлар орасида 29 нафар вилоятимиз вакилларининг борлиги барчамизга фахр ва ғурур бағишлаши билан бирга, янада самарали меҳнат қилишга ундайди.
Эътиборлариз учун раҳмат.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 8
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.