
25 июль куни Самарқанд вилоятида Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги олдидан “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида маънавий тарғибот тадбирлари ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 17 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан ташкил этилган учрашувларда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Бадиий академия, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, олимлар ва маънавият тарғиботчилари қатнашди.
***
Оқдарё туманидаги “Устоз” санаторийсида ўтказилган учрашувда Республика Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази раҳбари Муҳаммаджон Қуронов, Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим ҳамда вилоятдаги бир гуруҳ ижодкорлар туман аҳли билан дилдан суҳбат қурдилар.
– Нега Мустақиллик байрамига энг улуғ, энг азиз, дея таъриф берилаётгани бугун барчамизга аён, – дейди Муҳаммаджон Қуронов. – Чунки биз бу тушунчани, ҳақиқатни жуда узоқ кутгандик ва шунинг учун ҳам мустақилликнинг қадри миллатимиз учун ниҳоятда юқоридир.
Эътиборлиси, айни кунларда ҳаммамизнинг тилимиз ва дилимизда энг кўп айланаётган сўз – ким эдигу ким бўлдик, деган саволга фахру ғурур билан жавоб бера оляпмиз. Бу байрам шунинг учун ҳам азиз ва қадрлидир. Муҳими, мана шундай тадбирларда айтилаётган далиллар, ўзбек фарзандининг жаҳон билан тенглашаётгани, ёши улуғларнинг ҳаётий сабоқ-хулосалари ёшларимизнинг юрагида Ватанга муҳаббат ҳиссини, миллий ғурурни ошираётгани айни ҳақиқат.
– Эсимда, Тошкентдан Сурхондарёга бориш учун ўттиз соатдан ортиқ поездда юришга тўғри келарди, – дейди Усмон Азим. – Очиғи, йўл азоби ва сафар давомидаги айрим нохушликлардан безардик. Бугун мамлакатимизнинг исталган бурчагига истаган пайтда, яхши кайфиятда бориб кела оласиз. Кўз олдингизда ўзгариб бораётган шаҳару қишлоқларга қараб дилингиз яйрайди.
Айниқса, маънан юксалган, савияси, қараши ўсган, ўзи ва ўзгаларни қадрлашни биладиган инсонлар билан суҳбатлашиб шукур, дейсиз. Дарҳақиқат, сийратимиздаги эврилиш, кўнглимиз ҳам, кўзимиз ҳам тўқ бўлгани Мустақиллик шарофатидан, деб ўйлайман.
***
Жомбой туманидаги Тут маҳалласи марказида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Маматқул Ҳазратқулов, Ўзбекистон Халқ шоири Маҳмуд Тоир, “Маданият ва маърифат” телеканали директори Воҳид Луқмон, ижодкорлардан Зиёдулла Нурматов, Фармон Тошев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бугун юксак самаралар бераётганини таъкидладилар.
Давлатимизнинг мустақилликка эришиш тарихи, аждодларимизнинг бой маънавий меросини, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш ва асраб-авайлаш, тараққиётнинг “ўзбек модели” деб эътироф этилаётган ривожланиш тизими ҳақида аниқ мисоллар, таҳлиллар асосида сўз юритилди. Мамлакатимиздаги барқарор тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик туфайли амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳар бир ҳудуд, маҳалла ва оила мисолида таққосланиб, халқимиз турмуш фаровонлиги йил сайин юксалиб бораётгани қайд этилди.
– Олти мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламизда ўтган йил замонавий маҳалла маркази ва нуронийлар чойхонаси бунёд этилгач, бу ер чинакам маънавият масканига айланиб, бугунгидек тадбирларни ўтказиш анъана тусини олди, – дейди Тут маҳалласида яшовчи Дилафрўз Хўжанова. – Элимиз ардоғидаги шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, олимлар маҳалламизга келиб, халқ билан дилдан суҳбат қурмоқда, дунё ва юртимиздаги янгиликлар, ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар бериляпти. Бу эса, айниқса, ёшларимиз учун муҳим тарбия воситаси бўлмоқда. Бугун ҳам мустақилликнинг қадр-қиммати ҳақида кўплаб янги фикрларни эшитиб, кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, деган саволимизга жавоб олдик.
***
Ватан мадҳи мушоирасида эса таниқли шоирлар қаторида ёш қаламкашлар ҳам иштирок этишди. Пастдарғом туманининг Жума шаҳри Ёшлар боғида, Самарқанд тумани “Оҳалик олтин боғи” фермер хўжалиги дала шийпони ҳамда Пайариқ шаҳри истироҳат боғида ўтказилган тарғибот тадбирларида ҳам халқимиз таниган ижодкорлар Хосият Бобомуродова, Ориф Ҳожи, Жамол Сирожиддин, Нодир Жонузоқ, Ориф Тўхташ, Фаррух Ҳамроев томонидан бетакрор Ватанимизнинг беназир қиёфаси мадҳ этилди.
Шундан сўнг Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Бадиий академияси аъзолари, таниқли ранг-тасвир усталари ва ёш ижодкорларнинг расмлар кўргазмаси, элимиз ардоғидаги шоирлар иштирокида мушоира ўтказилди.
Бугунги кунда вилоятда Республика Бадиий ижодкорлар уюшмасининг 80 нафар аъзоси фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, кулолчилик, дизайн, монументал безак бериш, ёшлар шўъбалари ишлаб турибди. Уларнинг икки нафари Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси – академик ҳисобланади. Мустақиллик йилларида уюшманинг етти нафар аъзоси Давлат мукофотлари билан тақдирланган.
– Мамлакатимизнинг ҳар бир гўшаси биз, ижодкорларга илҳом беради, – дейди Ўзбекистон Халқ рассоми Акмал Нур. – Хусусан, Самарқанд ҳақида гап кетганда, бу шаҳар миллатимиз тарихини ўзида мужассам этган манзил ҳисобланади. Қизиғи, сўнгги йиллардаги замонавий ва шарқона қиёфаси ҳам шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди.
Айтиш мумкинки, бу гўзалликлар, улкан бунёдкорликларни самарқандлик мўйқалам усталари ўзига хос тарзда асарларида акс эттирмоқдалар. Буни нафақат мамлакат ва халқаро кўргазмаларда, балки бугунги Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилаётган кўргазмада ҳам кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз.
Тадбир қатнашчилари Самарқанд шаҳридаги “Чашма” маҳалласида амалга оширилган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишдилар.
– Самарқанднинг эски шаҳар қисми деб аталадиган бу жойни бугун кўриб, очиғи таний олмаяпман, – дейди “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳмат. – Бир-биридан кўркам бинолар, равон кўчалар туфайли бу масканни эски шаҳар, дейишга ҳам тил бормайди. Айниқса, “Чашма” маҳалласида замонавий маҳалла маркази ва мўъжаз истироҳат боғи, бетакрор фаввора барпо этилгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳар бир маҳаллада, хонадонда давом этаётганидан далолат беради. Ана шу обод жойларда юрар эканмиз, гўёки Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий боболаримиз ҳам бугунги авлоддан миннатдордек қараб тургандек бўлади.
Дарҳақиқат, Самарқанд шаҳридаги эски шаҳар қисмининг чеккасида жойлашган “Чашма” маҳалласи кўп йиллар давомида ҳудуддаги ташландиқ жойда, вақтинча қурилган эски бинода фаолият кўрсатиб келган. Маҳалла биносида ходимлар учун иш хоналари етарли бўлмагани сабабли, фуқароларни қабул қилиш, улар билан турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш муаммо эди.
“Чашма” маҳалласи аҳолисининг таклифи ва вилоят ҳокимининг ташаббуси билан маҳалланинг янги, замонавий биноси ҳашар йўли билан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари фаолият юритишлари учун қулай шароитлар яратилди. Бу ерда ишловчи ҳар бир ходим учун алоҳида хоналар, йиғилиш ёки бошқа турли тадбирларни ташкил этиш учун “Маънавият ва маърифат” хонаси қурилди ва замон талаблари асосида жиҳозланди.
Маҳалла биноси ёнида жойлашган ташландиқ ер майдони жойидан замонавий болалар истироҳат боғи ташкил этилди. Боғ марказида катта фаввора қурилиб, музқаймоқ ва яхна ичимликлар савдоси ташкил этилди. Бу ишлар эвазига ҳудудда яшовчи 20-25 нафар аҳоли иш билан доимий таъминланди.
Бунёдкорлик ишлари ҳисобига бугун “Чашма” маҳалласи маркази таниб бўлмас даржада ўзгарди. Ушбу марказ Самарқанд шаҳрининг одамлар сайр қиладиган энг сўлим жойига айланди. Бугун нафақат самарқандликлар, балки шаҳримизга ташриф буюрадиган чет эллик меҳмонлар кўриб ҳавас қиладиган ва дам оладиган масканга айланди.
Шундан сўнг меҳмонлар республикамиздаги энг обод обида, деб топилган Хўжа Дониёр мажмуасини зиёрат қилдилар.
Ижодкорлар суҳбати Жомбой туманидаги сўлим боғда давом этди. Бу ерга вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, ёзувчилар, рассомлар, фахрий журналист ва ижодкор, пойтахтдан келган маънавият тарғиботчилари таклиф этилди.
Вилоят ҳокими З.Мирзаев вилоятда маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Бу борада фаоллик кўрсатган журналист, маънавиятчи, матбаачи, ношир, рассом, шоир ва ёзувчиларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 6
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.