Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“САМАРҚАНД ИФТИХОРЛАРИ”

“САМАРҚАНД ИФТИХОРЛАРИ”

Самарқанд шаҳрида фаол ва интилувчан ёшларга эътибор, мустақилликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган соҳа вакилларига эҳтиром рамзи сифатида “Самарқанд ифтихорлари” деб номланган тадбир ўтказилди.

Тадбирни вилоят ҳокими З.Мирзаев очди.

Миллатни дунёга танитувчи соҳалар кўп. Энг муҳими, қайси соҳа эгаси бўлмасин, миллийликдан, ўзликдан йироқлашмаган ҳолда меҳнат қилмоқ, Ватан шаънини юксалтирмоқ ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Самарқанд вилоятида истиқомат қилаётган ёшу кексалар орасида бундай инсонлар кўплаб топилади. Мазкур тадбир уларнинг фаолиятига, хизматига муносиб баҳо бериш учун ташкил этилди.


Тадбирда халқ хўжалигининг барча соҳаларида ўзини намоён этган, интилувчанлиги, ғайрати ва билимдонлиги билан бошқалардан ажралиб турган ёшлар, халқаро мусобақалар ва фан олимпиадаларида иштирок этган спортчи ва ўқувчи-ёшлар, жамоат ва давлат ишларида фаол иштирок этаётган фахрийлар, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган бошқа соҳалар вакиллари қатнашдилар.

Тадбирда бир гуруҳ фидойиларга вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиқлари, шунингдек, ҳомий ташкилотлар ҳамда спорт федерацияларининг қимматбаҳо ва эсдалик совғалари топширилди.

Мукофотларни тадбирга таклиф этилган Ўзбекистон халқ артистлари Ёқуб Аҳмедов, Ёдгор Саъдиев, Маҳмуд Намозов, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддн Саййид ва бошқа соҳаларнинг таниқли вакиллари топширдилар.


– Мазкур тадбирнинг номланишидаёқ катта маъно мужассам, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Абдурашид Эргашев. – Очиғини айтаман, узоқ йиллик фаолиятим давомида кўплаб анжуманларда қатнашган, эътироф этилган бўлсам-да, бугунги эътиборнинг завқи бошқача бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йилни “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилгани ва ҳозирданоқ биз, кекса авлоднинг эъзозу ҳурматга сазовор бўлаётганимиз барчамизни қувонтиради. Дарвоқе, эътироф этилаётганлар орасида кўплаб шогирдларимнинг борлигидан мамнунман.

“Самарқанд ифтихорлари” тадбири иштирокчилари “Спортимиз юлдузлари”, “Миллатни дунёга танитган ёшлар”, “Фаол “Камолот”чилар”, “Ҳуқуқ соҳаси фаоллари”, “Илм-фан фидойилари”, “Замонавий қурувчи ва дизайнер-лойиҳачилар”, “Интилувчан ижодкорлар”, “Туризм соҳаси ривожига ҳисса қўшган ёшлар”, “Йилнинг энг яхши маънавият тарғиботчиси”, “Қишлоқ хўжалик соҳаси фидойилари”, “Санъатим-саодатим”, “Элимизнинг фаол кексалари” номинациялари бўйича тақдирландилар.


– Миллатни спортчалик дунёга танитадиган бирор-бир соҳа йўқлигини яхши биламиз. Айнан шу жиҳат менинг ҳам ушбу соҳани танлашимга туртки бўлган, – дейди “Динамо” профессионал футбол клуби ҳимоячиси, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси Фирдавс Абдусалимов. – Сўнгги йилларда мамлакатимизда спортга эътибор кучайиб бормоқда ва, энг асосийси, бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.

Биргина 2014 йилнинг ўзида вилоятимиз спортчилари республика чемпионати ва бошқа мусобақаларида 1228 та, Жаҳон ва Осиё чемпионатларида 143 та медални қўлга киритибди. Мазкур тадбирда биз, спортчиларнинг ҳам тақдирланганимиз ҳаммамизга катта куч, масъулият бағишлайди.


– Дунёда гўзал фавворалари билан машҳур давлатлар кўп ва баъзи шаҳарларда бу туризмнинг асосий манбаига айланган, – дейди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти сув таъминоти ва канализация кафедраси ассистенти Акмал Соатов. – Сўнгги йилларда бизнинг мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда ҳам фавворалар қурилишига эътибор берилмоқда. Самарқанд шаҳри ва Пайариқ туманидаги мусиқали фаввораларни қуришга ўз ҳиссамни қўшдим. Ўйлайманки, кундан-кун тараққий этиб, ривожланиб бораётган шаҳару қишлоқларимизга бундай лойиҳалар керак.


Вилоятимизда илк бора ўтказилган “Самарқанд ифтихорлари” тадбирида турли соҳаларнинг юздан ортиқ фидойилари эътироф этилди.




“Самарқанд ифтихорлари” тадбирида тилга олинган айрим факт ва маълумотлар

 

ТАЪЛИМ

Халқ таълими муассасалари жами сони - 1888  та.

Улардаги жами ишловчилар сони  - 73 минг 820 нафар.

Шундан педагог-тарбиячилар сони - 53 минг 331 нафар

Педагог-тарбиячиларнинг 339 нафари мустақиллик йилларида давлат мукофотларини олишган.

“Халқ ўқитувчиси” унвонини олганлар - 31 нафар.

1994 йилда вилоят умумтаълим мактабларида 851 та стадион, 381 та спорт заллари мавжуд бўлса, ҳозир стадионлар  сони 1027 тага, спорт заллари сони 632 тага етди.

***

175 та коллеж-лицейларда 183 минг 943 нафар ўқувчилар 106 йўналиш бўйича касб-ҳунар сирларини эгаллашмоқда.

Уларга 12 минг 995 нафар ўқитувчилар, 1208 нафар ишлаб чиқариш усталари  билим ва касб ўргатади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида таълим олаётган ўқувчиларнинг 3 нафари халқаро фан Олимпиадалари қатнашчилари, 27 нафари жаҳон ва Осиё спорт мусобоқалари чемпионларидир.

***

8  та олий ўқув юрида 25 минг 200 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга
2 минг 600 нафар профессор-ўқитувчилар дарс беришади.

Уларнинг:

948 нафари – фан номзодлари;

176 нафари – фан докторларидир.

Профессор-ўқитувчиларнинг 33 нафари  мустақиллик йилларида давлат мукофотлари билан тақдирланган.

Олий ўқув юртлари талабалари орасида:

4нафар Президент стипендиантлари;

14  нафар бошқа номдор стипендиантлар;

47 нафар Осиё ва жаҳон спорт мусобоқалари совриндорлари;

20 нафар халқаро ва республика  фан олимпиадалари ғолиблари бор.  

Вилоятдаги олий ўқув юртларида 11 та чет тиллари ўқитилади.

***

Вилоятда 7 та илмий-тадқиқот институтлари фаолият кўрсатаяпти.

 

ТИББИЁТ

Вилоятдаги жами тиббиёт муассасалар сони - 422  та.

Жами ишловчилар сони - 35 минг 756 нафар. Шундан:

Олий тоифали шифокорлар - 1476 нафар;

Фан номзодлари - 181 нафар;

Фан докторлари - 52 нафар.

38 нафар тиббиёт ходимлари давлат мукофотларини олган.

 

СПОРТ

Вилоятда жами спорт иншоотлари 5063 та.

Шундан: 56 та футбол стадиони, 869 та спорт зали, 11 та сузиш бассейни, 1024 та баскетбол, 1270 та волейбол, 768 та гандбол, 22 та теннис корти, 767 та футбол майдони, 267 та мини-футбол (76 таси сунъий қопламали) майдони мавжуд.

Спорт иншоотлари бир кунда 180 минг нафар ёшларни қабул қилиш имкониятига эга.

Спорт федерациялари – 45 та.

2 та Олимпия заҳиралари коллежи, 2 та Олий спорт маҳорат мактаби, 50 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида 55 та спорт тури бўйича спортчилар тайёрланмоқда.

2014 йилда спортчиларимиз республика мусобақаларда 1228 та:

388 та олтин;

347 та кумуш;

493 та бронза медалларини қўлга киритдилар.

Вилоят спортчилари 92 марта Жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда бошқа халқаро мусобақаларда иштирок этиб,

60 та олтин;

46 та кумуш;

38 та бронза – жами 143 та медаллар қўлга киритилди.

2014 йилда 1 нафар ёшлар олимпиадаси чемпиони,

6 нафар жаҳон чемпиони,

17 нафар Осиё чемпиони етишиб чиқди.

“Умид ниҳоллари” (Навоий, 2012 йил) мусобақасида умумжамоа ҳисобида учинчи ўрин, “Универсиада” (Бухоро, 2013 йил) баҳсларида фахрли иккинчи ўрин, “Баркамол авлод” (Наманган, 2014 йил) спорт мусобақаларида учинчи ўрин қўлга киритилди.

2003-2014 йиллар мобайнида 199 та спорт иншооти қурилди ва реконструкция қилинди. 166 таси қишлоқ жойларда ташкил этилди.

Спорт иншоотларида 1615 нафар мураббийлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 378 нафари хотин-қизлар.

2014 йилда халқаро тоифадаги спорт усталари 8 нафарга,

спорт усталари 64 нафарга,

спорт усталигига номзодлар 137  нафарга кўпайди.

2003 йилда бадиий гимнастика бўйича 31 нафар мураббий фаолият кўрсатган ва 1500 нафар қизлар шуғулланган бўлса, 2014 йилга келиб мураббийлар 184 нафарга, шуғулланувчилар 5700 нафарга етди.

2003 йилда вилоятда 6-15 ёшли ўқувчи-ёшларнинг 18,6 фоизи спортга жалб қилинган бўлса, 2014 йилга келиб ушбу кўрсаткич 51,6 фоизга етди.

Жумладан, қизларнинг 33,4 фоизи мунтазам спорт билан шуғулланмоқда.

2003 йилга нисбатан дзюдо, бокс, миллий кураш, қўл тўпи, енгил атлетика, академик, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бадиий гимнастика, стол тенниси, таэквандо ВТФ, сузиш, синхрон сузиш каби спорт турлари ривожланди.

 

ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ВА БАДИИЙ ИЖОД

2 та телевидение, 1 та радио фаолият кўрсатмоқда. 3 та вилоят, 2 та шаҳар, 14 та туман газетаси,  10 та тармоқ ва идоравий, 21 та хусусий газеталар, 6 та журнал чоп этилмоқда.

Уларда жами 300 нафардан кўпроқ ижодий ва техник ходимлар ишлаяпди.

Вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари Республика миқёсида ўтказилаётган танловларда иштирок этиб, турли йўналишларда 20 дан кўпроқ совринли ўринларни қўлга киритиб келаяпти.

Самарқандлик ижодкорлар “Олтин қалам” Миллий мукофотининг турли номинациялари бўйича 5 марта мукофотланган.

Мустақиллик йилларида 8 нафар журналист “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлган.

2006 йилдан буён вилоят “Зарафшон”, “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд” газеталари қошида “Журналистик маҳорат маркази” ишлаб келмоқда. Ўртача 30 нафар ёшлар журналистика соҳаси билан танишиб, уларнинг айримлари таҳририятларга ишга қабул қилинаяпди.

***

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг 22 нафар аъзоси Самарқандда ижодий фаолият билан шуғулланмоқда.

Уларнинг 3 нафари Давлат мукофоти билан тақдирланган.

Мустақиллик йилларигача  вилоятда нашриёт умуман бўлмаган.  

Ҳозир 2 та нашриёт ишлаб турипди.

 

МАДАНИЯТ ВА САНЪАТ

1990-1994 йилларда қўшиқчилик соҳасида 8 нафар, опера йўналишида
2 нафар, театр соҳасида 3 нафар номдор санъат усталари ижод қилган.

1994 йилда вилоятда атиги 1 нафар (Мардон Мавлонов) Давлат мукофоти совриндори бўлган.

Ҳозир вилоятда 5 та театр фаолият кўрсатмоқда.

Вилоятда Маданият ва санъат соҳасида 180 нафар санъаткор, 2 нафар Халқ артисти, 10 нафар хизмат кўрсатган артист, 4 нафар хизмат кўрсатган маданият ходими, 5 нафар “Ниҳол” мукофоти совриндорлари ижод қилаяпти.

Маданият ва истироҳат боғлари – 17 та;

Замонавий маданият ва аҳоли дам олиш масканлари – 95 та;

Кутубхоналар – 309 та;

Ахборот ресурс марказлари кутубхона фонди – 11 миллион нусхадан кўп.

 

ҚУРИЛИШ СОҲАСИ

2009 йилдан буён қишлоқларда 4482 та намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилди.

Шаҳарда 2014 йилда 1024 та замонавий кўпквартирали уй-жойлар бунёд этилди.

1994 йилда вилоятда 114 та қурилиш ташкилоти фаолият кўрсатган. Бугунги кунга келиб қурилиш-пудрат ташкилотлари сони 1400 дан кўпроқ.

Уларнинг 17 таси йирик, 124 таси кичик корхона, 1253 таси микрофирма сифатида фаолият кўрсатмоқда.

1994 йилда 12 та лойиҳа институти мавжуд бўлган.

2014 йилга келиб 77 та лойиҳа институтлари фаолият кўрсатаяпти.

 

ТУРИЗМ

Туризм фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган 140 дан зиёд сайёҳлик фирмалари ва 90 га яқин меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда.

Меҳмонхоналардаги ўринлар сони 4000 тага етди, 300 га яқин иш ўрни яратилди.

2014 йилда вилоятдаги туристик фирма ва меҳмонхоналар томонидан кўрсатилган хизматлар 33 миллиард 670 миллион сўмни, экспорт ҳажми
12 миллион 350 минг долларни ташкил қилди.

Йил давомида 100 минг нафардан кўпроқ чет эллик ва 55 минг нафар маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатилди.

 

ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йилнинг 10 июнидаги “Зулфия номидаги давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони асосида ўтказилаётган танловда ўтган давр мобайнида вилоятимиздан 14 нафар қизлар муваффақиятли қатнашиб, мазкур нуфузли мукофотга сазовор бўлди.

Жумладан,

Адабиёт йўналишида 1 нафар;

Маданият йўналишида 5 нафар;

Фан йўналишида 4 нафар;

Таълим йўналишида 4 нафар 

зукко қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлдилар.


Охирги ўзгариш: 31/12/2014 14:09.   Кўрилганлиги: 3349
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/events/samarqand-iftixorlari

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 13

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.