Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САРА МУТАХАССИСЛАР, ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР

САРА МУТАХАССИСЛАР, ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР

Ўқувчиларни касбга йўналтириш, малакали кичик мутахассис кадрлар тайёрлаш, ҳамкор ташкилотлар билан ўзаро узвий алоқаларни ривожлантириш ва уларнинг бандлигини таъминлашда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўртасида ўтказилаётган “Касб маҳорати” кўргазмалари, “Энг яхши мутахассис”ҳамда “Энг яхши бизнес лойиҳа” кўрик-танловлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Самарқанд шаҳрида вилоят ҳокимлиги, прокуратура, Марказий банк вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил қилинган навбатдаги кўргазмали кўрик-танловларда касб-ҳунар коллежларидаги 39 та ихтисослик йўналишлари бўйича 1,5 минг нафарга яқин битирувчилар ўзларининг касб маҳоратларини намойиш этишди.

Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш, педагогика, олимпия захиралари, туризм ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежлари, тиббиёт институти қошидаги 2-сон академик лицейда ўтказилган тадбирларда кичик мутахассислик дипломига эга бўлаётган йигит-қизларнинг йўналишлар бўйича тақдимотлари вилоят жамоатчилиги, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари, мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.


Айниқса, компьютер технологиялари, маиший хизмат техникалари, тиббиёт, тикув-трикотаж, қурилиш-монтаж, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, электр, газ, сув таъминоти ва канализация тизимларини ўрнатиш, таъмирлаш, дурадгорлик, мебель ишлаб чиқариш, пайвандлаш каби ихтисосликларни эгаллаган ёш мутахассисларнинг маҳорати кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.

– Самарқанд автомобилсозлик коллежини битиряпман, – дейди Ш.Равшанов. – Битирув амалиётини “JV MAN Auto-Uzbekistan” қўшма корхонаcининг ҳамкори “ЎзАвто Трейлер” масъулияти чекланган жамиятида ўтадим. Юк автомобилларига тиркамалар ясовчи ушбу корхона мени доимий иш билан таъминлайдиган бўлди. Бугунги “Энг яхши мутахассис” танловида автомобиль двигателларини йиғиш ва созлаш бўйича амалий кўникмаларимни намойиш этдим.


Касб маҳорати тадбирларида республикамизнинг бошқа вилоятларидан ташриф буюрган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими мутахассислари, бандлик бўлими ҳамда коллежлар мутасаддилари ҳам иштирок этди.

– Самарқандга вилоятимиздаги 7 нафар коллеж мутасаддилари билан келганмиз, – дейди Хоразм вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси бандлик бўлими бошлиғи Қ.Худойберганов. – Тақдимотлар жараёнида ёшларнинг ихтисослик йўналишлари бўйича фундаментал, замонавий билим даражаси, мутахассислик малакаси ва касб маҳорати, ҳунарини амалиётга татбиқ этиш лаёқатига гувоҳ бўлдик. Айниқса, уларнинг замонавий техника, асбоб-ускуналар, дастгоҳ ва бошқа меҳнат қуролларидан эркин фойдалана олиши эътиборимизни тортди.

Тадбирларга касб-ҳунар коллежларида ўқиш истагида бўлган умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари таклиф этилгани айни муддао бўлибди.


Тақдимотларда коллеж битирувчилари туманларнинг вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар мутасаддилари, маҳалла раислари ҳамроҳлигида келган мактаб ўқувчиларига касб-ҳунар эгаллашнинг афзалликларини, ўзлари эгаллаётган натижаларини аниқ мисоллар билан кўрсатиб, сўзлаб беришмоқда. Бу эса фарзандининг таълим олиши, ҳунар эгаллашига эътибор бермаётган лоқайд ота-оналарга, дарс қолдираётган ёшларга самарали таъсир кўрсатади, фикри, дунёқарашининг ўзгаришига сабаб бўлади.

Шунингдек, коллеж битирувчиларининг спорт турлари, ошпазлик, меҳмонхона ва ресторан хизмати, амалий графика, мусиқа, анъанавий ижрочилик, рақс санъати бўйича ҳам маҳоратларини намойиш этиши тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.


Тақдимотлар давомида “Энг яхши бизнес лойиҳа” бўйича эллик нафарга яқин илғор бизнес лойиҳа муаллифларига кредит ажратиш тўғрисида сертификатлар топширилди. “Энг яхши мутахассис”, деб топилган 200 нафар битирувчига ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим қилинди.

Тадбирларда вилоят ҳокими З.Мирзаев иштирок этди.


Охирги ўзгариш: 23/04/2016 07:45.   Кўрилганлиги: 879
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/events/sara-mutaxassislar-istiqbolli-loyihalar

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 8

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг