
Хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ҳамда вилоят меҳнаткашларининг 2018 йил қишлоқ хўжалик мавсуми якунларига бағишланган тадбир ўтказилди.
Таъкидлаш лозимки, бу йил сув танқислиги, ёзнинг жазирамаси тажрибали деҳқонларни синовдан ўтказди. Шундай бўлса-да вилоят меҳнаткашлари 129 минг 508 тонна пахта, 305 минг тоннадан ортиқ бошоқли дон, 2241 тонна пилла хомашёси, 492 минг 300 тонна картошка, 1,5 миллион тонна полиз-сабзавот, 771,5 минг тонна мева ва узум етиштиришга эришдилар.
Вилоят соҳибкор деҳқонлари меҳнати эвазига етиштирилган мева-сабзавот дунёнинг 45 дан ортиқ давлатига экспорт қилинди ва бу кўрсаткич йил сайин ошиб бормоқда. Ҳозирда вилоятда 20 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритаётган бўлса, шулардан 3449 фермер хўжалиги кўп тармоқлига айлантирилди. Бунинг учун вилоят бўйича 244,9 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 3 212 та лойиҳа амалга оширилди. Яна 4 мингга яқин фермер хўжалиги хизмат кўрсатиш ва қўшимча тармоқлар фаолиятини йўлга қўймоқда.
– Одам меҳнати самарасини кўрганда кўнгли ўсади, – дейди «Нарпайдавсувмахсуспудрат» давлат унитар корхонаси эксковатор машинисти Холбек Хўжаев. – Ҳозиргина Президентимиз фармонига кўра «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор» унвонига сазовор бўлганим ва бу юксак мукофотни вилоятимиз раҳбари қўлидан олишим мени жуда тўлқинлантириб юборди.
Қирқ йилдан буён шу касб билан шуғулланиб келаман. Илгари зовурларни оддий, занжирли эксковаторда ковлардик. Ҳозирда Хитойнинг замонавий эксковаторини бошқаряпман. Техника баракали ишлаш учун барча қулайликларга эга, муҳими, унумдор. Шунинг учун ҳар ойда ўртача 15 минг куб қазиш ишларини бажаряпман.
Рости, бизнинг касбимиздаги кишилар унчалик ҳам кўзга ташланавермайди. Аммо фидокорона меҳнатимиз самараси – яшнаган ерлар, боғ-роғларни кўрганимда касбимдан, ушбу ободликда ҳиссам борлигидан фахрланиб кетаман. Камтарона меҳнатим юксак қадрланиб, юксак унвонга лойиқ кўрилганим эса мени янада жасорат билан меҳнат қилишга ундайди. Бу нафақат менга, балки бутун жамоамизнинг фидокорона меҳнатларига берилган мукофот, деб биламан.
– Фаолият бошлаганимизга 7 йил бўлди, – дейди «Илғор фермер» кўкрак нишони соҳиби, Иштихон туманидаги «Домла Аброр УМР» фермер хўжалиги бошлиғи Аброр Раббимов. – Дастлабки йилларда асосан пахта ва ғалла етиштирардик. Кейинчалик экин майдонларимиз кенгайди, хўжалигимизни ривожлантириш мақсадида қўшимча чорва ҳамда иссиқхона тармоғини йўлга қўйдик. Энди мевани қайта ишлаш кичик корхонаси ташкил этиш бўйича ишлар олиб боряпмиз.
Бунинг учун асосий манба – маблағимиз бор. Жорий йилда 44 гектар майдонда ғўза парваришлаб, 41 центнердан, 27 гектар ғалла етиштириб, 80 центнердан ҳосил олдик. Якуний даромадимиз 1 миллиард сўмдан ошди. Бугун республикамиздаги саноқли фермерлар қатори «Илғор фермер» кўкрак нишонига эга бўлганим мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир. Бундан кейин ҳам эл дастурхонини тўлдириш учун меҳнат қиламиз, изланамиз.
Элимиз ардоғидаги санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбир қатнашчиларига хушкайфият, кўтаринки руҳ бағишлади.
Ҳосил байрами тадбирлари Самарқанд шаҳридаги "Диёра" базмгоҳида бир пиёла чой устида давом этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 14
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.