Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ ҲЕЧ КИМДАН КАМ ЭМАС

ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ ҲЕЧ КИМДАН КАМ ЭМАС

Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги арафасида самарқандлик ўқувчи-ёшлар буюк алломаларнинг муносиб ворислари эканликларини амалда намоён этиб, энг улуғ, энг азиз байрамимизга муносиб туҳфа ҳозирлади. 

Хитой Халқ Республикасининг Чанчунь шаҳрида 27-31 июль кунлари ташкил этилган математика бўйича халқаро олимпиадада Каттақўрғон шаҳридаги 17-ихтисослаштирилган мактабнинг 8-синф ўқувчиси Жаҳонгир Тўраев кумуш медалга сазовор бўлди.


6 август куни Босния ва Герцеговина пойтахти Сараевода ўтказилган дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Пастдарғом политехника коллежи ўқувчиси Диёра Келдиёрова олтин медални қўлга киритди. Диёра мамлакатимиз хотин-қиз дзюдочилари орасида илк бор ана шундай даражага эришди.


Самарқандда ана шундай истеъдодли ўқувчилар ва уларнинг мураббийлари ҳамда ота-оналарини шарафлашга бағишланган маросим ўтказилди.

Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол улғайиши, замонавий таълим-тарбия олиши ва ўз истеъдодини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастури асосида амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасида замон талабларига тўла мос келадиган миллий таълим тизимига асос солинди. Таълим муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, малакали педагог кадрлар тайёрлаш сифати ошди.


– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан барча шаҳар ва қишлоқларимизда замонавий спорт мажмуалари бунёд этилди, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳасан Нормуродов. –Умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида уч босқичли спорт ўйинлари йўлга қўйилди. Бугун мамлакатимиз ёшларининг ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда халқаро фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида муваффақият қозонишлари келажакни ўйлаб амалга оширилган ана шу ислоҳотлар бераётган мевалардир. Ўз интеллектуал салоҳияти жиҳатидан кўплаб ривожланган давлатлардаги тенгдошларидан юқори билимга эга эканини исботлаган Жаҳонгирнинг, юртимиз хотин-қиз дзюдочилари орасида биринчи жаҳон чемпиони бўлган Диёранинг улкан ютуқлари Президентимиз раҳнамолигида ёш авлод камолотига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.


Жаҳонгир болалигидан математикага қизиққани боис, ушбу фанга оид барча танловларда фаол қатнашиб келмоқда. 5-синфдан бошлаб “Билимлар беллашуви”нинг шаҳар ва вилоят босқичларида фахрли ўринларни эгаллаган. Ўтган ўқув йилида мазкур танловнинг мамлакат босқичида ғолибликни қўлга киритди.

– Оилада фарзандларнинг ўқишига ҳам, спорт билан шуғулланишига ҳам алоҳида эътибор берамиз, – дейди Жаҳонгирнинг отаси Ҳусниддин Тиллаев. – Икки қизим олий маълумотли, катта ўғлим яқинда Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида тест синовларини топширди. Ҳар куни кечқурун бутун оила жам бўлганимизда илм-фан бўйича баҳс-мунозара қизиб кетади. Онаси иккимиз уларни кузатиб туриб, хурсанд бўламиз. Бугун фарзандимиз туфайли шунча ҳурмат-эҳтиром кўрганимиздан бошимиз осмонга етди. Бунинг учун ёшларимизга кенг имкониятлар яратиб бераётган Юртбошимиздан, уларнинг истеъдодини рўёбга чиқараётган ўқитувчи-мураббийлардан миннатдормиз..


Пастдарғом туманидаги Жума шаҳрида туғилиб ўсган Диёра Келдиёрова болалигидан спортга ҳавас қўйди. Мактаб даврида дзюдо спорт тўгараги машғулотларида қатнашиб, кичик турнирларда муваффақият қозонгач, ота-онаси уни Самарқанд олий спорт маҳорати мактабига беришди. Спортга ҳавасманд қизнинг ҳаракатлари, шижоати мураббийларни бефарқ қолдирмади. Мана, олти йилдирки, Диёра мураббий Хуршида Холиқова раҳбарлигида дзюдо билан шуғулланиб, мамлакат ва халқаро танловларда юқори натижаларга эришиб келмоқда. 2013 йилда Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги II Осиё ўйинларида бронза медали билан тақдирланди.


– Спортда эришган ютуқларим мамлакатимизда ёшлар учун яратилган улкан имкониятлар туфайлидир, – дейди Диёра Келдиёрова. – Сараевода ўтказилган жаҳон чемпионатида дунёнинг олтмишга яқин давлатидан спортчилар қатнашди. Биз, Ўзбекистон ёшлари нималарга қодирлигимизни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Чемпионатда қўлга киритган ҳар бир медалимиз Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига совғамиздир.

Тадбирда вилоят ҳокими З.Мирзаев иштирок этди.






Ғ.Ҳасанов


Охирги ўзгариш: 13/08/2015 22:11.   Кўрилганлиги: 2622
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/events/ozbekiston-yoshlari-hech-kimdan-kam-emas

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 10

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.