
Самарқандда эрта тонгдан карнай-сурнай садолари янграб, эл-улус байрам шодиёналарига чорланди. Шаҳарнинг ўнга яқин маскани – Алишер Навоий номидаги, “Суғдиёна”, “Ёшлик” маданият ва истироҳат боғлари, Университет хиёбони, Руҳобод ҳамда Рудакий майдонлари, Алишер Навоий ва Камол ота Турк кўчалари, Эшкак эшиш канали ҳудуди аҳоли билан гавжум бўлиб, ўзгача тароват касб этди.
Ушбу масканлардаги халқ сайилларида корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари томонидан азалий урф-одатларимизга мувофиқ дастурхон безатилди. Баҳорий таомлар, ширмой кулчалару патирлар, дошқозонларда тайёрланган сумалак дастурхонларга тортилди. Баҳорий гўзалликка мос қизлар ўзбекона одатларга биноан келинсаломлар қилдилар.
Сайилларда турли халқ ва спорт ўйинлари, лапару айтишувлар, айниқса, ўлмас қадриятларимизни намойиш этишга кенг ўрин берилди.Кексалар тўкин дастурхон атрофида ўтириб, юртимиз тинчлиги, фарзандларимиз омонлиги, деҳқончилигимиз баракаси учун дуога қўл очдилар.
Асосий байрам тадбирини нишонлаш учун вилоят жамоатчилиги вакиллари, шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган меҳмонлар “Мўъжиза” амфитеатрига йиғилдилар. Вилоят ҳокими З.Мирзаев йиғилганларни уларнинг тимсолида вилоятимиз аҳлини байрам билан табриклади.
– Наврўз кунларида фақат яхшиликлар ҳақида гапирилади, Яратгандан қут-барака тилаб, ишга киришилади, – деди вилоят ҳокими. – Бу йил ҳам ўз олдимизда истиқболли режалар белгилаганмиз.
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги нишонланадиган “Соғлом она ва бола йили”да қишлоқларимизда намунавий лойиҳалар асосида 1327 та уй-жойлар бунёд этилмоқда. Шаҳарлардаэса 660 хонадондан иборат 12 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, ўз эгаларига топширилади.Қурилиши мўлжалланган 191 та ижтимоий соҳа объектлари, янги мактаб, соғлиқни сақлаш иншоотлари, мусиқа ва санъат мактаблари шаҳар ва қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшиши табиий.Ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан вояга етиши учун жорий йилда 49 та болалар спорти объектлари фойдаланишга топширилиши мўлжалланмоқда.
Яхши йил – кўкламидан маълум, дейди доно халқимиз. Айниқса, бу йилги баҳор файзли бошланди. Табиатдаги ажиб уйғониш, янгиланиш юртдошларимиз руҳиятига ҳам кўчаётир. Қуёш заминни қиздириб, деҳқонларни далаларга ҳар доимгидан эрта чорлади. Кўнглига эл дастурхонини тўкин қилишдек эзгу мақсадни туккан бободеҳқонлар ва миришкорлар аллақачон далага чиқиб, ерга барака уруғини қадай бошлади.
Сўнг амфитеатр саҳнасида вилоятдаги бадиий ҳаваскорлик жамоалари, фольклор-этнографик ансамбллари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг чиқишлари, шунингдек, пойтахтдан ташриф буюрган эл ардоғидаги санъаткорлар, ёшлар томонидан ижро этилган халқ оғзаки ижоди термаларидан намуналар, она-Ватанни, тинчликни, обод ва озод юртимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчага қувонч улашди.
Мазкур хуррамлигу шодмонлик, эзгу тилаклар шаҳримизга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар, юртдошларимизнинг ҳам тилига кўчди.
– Аввало, бир неча миллат вакиллари истиқомат қилаётган Ўзбекистоннинг бағрикенглиги, меҳмондўстлиги эътиборимни тортди, – дейди Жанубий Кореядан ташриф буюрган Хан Вон Ли. – Миллатлараро дўстлик, ҳамжиҳатликка Наврўз тантаналарида ўз чиқишларини намойиш этаётган миллий маданий марказлар вакиллари билан бўлган суҳбатларда ҳам амин бўлдим. Улар ўз миллий таомлари билан биргаликда ўзбек таомларини тайёрлашни ҳам пухта ўзлаштиришибди. Бу таомлардан татиб кўрдим. Айниқса, сумалак, кўк сомса, ҳалиса менга жуда маъқул келди. Бугун дунёнинг турли минтақаларида нотинчлик ҳукм сураётган бир паллада тинчлигини, фаровонлигини таъминлаб, барча инсонпарварлик ғояларини, ҳамфикрликни ўзига шиор этган ўзбекистонликларни Наврўз айёми билан муборакбод этаман.
– Вилоятимизнинг бугунги ёшлари орасида 14 нафар халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, 26 нафар номдор стипендиантлар, 14 нафар жаҳон, 11 нафар Осиё чемпионлари борлиги кўнглимда фахр уйғотди, – дейди Самарқанд шаҳридаги Қўшбаққолли маҳалласида яшовчи 80 ёшли отахон М.Наимов. – Шундай ёшларни улғайтираётган элимиздан тинчлик-тотувлик аримасин. Элбошилар омон бўлсин. Далаларимиздан, хонадонларимиздан қут-барака кўтарилмасин.
Наврўз тантаналари доирасидаги тадбирлар Меҳрибонлик, Мурувват ҳамда Саховат уйлари, махсус мактаб-интернатларида ҳам давом этди. Ушбу масканларда вилоят ҳокимлиги бўлим ва бошқармалари, жамоат ташкилотлари томонидан байрам дастурхонлари ёзилиб, концерт дастурлари намойиш этилди. Кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди, қариялар, ногиронлар, беморлар ва муҳтожлар ҳолидан хабар олинди.
Наврўз тантаналарига бағишланган тадбирлардан олинган фотосуратлар билан ушбу саҳифада танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 13
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.