Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Халқ депутатлари Cамарқанд вилояти Кенгашининг қарори-2018

Халқ депутатлари Cамарқанд вилояти Кенгашининг қарори-2018

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ КЕНГАШИДА ТЎЙ-ҲАШАМЛАР, ОИЛАВИЙ ТАНТАНАЛАР, МАЪРАКА ВА МАРОСИМЛАР, МАРҲУМЛАРНИНГ ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИРЛАР ЎТКАЗИЛИШИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА КОМИССИЯ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА

Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттиради.

Бироқ сўнгги пайтларда тўй-ҳашамларда, оилавий тантаналарда, маърака ва маросимларда, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.

Бундай тадбирларни ўтказишда халқимиз менталитети, дунёқараши ва миллий анъаналарига мутлақо ёт бўлган номақбул одатларнинг ўйлаб топилаётгани ва кириб келаётганлиги, ўз навбатида уларнинг мусобақага айланиб бораётгани ачинарлидир.

Оилавий тадбирлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат молиявий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир ўтказмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ёш оилалар ўртасидаги ажралишлар аксарият ҳолларда тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ҳолда келиб чиқаётган можаролар оқибатида юз бермоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 30 мартдаги тегишли Қарори асосида Республика ишчи гуруҳи томонидан оилавий тадбирларни тартибга солиш юзасидан кенг жамоатчилик фикри ўрганилди.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 29 июндаги “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига оилавий тадбирларнинг миллий ва диний қадриятларимизга мос ҳолда, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликсиз ўтказилиши юзасидан доимий мониторинг юритиш тизимини йўлга қўйиш тавсия этилган.

Вилоятда ўтказилаётган тўй-ҳашам, маросим ва унга доир турли оилавий тадбирлар исрофгарчилик ва дабдабабозлик билан ўтказилиши кенг жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги ва бу борада “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари ҳамда вилоят хотин-қизлар қўмитасининг таклифларини инобатга олиб ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобиловнинг “Вилоятда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссия таркиби 1-иловага, намунавий низоми 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  3. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши (М.Бобоёров), “Нуроний” жамғармаси (Х.Нормуродов), Маънавият ва маърифат маркази (У.Усмонов) вилоят бўлимлари ва вилоят хотин-қизлар қўмитаси (Х.Шодиева)нинг бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик Кенгашларини тузиш таклифи маъқуллансин.
  4. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига

ҳар бир Кенгашда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссия тузиш;

комиссиянинг мақсад ва вазифаларини белгилаб, унга ўтказиладиган тўй-ҳашам, маросим, оилавий тадбирлар ва унга доир бошқа тадбирларни ўтиш ҳолати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда тўй ва маросим эгалари билан ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш вазифаларини юклаш чоралари тавсия этилсин.

  1. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгаши (М.Бобоёров)га:

кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда, шаҳардаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни тартибга солиш ҳамда ихчам ва миллий қадриятлар асосида ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, тарғибот орқали жамият ҳаётига татбиқ этиш;

тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва маросимларни ўтказиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилиш, ушбу масалани маҳалла ва меҳнат жамоасида муҳокама этиш, таъсир чорасини кўриш ва тушунтириш ишларини ўтказиш тизимини яратиш вазифалари топширилсин.

  1. Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати (М.Ибодуллаев)га оммавий ахборот воситаларида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни тартибга солиш масалаларини кенг ёритиш ва тарғиб қилиш чораларини кўриш вазифалари топширилсин.
  2. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси (Б.Шарофов) зиммасига юклатилсин.

 

Вилоят Кенгаши раиси                                       Э.Турдимов

2018 йил 24 август      

 


Охирги ўзгариш: 10/09/2018 22:52.   Кўрилганлиги: 165
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/local_council/council_documents/xalq-deputatlari-camarqand-viloyati-kengashining-qarori-2018

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 8

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг