Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Лойиҳаларнинг асоси бандликни таъминлашга қаратилган

Лойиҳаларнинг асоси бандликни таъминлашга қаратилган

                 

1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?

9-Ватанпарвар сайлов округи 18 та маҳаллани ўз ичига олган бўлиб, бу маҳаллалардаги 8 мингга яқин хонадонда 58 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Сайлов округи ҳудудида 2020 йилда амалга ошириш учун бир неча истиқболли лойиҳаларни режалаштирганман. Шулардан бири - аҳолини иш билан таъминлаш, бандликни ошириш мақсадида “Ҳар бир оила - тадбиркор”, «Ёшлар - келажагимиз» ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасидаги лойиҳалардир. Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун 3,5 миллиард сўмга яқин кредит ажратиш назарда тутилган. Лойиҳалар асосан ёшлар ва уйда бекор ўтирган фуқаролар бандлигига қаратилган. Масалан, Хазора ва Ҳунармандлар маҳаллаларида ҳунармандчилик ривожланган. Аниқроғи, бу маҳаллалардаги хонадонларнинг ҳар тўрттасидан бирида темир дарвоза ва эшиклар ясалади, муҳими, харидорлар кўп. Улар бугунгидан ҳам кўп маҳсулот тайёрлаши, ёшлар ва уйда ўтирган кишиларни иш билан таъминлаши мумкин. Лойиҳани амалга оширилиши, яъни уларни кам фоизли кредитлар билан таъминлаш эса ана шундай фойдали иш билан шуғулланаётган тадбиркорлар сонини икки баробарга ошишини таъминлайди.

2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?

Округимдаги аҳоли, тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва уларга ижобий ечим топиш мақсадида 5 марта учрашув ўтказдим. Бу учрашувларда дастлаб Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурган ғоялари, белгилаб берган вазифаларини аҳолига содда тилда тушунтирдим, бу борада амалга оширишимиз лозим бўлган ишлар, режаларим билан ўртоқлашдим. Яқинда эса мамлакатимизда кечаётган коронавирус пандемиясига қарши курашиш ишлари натижадорлиги ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, томорқачиликни ривожлантиришга қаратилган тадбирларни ташкил этдим. Жумладан, Янги ҳаёт, Бекҳо, Дукчиён, Ташаббускорлар, Қуйи Хўжасоат, Ўрта Хўжасоат, Навбоғчиён, Бирдамлик, Боғи Мирзо, Боғи сафеди, Қавола, Мўлиён, Ватанпарвар, Хазора маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, аҳолига томорқадан фойдаланиш, уруғлик, маъданли ўғит, кредит таъминоти бўйича кўмак берилиши ҳақида хабардор қилдим.
Шунингдек, маҳалла фаоллари билан учрашиб, бугунги кунда бюджет маблағларидан фойдаланишда шаффофлик ва очиқлик таъминланиши бўйича маълумот бердим ва ўз навбатида Молия вазирлиги томонидан “Очиқ бюджет” портали, “Фуқаролар учун бюджет” ахбороти нашр этилаётгани, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида шаҳар маҳаллий бюджетининг прогноздан ортган қисмининг 10 фоизи халқ томонидан овоз бериш орқали ишлатилаётгани ҳақида эслатдим. Бу борада уларни фаолликка чорладим.

3. Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.
Депутатлик фаолиятимни амалга ошираётган округда маҳалла фуқаролар йиғинидаги мавжуд ижтимоий муаммолар босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Масалан, Навбоғчиён маҳалласида маҳалла маркази қуриб фойдаланишга топширилди, Боғи Мирзо маҳалласида 1,2 километрлик йўл таъмирланиб, асфальт қилинди.

Охирги депутатлик сўровим Дўстлик ва Устозлар маҳаллаларида йўл ҳамда электр таъминотидаги муаммолар ечими, Қавола, Мўлиён, Боғи Мирзо, Мўлиёни поён маҳаллалардаги газ таъминотидаги узилишларга барҳам бериш, Навбоғчиён, Ўрта Хўжасоат, Ташаббускорлар маҳаллалар аҳолисидан тушган турли шикоятларга аниқ жавоб бериш билан боғлиқ бўлди ва тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларига жўнатдим. Ҳозиргача уларнинг аксарияти ўз ечимини топди, қолганлари бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Умуман, ҳудуддаги ҳар бир ҳолатни тизимли ўрганиб, аҳолининг ташвишга солаётган муаммолар юзасидан ҳокимлик ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида уларни ечишга ҳаракат қиляпман.

                                                                                                                                                       Илҳомжон Тўхтасинов,
                                                                   9-Ватанпарвар сайлов округидан Самарқанд вилояти Кенгаши депутати.


Киритилган вақти: 21/04/2020 15:24.   Кўрилганлиги: 32
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/loyihalarning-asosi-bandlikni-taminlashga-qaratilgan

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 3

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг