Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ

ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қирқ тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди. 

Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи раҳбари Б.Шарофов бошқарди.

Депутатлар сессия кун тартиби ва иш тартибини тасдиқладилар.

Дастлаб “Самарқанд вилояти ҳокимининг 2017 йилда вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи ҳақида”ги масала кўриб чиқилди.

Мазкур масала бўйича вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Худойбердиев маъруза қилди.

Таъкидланишича, 2017 йилда вилоят ялпи ички маҳсулоти ҳажми 18 триллион 319 миллиард сўмга етиб, 102 фоизга бажарилган. Саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида ҳам барқарор ўсиш суръатлари таъминланган. Ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 96 миллион долларни ташкил этди.

Йил давомида хорижий сармоя иштирокида 56 та янги корхона ташкил этилиб, уларнинг сони 291 тага етди. Вилоятдаги 44 та давлат мулки объектлари инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида тадбиркорларга берилди. 3259 та кичик бизнес субъекти янгидан фаолият бошлади.

Вилоятни ҳудудий ривожлантириш дастурларига асосан, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида 2252 та лойиҳа амалга оширилди. Бунинг натижасида 20 минг 300 га яқин янги иш ўрни яратилди.

Инвестиция дастури асосида республика бюджетидан ажратилган 148,6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 178 та ижтимоий соҳа объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

Ҳисоботда, шунингдек, коммунал соҳада, соғлиқни сақлаш тизимида, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш борасида ва бошқа йўналишларда бажарилган ишлар қайд этилиб, 2018 йил учун белгиланган устувор вазифалар ҳақида маълумот берилган.

Кун тартибидаги иккинчи масала – “Самарқанд вилоят прокуратурасининг 2017 йилда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида” вилоят прокурори Ф.Зуфаров ахборот берди.

Ҳисоботда қайд этилишича, вилоят прокуратура органлари томонидан қонунчилик ижроси бўйича йил давомида ўтказилган 221 та текшириш натижаларига кўра, 8313 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган. Прокурорларнинг қарор ва тақдимномалари бўйича 9839 нафар шахс интизомий, маъмурий, моддий жавобгарликка тортилган. Жиддий қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 378 жиноят иши қўзғатилган. 2594 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, 881 миллион сўмлик зарарнинг ихтиёрий тўланиши таъминланган. Прокуратура органларига келиб тушган 35 минг 828 та ариза ва шикоятларнинг 23 минг 652 таси бевосита прокуратура ходимлари томонидан текширилиб, ҳал этилди. Жумладан, 2594 шикоят қаноатлантирилиб, 1444 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Шундан сўнг депутатлар “Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасининг вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида”ги масалани муҳокама этдилар.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Тошпўлатовнинг таъкидлашича, Президентимиз томонидан ички ишлар идоралари олдига қўйилган вазифалар асосида вилоят ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини таҳлил этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида 2017 йилда вилоят бўйича жиноятлар 2016 йилга нисбатан 11 тага, жиноят қидирув соҳасида 12 тага камайган. Жумладан, оғир тан жароҳати етказиш 1 тага, номусга тегиш 17 тага, безорилик 55 тага, босқинчилик 10 тага камайишига эришилди. Шунингдек, илгари судланганлар, ишсизлар, аёллар томонидан содир этилган жиноятлар ҳам камайган.

Диний экстремистик оқим аъзоларини ҳисобдан чиқариш ва уларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, вояга етмаганлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, одам савдосига қарши курашиш, профилактика тадбирларини кучайтириш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар ҳам ўз натижасини бермоқда. Маҳаллаларда ташкил этилган жамоатчилик назорат масканлари ёрдамида 51 та жиноят фош этилди, 1065 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланди, 5 нафар қидирувдаги шахс ушланди. 2017 йилда вилоятдаги 1089 маҳалланинг 61 тасида жиноят содир этилмади, 538 тасида жиноятлар камайди.

Ҳисоботлар юзасидан депутатлар таклиф ва тавсияларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Сессияда Самарқанд вилояти жиноят ишлари бўйича, фуқаролик ишлари бўйича, маъмурий ҳамда иқтисодий судлари томонидан 2017 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида мазкур суд идоралари раислари О.Ҳайитов, М.Тожибоев, Б.Диёров, М.Бозоровнинг ахбороти эшитилди.

Бундан ташқари, депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Самарқанд минтақавий вакилининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 июлдаги ПҚ-3129-сонли “Туризм соҳасини ривожлантиришда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан вилоят ҳокими ўринбосари М.Восеевнинг ахбороти ҳақида”ги масалаларни ҳам муҳокама этиб, маъқулладилар.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги “Адолат” социал-демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган “Самарқанд вилоятидаги “Мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори воситалари ҳамда тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари” тўғрисида”ги ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган “Самарқанд вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонаси фаолияти тўғрисида”ги масалалар юзасидан депутатлар ва соҳа мутасаддилари ўз муносабатини билдирди.

Сессияда шаҳарлар, вилоят ва туман марказлари, шаҳар посёлкалари ва қишлоқ аҳоли пунктларида ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишларни қисқа муддат ичида молиявий таъминлаш чораларини кўриш мақсадида вилоят ҳокими томонидан 2018 йил 28 февралда қабул қилинган “Самарқанд вилоятининг бюджетдан ташқари жамғармасини тузиш тўғрисида”ги қарор тасдиқланди.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг “Вилоятда футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан бир қатор ташкилотларнинг 2018 йил апрель ва июль ойлари охирги шанба кунлари вилоятда хайрия ҳашари ўтказиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

Кун тартибидаги “Самарқанд вилояти мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича 2018 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” ҳақида”ги масала юзасидан вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

“Йўл харитаси”га кўра, жорий йилда вилоятимизда 106 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси очилади. 112 та мавжуд бинода давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат МТМ ташкил этилади. 15 та уй-боғча фаолияти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, Инвестиция дастури бўйича 10 та янги давлат МТМ қуриш, 50 та муассасани реконструкция қилиш, 7 тасини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.

Депутатлар халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати О.Ахтамовнинг вилоятда 2017 йилда давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилган ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишларининг аҳволи тўғрисидаги депутатлик сўрови юзасидан вилоят адлия бошқармаси бошлиғи А.Халиловнинг ахборотини ҳам тингладилар.

Сессияда ташкилий масалалар кўрилди. Бабаев Отабек Бурханович Самарқанд вилояти ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Садинова Нигора Сафаровна Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи этиб тасдиқланди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 


Охирги ўзгариш: 16/03/2018 13:09.   Кўрилганлиги: 127
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/murojaatnoma/viloyat-kengashining-sessiyasi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 12

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг