Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Халқ депутатлари Cамарқанд вилояти Кенгашининг қарори

Халқ депутатлари Cамарқанд вилояти Кенгашининг қарори

АҲОЛИГА БИРЛАМЧИ ТИББИЙ-САНИТАРИЯ ЁРДАМИ КЎРСАТИЛИШИ, УНИНГ ЎЗ ВАҚТИДА ВА ЮҚОРИ СИФАТЛИ БЎЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ БОРАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАРНИНГ ҲОЛАТИ ТЎҒРИСИДА

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янада такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимининг ҳолати, муаммолари ва ривожланиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, тизимда мавжуд муаммолар ва ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишга оид бир нечта йиғилиш ўтказилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий қилиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, бундай хизматнинг ўз вақтида ва юқори сифатли бўлишини таъминлаш, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Парламент вакилларининг амалий ва услубий ёрдами асосида аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, дори воситалари таъминоти ҳамда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш муассасалари фаолиятини яхшилаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, вилоятда умумий касалланиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 254 минг 252 тага камайишига эришилди (сил, онкология, эндокрин ва юқумли касалликлар).

Аҳолини, айниқса, фертиль ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар, ўзгалар ёрдами ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касалликларга чалинган беморларни патронаж қилиш, сифатли профилактик кўрикларни ташкил этиш ва касалликларни эрта аниқлаш ҳамда уларнинг сурункали шаклга ўтиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши, халқ таълими, мактабгача таълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари билан ҳамкорликда “Саломатлик мактаби” ташкил қилинган.

Тиббий хизмат сифати ва қулайлигини ошириш, ахборот технологияларини жорий қилиш мақсадида 11 та шаҳар оилавий поликлиникаларида ҳамда барча туман, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида “Электрон поликлиника” жорий қилинган.

Аҳолини сифатли патронаж хизматини йўлга қўйиш мақсадида бирламчи тиббий-санитария муассасаларида 5029 нафар патронаж ҳамширалари фаолият кўрсатиб, улар 6 ой давомида 2000 та патронаж сумкалари билан таъминланди (шу вақтгача 1500 нафар патронаж ҳамшира патронаж сумкалар билан таъминланган) ва вилоятда патронаж сумкалар билан таъминлаш 62 фоизни ташкил этди.

Қўшработ, Пахтачи туманларида 4 тадан қишлоқ врачлик пунктида патронаж ҳамширалар узоқ ҳудудлардаги аҳолини уйма-уй юриб, патронаж кўригини ўтказишлари учун велосипедлар билан таъминланди ва аҳоли хонадонларига қатновлар сони ошди.

Бундан ташқари, бирламчи тиббий санитария муассасалари ва тез тиббий ёрдам ўртасида интеграцияни яхшилаш мақсадида тез тиббий ёрдам шохобчалари сони 16 тага, бригадалар сони 30 тага кўпайтирилиб, уларнинг сони 154 тага етказилди.

1510 нафар ёлғиз фуқароларнинг барчаси тўлиқ тор доирадаги мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Тиббий кўрик натижаларига кўра 1510 нафар ёлғиз фуқароларнинг 827 нафари даволанишга муҳтож деб топилди ва уларнинг 754 нафари соғломлаштирилди.

Режа асосида 724 нафар фуқарога, яъни 204 нафар фуқарога ҳасса, 138 нафар фуқарога қўлтиқтаёқ, 66 нафар фуқарога эшитиш мосламаси ва 316 нафар фуқарога ногиронлар аравачаси етказиб берилди.

Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийларининг 143 нафари, кекса пенсионер ва ногиронларнинг 1763 нафари санаторийларда ўз саломатликларини тиклаб қайтишди.

Ҳудудий 4 та сектор раҳбарлари билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахслар 150 млн. сўмлик ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламалари, протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди. Иккинчи ярим йилликда яна 150 млн. сўмлик протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация-техник воситаларига 1965 та эҳтиёж борлиги аниқланиб, 1 млрд. 183 млн. сўм маблағга эҳтиёж зарурлиги ҳисоблаб чиқилди.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилишга, туғиш ёшидаги аёлларни репродуктив саломатлигини сақлашга доир амалга оширилаётган ишлар натижасида 38 минг 91 нафар ҳомиладор аёлларнинг 85,5 фоизи (32 минг 572 нафари) бирламчи скрининг билан қамраб олинди.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 279 (2017 йил 283 та) нафар бир ёшгача гўдаклар ўлими қайд этилиб, ўтган йилга нисбатан 4 тага камайди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда вилоятдаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш ва янада яхшилаш мақсадида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига асосан халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Самарқанд вилояти ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Жўраевнинг “Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши, унинг ўз вақтида ва юқори сифатли бўлишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида”ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини замон талабларига мослаштириш, айниқса, аҳолининг репродуктив саломатлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги, оналар ва гўдаклар ўлимининг сони ортганлиги, тиббиёт ходимларининг беморларга бўлган муносабатлари, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги етарли даражада эмаслиги, аҳолининг мурожаатларига юзаки ёндашилаётганлиги қайд этилсин.
  3. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари (Р.Қобилов, Х.Шодиева)га:

оналар ва гўдаклар ўлими, тиббиёт ходимларининг беморларга қўпол муомаласи, аҳолининг мурожаатларига юзаки ёндошиш каби ҳолатларнинг ҳар бирини алоҳида таҳлил ва муҳокама этиш, мавжуд камчиликларни баратараф этиш бўйича тегишли чора-тадбир белгилаш;

тез тиббий ёрдам хизмати бригадаларининг битта чақирувига бюджетдан дори-дармонлар ва тиббий буюмлар учун ажратиладиган маблағларни таҳлил қилиб, муаммоларни бартараф қилиш чораларини кўриш;

вилоятда хусусий тиббиёт соҳасини ривожлантириш юзасидан аниқ чоралар кўриш, хусусан, бўш, фойдаланилмай турган объектларни тиббиёт йўналишида тадбиркорлик фаолиятини юритиш истагида бўлган фуқароларга бериш орқали соҳада хусусий секторни ривожлантириш;

аҳолига малакали бирламчи, биринчи навбатда касалликларни профилактика қилиш масалаларида тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш, туғруқ ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар, ҳомиладор аёллар, болалар, шунингдек, ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касалликларга чалинган беморлар ҳамда ўзгалар кўмагига ва ижтимоий ёрдамга муҳтож шахслар ўртасида патронаж хизмати сифатини ошириш;

аҳоли ўртасида соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга, тиббий этика ва деонтология, санитария-гигиена кўникмалари, тўғри овқатланиш қоидаларига риоя этишга, туғма патология ва ирсий касалликларни камайтиришга йўналтирилган профилактика тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш вазифалари юклатилсин.

  1. Самарқанд вилояти ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи (А.Жўраев)га:

1 ой муддатда аҳолига тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш борасида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда тиббий хизматлар сифатини ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириш;

аҳолида энг кўп учрайдиган касалликларни профилактика қилиш ва даволаш бўйича алоҳида беморлар ҳамда бутун оила даражасида тиббий хизматлар кўрсатиш;

аҳоли, биринчи навбатда фертил ёшидаги аёллар ва ҳомиладор аёллар, болалар, шунингдек ўзгалар ёрдами ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касалликларга чалинган беморлар орасида патронаж ишларини янада кучайтириш;

оилада тиббий маданиятни ошириш ва ҳар бир кишининг ўз саломатлиги ва болалари саломатлиги учун масъулиятини оширишга йўналтирилган дастурларни амалга ошириш орқали аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи асосларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш;

аҳоли ўртасида соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга, тиббий этика ва деонтология, санитария-гигиена кўникмалари, оқилона овқатланиш қоидаларига риоя этишга, туғма патологик ва ирсий касалликларни камайтиришга йўналтирилган профилактика тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

миллий календарга биноан профилактика эмлашларини ўтказиш йўли билан бошқариладиган инфекциялар ва уларнинг асоратларини профилактика қилиш;

юқумли бўлмаган касалликларга чалиниш хавфи омилларини барвақт аниқлаш механизмларини жорий этиш йўли билан аҳоли ўртасида касалликка чалиниш, ногиронликни ва барвақт ўлимни профилактика қилиш;

туну-кун фаолият кўрсатадиган мобиль, диагностика ва даволаш стандартларига мувофиқ, яхши жиҳозланган тез тиббий ёрдам кичик станциясидан фойдаланган ҳолда, шифохонага ётқизишдан олдинги тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, сурункали касалликларга чалинган беморларни мунтазам кузатиб туришни, соғломлаштиришни ва реабилитация қилишни таъминлаш;

юқумли касалликлар, заҳарланишлар ва фавқулодда вазиятлар тўғрисида тегишли хизматларни ўз вақтида хабардор қилиш, шунингдек, санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирларни, бириктирилган участкани ва уй хўжаликларини санитария жиҳатидан хотиржамлиги юзасидан умумий назоратни амалга ошириш, юқумли касалликлар ўчоқларида тегишли тадбирларни ўтказиш, аҳолини хавфли эпидемик вазият тўғрисида огоҳлантириш;

мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилаётган эътибор ҳамда тиббиёт ходимлари учун яратилаётган шарт-шароитларга ҳамоҳанг равишда соҳа ходимларининг масъулиятини янада кучайтириш;

қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар мудирлари – ўзлари бириктирилган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолиси олдида ҳар ойда, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмлари мудирлари ва марказий кўп тармоқли поликлиникалари раҳбарлари Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари сессияларида ҳар чоракда ҳисобот беришини таъминлаш;

вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар ва зарур дори-дармон билан таъминланиш даражасини яхшилаш чораларини кўриш;

вилоятда аҳолига сифатли тиббий-санитария хизмати кўрсатилишини йўлга қўйиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар чоракда Халқ депутатлари вилоят Кенгашига ахборот тақдим этиб бориш вазифалари юклатилсин.

  1. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгаши (М.Бобоёров), “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими (Х.Нормуродов), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши (А.Асланов)ларга:

10 кун муддатда вилоят аҳолисига тиббий хизмат кўрсатаётган қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича чора-тадбир белгилаб, вилоят ҳокими тасдиғига киритиш;

вилоят аҳолисига тиббий хизмат кўрсатаётган қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар раҳбарларининг ахборотини тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳар ойнинг охирги шанба куни ўтказадиган “Маҳалла куни” йиғилишларида эшитиб бориш ва қарорлар қабул қилинишини таъминлаш;

аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида “Саломатлик мактаблари” ташкил этади ва улар фаолиятини тизимли назорат қилиш вазифалари топширилсин.

  1. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси (Б.Шарофов)га:

вилоятда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, дори воситалари таъминоти ҳамда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар устидан депутатлик назоратини кучайтириш;

тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, дори воситалари таъминоти ҳамда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига доир муаммоларни ҳал этишда комиссия имкониятларидан кенг фойдаланиш вазифалари юклатилсин.

  1. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари ўзлари сайланган ҳудудда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, дори воситалари таъминоти ҳамда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини доимий ўрганиб бориб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари мудирларининг ҳисоботларини эшитиш жараёнларида фаол иштирок этсин.
  2. Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати (М.Ибодуллаев)га халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ушбу қарорини вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш ҳамда вилоят ҳокимлигининг интернетдаги расмий веб-сайтида жойлаштириш вазифалари топширилсин.
  3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси (Б.Шарофов) ва вилоят ҳокимининг ўринбосарлари (Р.Қобилов, Х.Шодиева) зиммасига юклатилсин.
  4. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Вилоят Кенгаши раиси                             Э.Турдимов

2018 йил 24 август


Киритилган вақти: 05/09/2018 21:56.   Кўрилганлиги: 118
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/local_council/council_documents/xalq-deputatlari-camarqand-viloyati-kengashining-qarori

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 13

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг