Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“БУНЁДКОР” – ЭНГ НАМУНАЛИ МАҲАЛЛА

“БУНЁДКОР” – ЭНГ НАМУНАЛИ МАҲАЛЛА

Самарқанд шаҳрида “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” кўрик-танловининг Республика босқичи бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 14 фуқаролар йиғини вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу танловнинг мазмун-моҳияти, нуфузи ва аҳамияти йилдан-йилга ортиб бормоқда. Айниқса, фуқаролар йиғинларининг фаолиятини такомиллаштириш, соҳа ходимларининг билим ва малакасини ошириш, бошқарувдаги илғор тажрибаларни оммалаштиришда ушбу танлов муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу йилнинг апрель-май ойларида ўтказилган танловнинг туман, шаҳар босқичларида 9764 та, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида 193 та фуқаролар йиғинлари қатнашди.

Танловда иштирок этган 14 та жамоа учта шарт бўйича баҳс олиб боришди. Ушбу шартларда маҳалланинг асосий фаолият йўналиши бўйича комиссиялар ишининг нечоғли йўлга қўйилгани, иш тажрибаси, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, она ва бола саломатлигини таъминлаш, ёшларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Биринчи шартда жамоалар томонидан фуқаролар йиғинларининг ҳудудда амалга ошираётган ишлари, эришган ютуқлари, намунали иш тажрибаларига оид тақдимотлари намойиш этилди.

Иккинчи шартда иштирокчиларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига оид қонун ҳужжатлари, унинг амалдаги ижроси бўйича билимлари ва турли масалалар ечими юзасидан малакалари баҳоланди.

Учинчи шарт тезкор савол-жавоб тарзида ташкил этилди ва фуқаролар йиғинлари раислари билими, ҳозиржавоблиги ва дунёқараши синовдан ўтказилди.


Танлов якунига кўра, Навоий вилояти Навоий шаҳридаги “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини биринчи, Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини иккинчи ва Наманган вилояти Наманган шаҳридаги “Фурқат” маҳалла фуқаролар йиғини учинчи ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Танлов ғолиблари махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тадбир давомида ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига оид фотоальбомлар, миллий либослар ва ҳунармандлик намуналари кўргазмалари ташкил этилди.

Иштирокчилар вилоятдаги қадимий обидалар ва муқаддас зиёратгоҳларга ташриф буюришди. Намунали маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти билан яқиндан танишишди ва тажрибалар алмашишди.

Таниқли санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбирга байрам шукуҳини тақдим этди.

Тадбирда вилоят ҳокими З.Мирзаев иштирок этди.


Охирги ўзгариш: 18/08/2016 21:55.   Кўрилганлиги: 2416
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/events/bunyodkor-eng-namunali-mahalla

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 14

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.