Вилоят ҳокимининг “Вилоят маҳаллий бюджет параметрларининг 2015 йилнинг биринчи ярим йиллик ижроси тўғрисида”ги тақдимномаси ҳақида

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қарори

2015 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида вилоят маҳаллий бюджети ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб борилган. Натижада вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлар қисми прогноз режаси 100,3 фоизга бажарилган ёки режадаги 481 750 млн сўм ўрнига ҳақиқатда 483 184 млн сўм даромад туширилиб, 1 434 млн сўм ошиқча маблағ тушишига эришилган. Бу эса, ўз навбатида, вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлар қисми режасини умумий ҳамда шаҳар ва туманлар бўйича бажарилишига олиб келган.

Вилоят бўйича жами даромадлар қисми режаси умумий тарзда бажарилган бўлсада, мавжуд манбаларнинг 4 туридан жами 1069,2 млн сўмга режа уддаланмаган. Шу жумладан, жисмоний шахсларнинг даромадига солинадиган солиқдан 582 млн сўм, давлат божидан 239,2 млн сўм, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган қатъий белгиланган даромад солиғидан 168,4 млн сўм ва ер солиғидан 79,6 млн сўм.

Вилоятдаги хўжалик юритувчи субъектларнинг бюджетга боқиманда қарзлари (пенясиз) 2015 йилнинг 1 июл ҳолатига 19274 млн сўмни ташкил қилиб, 2015 йил 1 январ ҳолатига (13383 млн сўм) нисбатан 5891 млн сўмга кўпайган. Жами боқиманда қарзларнинг 43 фоизини ер солиғи, 43 фоизини барча мулк шаклидаги кичик корхоналар учун ягона солиқ, 6,4 фоизини қўшилган қиймат солиғи ташкил қилади.

Шу даврдаги вилоят маҳаллий бюджетининг харажатлар қисми 95,3 фоизга ижро этилиб, 974943,4 млн сўмлик харажатлар амалга оширилган.

2015 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида ижтимоий-маданий тадбирлар учун 792459,8 млн сўм маблағ молиялаштирилган, бу маҳаллий бюджет жами харажатларининг 81,3 фоизини ташкил қилган. Шундан, таълим соҳаси бўйича 461096,6 млн сўмлик, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича 190712,4 млн сўмлик харажатлар амалга оширилган.

Ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ харажатларга ўзини ўзи бошқариш органлари орқали 89108,2 млн сўм маблағ ажратилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сонли қарорига асосан юридик шахс мақомига эга бўлган бюджет ташкилотлари томонидан 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 6170,2 млн сўм қўшимча даромад  туширилган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 124 фоизга ошган). Шундан асосий фаолият тури бўйича товарлар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сотишдан 4628,2 млн сўм (102 фоизга ошган), бино ва бошқа мол-мулкларни ижарага беришдан 534,2 млн сўм (161 фоизга ошган) маблағ туширилган.

2015 йилнинг 1 январ ҳолатига вилоят маҳаллий бюджетидан маблағ олувчи бюджет ташкилотларининг дебитор қарзлари 1046 млн сўмни, кредитор қарзлари эса 14,3 млн сўм ташкил қилган.

Маҳаллий бюджет ижроси жараёнида бюджетдан ажратилган маблағлардан жойларда фойдаланиши устидан қаттиқ назорат олиб борилган. Шунга қарамасдан, бюджет муассасаларида ўтказилган жами 1821 та тафтиш ва текширишлардан 1691 тасида жами 6188,9 млн сўмлик мақсадсиз харажатлар, ошиқча харажат ва камомадларга йўл қўйилганлиги аниқланган. Шундан, 362 та бюджет ташкилотларида аниқланган 4586,4 млн сўмлик ошиқча харажат ва камомадлар бўйича тафтиш ҳужжатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига берилган.

Бундан ташқари, бюджет интизомига риоя қилмаган ташкилотларнинг 48 нафар мансабдор шахсларига нисбатан 30,8 млн сўмлик жарима қўлланилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1.    Вилоят ҳокимининг “Вилоят маҳаллий бюджет параметрларининг 2015 йилнинг биринчи ярим йиллик ижроси тўғрисида”ги тақдимномаси тасдиқлансин.

2.    Вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Худжаёров вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси (А.Каримов), давлат солиқ бошқармаси (А.Мирзааҳмедов), туман ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2015 йилнинг кейинги чораклари  даврида маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлари ижросини таъминлаш мақсадида қуйидаги вазифаларни амалга ошириш юклатилсин:

- 2015 йилнинг 3-чораги ҳамда йиллик маҳаллий бюджет даромадларининг тўлиқ ва ўз вақтида тушумини таъминлаш;

- ҳудудларнинг даромад базасини мустаҳкамлаш ва юқори бюджетдан олинаётган субвенция улушини камайтириш бўйича қабул қилинган дастурларда белгиланган тадбирларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

- бюджетдан маблағ олувчи муассасалар томонидан ажратилаётган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, кредитор қарздорликларга йўл қўймаслик чораларини кўриш.

3.    Вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Худжаёровга вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси (А.Каримов), Марказий банк вилоят бош бошқармаси (Ғ.Маматқулов) туман ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда маҳаллий бюджетдан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ижтимоий нафақа ва пенсия тўловларини тўлиқ ва ўз муддатида амалга оширилишини ҳамда тижорат банклари томонидан нақд пул билан таъминланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш вазифаси юклатилсин.

4.   Вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Очиловга “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси Самарқанд филиали (Ф.Бойжигитов), вилоят “Сувоқова” ишлаб чиқариш давлат корхонаси (Қ.Таджиев), “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” (Ғ.Примов), вилоят Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси (С.Ҳакимов), вилоят стандартлаштириш ва метрология бошқармаси (О.Ворисов) туман ва шаҳар ҳокимликлари

  - бюджет ташкилотлари ва коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан биргаликда ўлчов асбобларини ўрнатиш, эскиларини алмаштириш ва давлат қиёслашидан ўтказилишини таъминлаш;

- бюджет муассасаларида “УзАСБО” дастуридан  фойдаланилишини тўлиқ таъминлаш мақсадида ҳудудларда доимий мониторинг ва таҳлилий ишларни ташкил этиш ва бу борада бюджет муассасалари раҳбар ва ҳисобчиларининг масъулиятини ошириш ҳамда дастурини такомиллаштириш юзасидан таклиф киритиш;

- барча бюджет ташкилотлари ва фуқаролар томонидан кадастр ҳужжатларининг расмийлаштирилишини тўлиқ таъминлаш чора-тадбирларини кўриш вазифаси юклатилсин.

5. Вилоят назорат-тафтиш бошқармаси (Ф.Джамбаев)га маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланиши устидан тизимли назорат ўрнатиш вазифаси юклатилсин.

6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (З.Каримов)га юклатилсин.

 

Вилоят Кенгаши раиси З.Мирзаев

2015 йил 21 июль


Киритилган вақти: 22/07/2015 19:04.   Кўрилганлиги: 1054

 

Сўровнома


Сайтимиздан ўзингиз учун зарур маълумотни олдингизми?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 2

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг