Вилоятда географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида

Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори

“Географик объектларнинг номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ижро этиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги 295-сон “Географик объектларнинг номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб қарор қиламан:

1. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Самарқанд вилоят комиссияси тўғрисидаги Низом 1-иловага, Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Самарқанд вилоят комиссиясининг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вилоят, шаҳар ва туманлар комиссиялари ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларни таъминласинлар:

географик объектларни номлаш ва қайта номлаш бўйича таклифларни таклифлар киритган органларга тегишли хулосалар берган ҳолда атрофлича ўрганиш;

географик объектларни номлаш ва қайта номлаш бўйича таклифларни уларнинг географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан давлат экспертизасидан ўтказишни ташкил қилиш;

географик объектларнинг тарихий-маданий мерос, Ўзбекистон халқининг маънавий-этник қадриятлари билан боғлиқ номларини асраш, уларни асоссиз қайта номлашнинг олдини олиш;

географик объектларни Ўзбекистон халқининг миллий анъаналари ва

менталитетига ёт бўлган номлар билан қайта номлашга ва уларга ном беришга йўл қўймаслик;

географик объектларни номлаш ва қайта номлашда маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мартабасини суиистеъмол қилиш ҳолларини истисно қилиш;

қарорлар қабул қилишда холислик ва ошкоралик, шунингдек, географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқиш тартиб-қоидаси ва муддатларига риоя қилиш;

географик объектларни одамларнинг исмлари билан, шунингдек, тарихий воқеалар шарафига номлаш ва қайта номлаш соҳасида белгиланган чекловларга риоя қилиш;

маҳаллий аҳолининг географик, тарихий, миллий, этник, тилга оид ва бошқа хусусиятларини ўрганиш ҳамда ҳисобга олиш;

бир маъмурий-ҳудудий бирлик доирасида географик объектларга бир хил номлар берилишига йўл қўймаслик;

бериладиган номларнинг географик объектлар номларининг географик объект жойлашган жойдаги мавжуд тизимига мувофиқлиги;

географик объектлар номларининг янглишишларга сабаб бўлувчи ўхшашлигини, ушбу номлар мазмунларининг Ўзбекистон халқининг тарихи, анъаналари ва маданиятига тўғри келмаслигини назарда тутган ҳолда истисно қилиш.

Ҳудудий комиссиялар раҳбарлари зиммасига географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари сўзсиз бажарилишининг таъминланиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.

3. Вилоят ҳокимининг 2004 йил 20 августдаги 177-Қ сонли “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 11 августдаги 383-сонли "Ўзбекистон Республикасидаги маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари, ташкилотлар ва бошқа топонимик объектларга ном бериш ишларини тартибга солиш тўғрисида"ги қарори ҳақида”ги қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Вилоят ҳокимининг 2004 йил 23 октябрдаги 226-Қ сонли “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 октябрдаги 483-сонли “Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳақида”ги қарорига 5-илова Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тўғрисидаги низом 8-банди "б" кичик бандининг ўн иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни давлат экспертизасидан ўтказади, географик объектларнинг номларини мақбуллаштириш ишларини амалга оширади, географик объектлар номлари давлат реестрини юритади".

5. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари В.Раҳимов зиммасига юклансин.

 

Вилоят ҳокими З. Мирзаев

2012 йил 4 декабрь


Охирги ўзгариш: 17/12/2014 23:01.   Кўрилганлиги: 1134

Написать отзыв
Ваша оценка
captcha
 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 14

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг