Ўзбекистон Республикасининг “Почта алоқаси тўғрисида”ги Қонунининг вилоятдаги ижроси ҳақида

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қарори

“Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамияти вилоят филиали тизимида 356 та алоқа бўлими, 16 та почта алоқа тармоғи, 685 та етказиб бериш участкаси мавжуд бўлиб, уларда 1392 нафар ходим ишлайди.

Қонун талаблари асосида асосий (универсал) хизматлар, шартномавий хизматлар, қўшимча хизматлар ва курьерлик хизматлари кўрсатилмоқда.

Тизимда замонавий компьютер ва бошқа технологик ускуналар билан таъминлаш, транспорт таъминоти, хизмат кўрсатишни оптималлаштириш, сифат даражасини ошириш, ахборот коммуникация технологияларига асосланган хизматларнинг янги турларини жорий қилиш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилган.

Хизмат кўрсатишда 2005 йилда 44 та компьютер техникаси мавжуд бўлган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 19 майдаги 128-сонли қарори билан тасдиқланган дастур асосида ҳозирги кунда хизмат кўрсатишдаги компьютерлар сони 287 тага етказилган, аҳолига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш турлари жорий этилиб, хизмат кўрсатишда қулайликлар яратилган.

Мавжуд компьютерлар филиал почта алоқа тармоқларида ЭПЎ (электрон пул ўтказмалари), электрон пул ўтказмаларининг гибрид шакли, ЭХА (электрон хат-хабарлар) айланмаси, “Интернет кафе” хизмати, Paynet хизмати, тўловларни қабул қилишнинг автоматлашган тизими, электрон почта хизматлари каби янги ташкил қилинган хизматларда фойдаланилмоқда.

2012 йилда Қўшработ туман аҳолисига сифатли ва замонавий почта алоқа хизматини кўрсатиш, аҳолига хизмат кўрсатишда қулайликлар яратиш мақсадида Қўшработ почта алоқа тармоғининг маъмурий биноси қурилиб, фойдаланишга топширилган. 2013 йилда ушбу мақсадлар учун 469 млн сўм маблағ сарфланиши, шу жумладан, Пахтачи почта алоқа тармоғи маъмурий биносини қайта қуриш режалаштирилган.

2012 йилда 2013 йил учун жами 233 287 нусхадаги даврий нашрларга обуна расмийлаштирилган, шу жумладан, юридик шахслар билан 2097 та шартнома тузилиб, 122 828 нусхада, жисмоний шахсларга 110 459 нусхада матбуот нашрларига обуна расмийлаштирилди.

“Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамияти ҳамда “Матбуот тарқатувчи” очиқ акциядорлик жамияти ўртасида тузилган Бош шартнома асосида етказиб бериш тизими йўлга қўйилган.

Матбуот нашрларини белгиланган муддатда етказиб бериш бўйича мониторинг ишлари амалга оширилиб борилган. Ўтказилаётган мониторинг натижалари бўйича аниқланган хато-камчиликлар учун 2 нафар масъул ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган, 7 нафар ходимга Меҳнат қонунчилиги асосида интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Ўрганилган Ургут, Пастдарғом, Каттақўрғон шаҳри, Пайариқ почта алоқа тармоқлари бинолари архитектура-шаҳарсозлик талаблари даражасига келтирилган бўлса-да, Жомбой почта алоқа тармоғи биноси келгусида шаҳарсозлик талаблари асосида қайта таъмирланиши лозим.

“Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамияти ва бошқа матбуот тарқатиш билан шуғулланадиган ташкилотлар фаолиятида почта жўнатмаларини сақлаш, жўнатиш ва етказиб бериш, мунтазам мониторинг олиб боришда муайян камчиликларга йўл қўйилмоқда. Соҳа ходимлари масъулияти ва жавобгарлигини янада ошириш мақсадида ишлар тизимли ташкил этилмаган.

Ўзбекистон Республикаси “Почта алоқаси тўғрисида”ги Қонунининг вилоятдаги ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси “Почта алоқаси тўғрисида”ги Қонунининг вилоятдаги ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги масалани тайёрлаш ишчи гуруҳи аъзоси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Ш.Джаникуловнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. “Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамияти вилоят филиалига:

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 19 майдаги 128-сонли қарори билан тасдиқланган дастур бажарилишини тўлиқ таъминлаш бўйича аниқ тадбирлар белгилаш ва амалга ошириш:

- ходимлар, айниқса, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш дастури асосида ишга қабул қилинган ёш ходимларни Қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларини янада чуқурроқ ўрганишларини таъминлаш;

- почта алоқаси объектларида замонавий хизмат турларини кўпайтириш;

- аҳолига қулайлик яратиш мақсадида хизмат кўрсатишни оптималлаштиришни такомиллаштириш, янги хизмат турларини жорий этиш, электрон ва гибрид пул ўтказмалари ва бошқа тўловлар тизимини кенгайтириш, коммунал тўловларни қабул қилиш, ишлов бериш ва пенсия тўловлари тўланиши ва назорати бўйича автоматлаштирилган электрон тизимини ишга туширишни таъминлаш;

- мавжуд таъмирталаб почта алоқа объектлари биноларини босқичма-босқич шаҳарсозлик талаблари даражасида қайта қуриш ва таъмирлаш, бу ҳақда юқори ташкилотга таклиф билан чиқиш;

- почта жўнатмаларини сақлаш, жўнатиш ва етказиб беришда мавжуд камчиликларнинг олдини олиш бўйича барча чораларни кўриш, бу борада соҳа ходимлари масъулияти ва жавобгарлигини янада ошириш;

- почта жўнатмаларини, хусусан, вақтли матбуот нашрларини обуначига етказилишини ўрганиш, бу борада мунтазам мониторинг олиб бориш вазифлари тавсия этилсин.

3. “Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамияти ва матбуот тарқатиш билан шуғулланадиган вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган ташкилотларга:

- тузилган шартномалар ижросини тўлиқ таъминлаш, бунда обуначи ва таҳририятлар манфаатлари бузилмаслигига эришиш, матбуот тарқатувчи ташкилотлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини таъминлаш:

- туманлар ва шаҳарларда обуначилар ва таҳририятлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, ҳар бир хонадонга обуна қилинган вақтли матбуот нашрларини ўз вақтида етиб боришини таъминлаш.

4. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияларига йилида бир марта ўз мажлисларида ҳудудларда вақтли матбуот нашрларини обуначига етказишнинг аҳволи тўғрисидаги масалани муҳокама қилиш, бу борада мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитиб бориш вазифаси юклатилсин.

5. “Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамияти вилоят филиали ҳамда вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган матбуот тарқатиш билан шуғулланадиган ташкилотларга мазкур қарор ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида 2013 йилнинг ноябрь ойида вилоят Кенгашига маълумот бериш вазифаси юклатилсин.

6. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси (Ф.Тошев), вилоят ҳокимининг ўринбосари (В.Раҳимов)га юклатилсин.

 

Кенгаш раиси З.Мирзаев

2013 йил 19 февраль


Киритилган вақти: 19/02/2013 00:00.   Кўрилганлиги: 897

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 6

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг