Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд вилояти ҳокими З.Т.Мирзаевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан ўтказилган асосий байрам тадбиридаги ТАБРИК СЎЗИ

Самарқанд вилояти ҳокими З.Т.Мирзаевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан ўтказилган асосий байрам тадбиридаги ТАБРИК СЎЗИ


Самарқанд шаҳри, “Мўъжиза” амфитеатри, 2016 йил 28 август, соат 18.00 


Ассалому алайкум, азиз дўстлар!

Қадрли байрам иштирокчилари ва меҳмонлар!

Бугун сиз билан кўтаринки руҳда нишонлаётган Жонажон Ватанимизнинг мустақилликка эришган тарихий санаси барча юртдошларимиз соғиниб кутадиган, бир-бирини табриклашга, юрагидаги илиқ сўзларни изҳор этишга шошиладиган энг улуғ ва энг азиз байрамга айланган.

Бу йилги байрам ҳар йилгисидан фарқли равишда “Гўзал ва бетакроримсан муқаддас ватаним, жоним сенга фидо Ўзбекистоним” шиори остида ўзгача шукуҳ, ютуқ ва фахрланса арзигулик муваффақиятларга бой эканлиги билан ажралиб туради.

Байрамгача бўлган даврда 2800 тн. пилла, кейинчалик 301 минг тн. ғалла етиштириб режаларини ортиғи билан бажарган деҳқон ва фермерларимиз дастлабки зафарли ютуқларни қўлга киритдилар.

Қурувчиларимизнинг машаққатли мехнатлари туфайли байрам арафасида            179 млрд. сўмлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб 200 га яқин объектлар фойдаланишга топширилди.

Аҳамиятлиси, бу йил мустақиллик даврида энг юқори кўрсаткич, яъни биргина Самарқанд вилоятида 49 та спорт иншооти қуриб битказилди.

Йўл қурилишига ажратилган 28,2 млрд. сўм маблағ эвазига 82 км. йўллар  таъмирланди.

Давлатимизнинг алоҳида эътибори туфайли Самарқанд шаҳрининг 31 та кўчаларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

1227 та намунавий уй-жойларнинг            1220 таси ўз эгаларига топширилиб, уларнинг сони жами 154 та массивда 6800 тадан ошиб кетди.

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг етакчи бўғинига айланган тадбиркорларимиз томонидан 1231 та кичик, 183 та оилавий ва         9 та қўшма корхоналар ишга туширилиб, кичик бизнеснинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 72 фоиздан ошди.

Қадрли байрам иштирокчилари!

Албатта, бу рақам ва муваффақиятлар замирида Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан кафолатлаб берилган тинчлик ва осойишталик, иқтисодиёт соҳасида узоқни кўзлаб белгилаб берилган оқилона сиёсат турганлигини барчамиз теран англаймиз.

Шундай қисқа даврда кўз ўнгимизда кечаётган ўзгариш ва янгиланишларни эътироф этаётганимизда “Ким эдигу ким бўлдик” деган ҳаётий савол туғилиши табиий.

Бу саволни юрагидан ўтказган ватандошларимиз кўз ўнгидан ўтган даврдаги қийинчилик ва камситишлар, етишмовчилик ва танқисликлар кино тасмасидек ўтиб уларнинг онгу – шуурида мустақиллик деган буюк неъматнинг қадри кун сайин ошиб бормоқда.

Бугун дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган кўпорувчилик, террорчилик ҳаракатлари кўплаб бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлаётганлигини кузатаётганда, бегуноҳ тўкилган қонларга гувоҳ бўлар эканмиз  яна бир карра бугунги тинчликка, осойишта замонга, шукроналар келтирамиз.

Мустақиллик шарофати билан мустабид тузум таъсирида деярли унутилаёзган қадриятларимиз тикланди.

Муҳтарам юртбошимизнинг саъйи ҳаракатлари туфайли дунё цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган Мирзо Улуғбек, Ибн Сино, Алишер Навоий, Беруний каби буюк алломаларнинг илмий меъросини ўрганишга кенг йўл очилди.

