Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“САМАРҚАНД ИФТИХОРЛАРИ» II АНЪАНАВИЙ ТАНЛОВИ БЎЛИБ ЎТДИ

“САМАРҚАНД ИФТИХОРЛАРИ» II АНЪАНАВИЙ ТАНЛОВИ БЎЛИБ ЎТДИ

Бу тадбир вилоятда халқ хўжалигининг барча соҳаларида ўзини намоён этаётган, интилувчанлиги, ғайрати ва билимдонлиги билан бошқалардан ажралиб турган ёшлар, Ўзбекистон Республикаси номидан халқаро мусобақалар ва фан олимпиадаларида иштирок этган спортчи ва ўқувчи-ёшлар, нафақа ёшида бўлишига қарамасдан, жамоат ва давлат ишларида фаол иштирок этаётган фахрийлар, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган бошқа соҳа вакилларига эҳтиром рамзи сифатида ўтказилмоқда. 

Дастлаб бир гуруҳ зиёлилар, меҳнат фахрийлари Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида бўлишиб, йигирма тўрт йил давомида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар, мустақиллик йилларида том маънода ўзгарган юртимизнинг энг яқин тарихига бағишланган экспозициядан баҳраманд бўлдилар, музей фаолияти билан танишдилар.

Шундан сўнг фахрийлар Имом Бухорий мажмуасида бўлиб, таъмирдан чиққан обидани зиёрат қилдилар. Қадамжода қурбонлик қилиниб, Қуръон тиловат қилинди. Вилоят нуронийлари мамлакатимизда тинчлик-хотиржамлик, элимиз дастурхонидан қут-барака аримаслигини сўраб дуо қилдилар. Шунингдек, шаҳардаги бошқа диққатга сазовор жойларга саёҳат уюштирилди.

***

Вилоят фахрийлари Самарқанд шаҳридаги “Диёр” базмгоҳида катта тантана ва юксак эҳтиром билан кутиб олинди.

Вилоят ҳокимлигининг вилоятимиз зиёлилари, фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари олдидаги ўзига хос ҳисоботи тарзда ўтказилган тадбирда жорий йил давомида Самарқанд вилоятида амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар ҳақида ҳикоя қилувчи видеоролик намойиш этилди.

2015 йилда вилоятимизда 40 та спорт заллари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ўтаётган йил Жомбой, Пастдарғом ва Иштихон туманларида 192 ёш оила уй-жойга эга бўлди. Пайариқ тумани, Каттақўрғон ҳамда Самарқанд шаҳарларида қурилаётган кўпқаватли “Камолот” уйларида яна 144 та оила ўз хонадонларига эга бўлиш арафасида турибди.

36 километр масофадаги халқаро аҳамиятдаги йўллар реконструкция қилинди. 55 погонометр кўприк, 25,4 километр маҳаллий йўллар таъмирланди.

Деҳқон ва фермерларимиз давлатга 325 минг тонна сара дон етказиб берди. Пахта сотиш шартномаси муваффақиятли бажарилиб, ўртача ҳосилдорлик 25 центнерга етказилди. Пилла топшириш бўйича ҳам юзлари ёруғ.

“Кексаларни эъзозлаш йили” вилоят дастурида белгиланган вазифалар доирасидаги 1 миллиард 48 миллион сўм маблағ тўлиқ ўзлаштирилди. Уларга маиший хизмат кўрсатиш ҳажми тўрт баробарга ортди.

Йил давомида шаҳар ва туманлар кўп тармоқли марказий ҳамда болалар поликлиникаларига “Саломатлик-3” лойиҳаси бўйича 8 миллиард 240 миллион сўмдан ортиқ сўнгги русумдаги тиббиёт асбоб-ускуналари олиб келинди. Инвестиция дастури доирасида 28 миллиард 939 миллион сўм маблағ ўзлаштирилиб, Ургут, Тайлоқ, Нарпай, Нуробод туманлари, шунингдек, Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмалари мукаммал таъмирланди, даволаш ва диагностика бўлимлари учун қўшимча бинолар қурилди.

Тўрт нафар ёшлар Президент стипендиати, 14 нафари турли номдор стипендиатлар бўлди. 20 нафари Халқаро фан олимпиадаларида қатнашди. 2015 йилда самарқандлик спортчилар 211 та мусобақада иштирок этиб, 1 228 та медални қўлга киритди.

Мустақиллик байрами ва бошқа касб байрамлари арафасида жами 29 нафар самарқандликлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари билан мамлакатимизнинг юксак унвонларига сазовор бўлди. Каттақўрғон туманидаги “Ҳосил” фермер хўжалиги раҳбари Аваз Ҳосиловга “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилиши Муҳтарам Юртбошимизнинг Самарқанд халқига юксак эътирофларининг яна бир намунасидир.