Кўплаб қатоғон қурбони бўлган миллатдошларимизнинг пок номлари тикланди.

Утган 25 йилда мамлакатимизда инсон кадр-қиммати юксалиб, ҳар бир фуқаронинг эркин ва фаровон ҳаёт кечириш кафолатланган демократик бошқарув тизими шаклланди.

“Ўзбек модели” сифатида халқаро даражада тан олинган ривожланиш йўлимиз тўғри эканлигини замоннинг ўзи кўрсатмоқда.

Бир пайтлар бир ёқлама иқтисодиётга асосланган, асосан хом-ашё етиштиришга ихтисослашган мамлакатимиз кўз ўнгимизда иқтисодий бақувват давлатга айланди.

Дастлаб ғалла мустақиллиги, таълим соҳасидаги ислоҳатларни босқичма – босқич амалга ошириб келаётган ватанимиз бугунги кунда автомобил, кимё саноати, енгил саноат, темир йўл каби етакчи тармоқлар бўйича жаҳоннинг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин олди.

Яқиндагина яна бир соҳа, спортда ҳам ёшларимиз 13 та медалларни қўлга киритиб барчамизнинг кўксимизни тоғдек кўтариб, кўнглимизни қувончга тўлдирди.

Азиз Самарқандликлар!

Самарқанд азалдан зиёлилар, олимлар, саркардалар ва уддабурон тадбиркорлар юрти, буюк ипак йўлидаги цивилизация маркази сифатида эътироф этилган.

Самарқандимизнинг ҳар қарич ери, сақланиб, қадр топаётган асору – атиқалари унинг шонли ўтмиши ва аждодларимизнинг бебаҳо меъросидан дарак беради.

Анашуларни ҳис қилган ҳолда ёшларга мустақиллик, миллий ғурур ғояларини сингдириб бораётган олий, ўрта – маҳсус ва халқ таълими соҳасидаги зиёлиларимиз меҳнатининг самараси улароқ бугун ёшларимизнинг онгу-тафаккури ривожланиб бормоқда.

Вилоятимиз вакилларидан 18 ёшли Жахонгир Вахидов шахмат бўйича энг ёш Халқаро гросмейстер, 16 ёшли Саидқулов Сардор математика фани бўйича Халқаро Олимпиада ғолиби, 14 ёшли қизимиз  Қаноатова Мадина Латвияда ўтказилган Денс Олимпиада фестивалида Гран при соҳиби бўлганлиги, ҳозирда ёшларимизнинг                18 нафари Президент стипендианти, 35 нафари халқаро фан олимпиадалари ғолиблари,                   8 нафар жаҳон чемпионлари, 19 нафар Осиё чемпионлари борлиги фикримизнинг ёркин далилидир.

Биз яхши биламиз ватан равнақи йўлида қилинган фидокорона меҳнат албатта рағбат топади.

Байрам арафасида 22 нафар вилоятимиз вакиллари Ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлдилар.

Фурсатдан фойдаланиб барча мукофотланганларни вилоят аҳли номидан табриклаймиз. Уларга соғлиқ, ишларига муваффақият тилаймиз.

Азиз юртдошлар!

Фурсатдан фойдаланиб Сиз азиз байрам иштирокчиларини, сиз орқали бутун вилоятимиз халқини мустақиллигимизнинг          25 йиллиги байрами билан самимий табриклаймиз. 

Жахонга улуғ саркарда, аллома ва уламоларни етказиб берган табаррук заминда туриб яратгандан сурайлик:  Табарру отахону-онахонларимизнинг дуолари ижобат бўлиб дастурхонларимиз тўкин-сочин бўлсин, хонадонларимиздан қут-барака арамасин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, озод ва обод диёримизга кўз тегмасин.

Яхши ният билан ерга барака уруғини қадаган пахтакорларимизнинг хирмонлари зарворли ва баракали бўлсин.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!

Эътиборларингиз учун раҳмат!


Киритилган вақти: 28/08/2016 09:31.   Кўрилганлиги: 2266
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/governor_speeches/bayram

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 3

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.