Самарқанд педагогика коллежи ўқувчиси Рухшона Иргашева Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Фарангиз Шамсиева эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлди.

***

Тадбирда вилоят ҳокими З.Мирзаев сўзга чиқди ва 2016 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишларга тўхталди.

Таъкидландики, 2016 йилда Самарқанд вилоятида Инвестиция дастури асосида 2,6 триллион сўмлик инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилган. Жами 71 та ижтимоий соҳа объектлари қурилади, реконструкция қилинади ва капитал таъмирланади.

Жумладан, 9 та касб-ҳунар коллежи, 51 та умумтаълим мактаби, 11 та соғлиқни сақлаш объектида қурилиш ва модернизация ишлари амалга оширилади. 38 та массивда 1327 та намунавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилади. Ушбу массивларда 20 та бозор инфратузилма объекти, 33 километр ичимлик суви, 32 километр электр тармоғи, 38,5 километр газ тармоғи ҳамда 34,2 километр ички йўллар қурилиши режалаштирилган.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан 67 та лойиҳа амалга оширилади. Ҳар бир туманда камида 2 та янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида умумий қиймати 101 миллиард сўмлик, жами 264 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилди. Дунёнинг 40 та номдор компанияларидан 75 миллион долларлик хорижий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилди. Жалб қилинаётган хорижий инвестициялар асосан енгил саноат, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, фармацевтика саноати каби соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилади.

94 830 та иш ўрни ташкил этилиши белгилаб олинган. Ташкил этиладиган бўш иш ўринларининг 52155 таси ёшлар учун мўлжалланяпти.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 11,7 фоизга, истеъмол маҳсулотлари 13,4 фоизга, пудрат ишлари 12 фоизга, чакана савдо айланмаси 14,2 фоизга, пуллик хизматлар кўрсатиш ҳажми 15,5 фоизга, жами инвестициялар ҳажми 6,2 фоизга ошади. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 13,6 триллион сўмни ташкил этиши вазифа этиб белгиланган.

***

Тадбирда “Йилнинг энг фаол кексалари”, “Спортимиз юлдузлари”, “Илм-фан фидойилари”, “Миллатни дунёга танитган ёшлар”, “Замонавий қурувчи, лойиҳачилар ва дизайнерлар”, “Қишлоқ хўжалик соҳаси фидойилари”, “Йилнинг энг яхши маънавият тарғиботчиси”, “Йилнинг энг фаол “Камолот” етакчиси”, “Ҳуқуқ соҳаси фаоллари”, “Йилнинг энг сермаҳсул ижодкорлари”, “Туризм соҳаси ривожига ҳисса қўшган ёшлар”, “Санъатим – саодатим” номинациялари бўйича ғолиблар шарафланди. Бир гуруҳ кексалар эса вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирландилар.

Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Мурод Алиев, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, бир неча карра жаҳон чемпиони, боксчи Муҳаммадқодир Абдуллаев, оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Руслан Нуриддинов, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Нодир Жонузоқ ва бошқа соҳаларнинг таниқли вакиллари топширдилар.

– Барчамиз тарихдан биладиган машҳур ибора бор, яъни «Ҳамма йўллар Римга элтади». Қизиғи, бу иборага кўпчилигимиз қаттиқ ишонганмиз ҳам, – деди Иқбол Мирзо. – Аммо шахсан ўзим икки-уч йил аввал Самарқандда бўлганимда бир италиялик сайёҳ Регистон майдонида ҳайрат билан турганига гувоҳ бўлдим. Беихтиёр эски ибора ёдимга тушди. Тўрт томонимда азим кентга “оқиб” келаётган европаликларни кўрдиму “Рим ибораси”нинг эскирганига амин бўлдим. Йўқ, бугун ҳамма йўллар Самарқандга элтяпти! Самарқанд дунё аҳли талпинадиган, бир кўришни орзу қиладиган шаҳарга айлангани ҳеч қандай сир эмас.

Бугунги тадбирда турли йўналишлар бўйича тақдирланганлар қаторига “Самарқанд ҳақидаги энг гўзал бадиий асар” номинацияси ҳам қўшилса, бу диёр ҳақида янада беқиёс ашъорлар битилган бўларди.

 

Вилоятимиз ва пойтахтдан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар ва ижодкор ёшларнинг чиқишлари тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.


Охирги ўзгариш: 31/12/2015 16:57.   Кўрилганлиги: 885
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/events/samarqand-iftixorlari-ii-ananaviy-tanlovi-bolib-otdi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 8

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг