САМАРҚАНД ВИЛОЯТ ТЕЛЕРАДИОКОМПАНИЯСИ

САМАРҚАНД ВИЛОЯТ ТЕЛЕРАДИОКОМПАНИЯСИ

Компания директори - Тўраев Фарҳод Ботирович.

Мамлакатимизда илк бор 1927 йилнинг 11 февраль куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон радиоси ўз ишини бошлаган. Ана шу санани Самарқанд радиоси фаолияти бошланган кун сифатида ҳам эътироф этиш мумкин. 1927 йилнинг 9 ноябридан эса радио эшиттиришлар дастур асосида мунтазам равишда эфирга узатила бошланган.

1924-1930 йилларда шаҳар марказидаги Амир Темур кўчасида радио ходимлари фаолият кўрсатишиб, республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётидаги воқеалар, янгиликларни ёритиб борган.

Ўтган асрнинг 40-йиллари охири, 50-йилларнинг бошида вилоят радиоэшиттиришлар қўмитасига илк бор “МАК-8” русумли магнитофонлар олиб келинди. Вазни қарийб 70 килограмм бўлган бу магнитофонлар янги канал очиш ва эшиттиришлар сифатини яхшилаш, хабар ва янгиликларни тингловчиларга сифатли етказишга имкон яратди.

1958 йилдан вилоят радиоси эшиттиришларини илк бор сим орқали тўғридан-тўғри ҳаво мавжларига узатиш йўлга қўйилди.

1956 йил охирида Тошкентда телевизион марказининг ишга туширилиши Республика маданий ҳаётида катта воқеа бўлди.

1957 йилда Тошкент-Самарқанд орасида радиорелей алоқаси ўрнатилди. Бу Тошкентдаги телевизион марказдан Самарқанд учун ҳам радиоэшиттиришларни олиб бериш имкониятини яратди.

Самарқандлик бир гуруҳ ижодкорлар томонидан 1989 йилда илк бор кўрсатувлар тайёрлашга уринишлар бўлди. Ўша даврда вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳаётига оид кўрсатувлар Чўпонота радиоэшиттириш ва телекўрсатувларни эфирга узатиш марказидан оддий видеомагнитофонлар орқали телетомошабинлар ҳукмига ҳавола этилди.

1991 йилда монтаж ва эфир учун узатиш аппаратлари келтирилди. 6 июндан бошлаб вилоят телевидениесида ҳафтанинг душанба, чоршанба ва жума кунлари 3 соатлик кўрсатувлар тайёрланиб, эфирга узатила бошланди.

Кўрсатувлар Россияда ишлаб чиқарилган “КАДР-ИОЗ СС” ва “Электроника-ВМ-12” русумли видеомагнитофон, “МЕЗ-109” русумли аудиомагнитофони, шунингдек, “Panasonic", "Sony-Е-70" русумли видеокамера, “Синхронезатор СТС-4” русумли ускуналар ёрдамида тайёрланган.

Бугунги кунда вилоят телерадиокомпаниясида телевидение, радио ва техник бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги янгиликларни амалиётга тадбиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар туфайли вилоят телерадиокомпанияси ҳам энг сўнгги русумдаги телерадио аппаратуралар билан жиҳозланди. Бу эса кўрсатув ва эшиттиришларнинг сифати, мазмун-моҳиятини янада бойитишга хизмат қилмоқда.

Вилоят телерадиокомпаниясининг “Самарқанд” телеканали кўрсатувлари ҳар куни эрталаб соат 06.00 дан 24.00 гача, ўрта ҳисобда кунига 18 соат давомида эфирга узатилади. Бунда турли хил ахборот, маданий-маърифий, мусиқий ва кўнгилочар дастурлар, видеофильм ва телесериаллар ўрин олган.

Вилоят радиоси орқали ҳам ҳар куни 18 соат (06.00 дан 24.00 гача) эшиттиришлар эфирга узатилади. Эшиттиришлар ўзбек, рус ва тожик тилларида тайёрланади.

Вилоят радиоси эшиттиришлари FМ (МУ)-1539 кг.ц ҳамда ЧМ (УКВ) 4,45 метрли тўлқинлар орқали берилади.

Эшиттиришлар муҳарририят томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида тайёрланади. Асосан ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳаларга оид янгиликлар, кўнгилочар дастурлардан иборат.

Вилоят Телерадиокомпанияси реклама-тижорат бўлими компания моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, реклама роликлари тайёрлаш, корхона ва ташкилотлар билан шартномалар тузиш ишлари билан шуғулланади.

Техник бўлим ходимлари кўрсатув ва эшиттиришларнинг техник сифатини яхшилаш, тасвирга олиш, монтаж қилиш ва эфирга узатиш ишларини амалга оширадилар.

Компанияда ҳозирда битта катта телестудия, иккита радиостудия мавжуд. Телестудияда Германиянинг BFE фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган 3 дона SXDNW-7P телекамера, 3 дона DVCAM DSR видеомагнитофони, компьютер жамланмалари ва бошқа замонавий телеускуналар ўрнатилган.

ТЖКнинг 5 дона DVCAM DSR телекамералари орқали жойлардан кўрсатув, лавҳа ва репортажлар ёзиб олинади. Телевидение кўрсатувлари битта мураккаб монтажхона ва замонавий компьютерлар билан жиҳозланган монтажхоналарда тайёрланади.

Айни пайтда вилоят телевидениеси  ижодкорлари томонидан вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва маданий ҳаётига оид воқеа-ҳодисалар, янгиликлар “Диёр янгиликлари” информацион, “Тафсилот” ахборот-таҳлилий дастурлари орқали кенг ёритиб борилмоқда.

Вилоятда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг ўзаро дўстона муносабатлари, миллий қадриятлари, удум ва анъаналари ҳақида ҳикоя қилувчи “Олтин халқа”, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар самараларига бағишланган “Муносабат” ток-шоуси, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлили ҳамда турли ижтимоий масалалар хусусида ҳикоя қилувчи “Долзарб мавзу”, вилоят ёшларининг эзгу интилишлари, истиқболли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни акс эттирувчи “Ёшлар вақти”, тиббиёт соҳасидаги янгиликлар, даволашнинг илғор ва самарали усулларини амалиётга қўллаш борасидаги интилишлар, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, “Соғлом она – соғлом бола” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги “Саломат бўлинг!”, “Диёр табиати”, “Юртим жамоли”, “Келажак пойдевори”, “Ойдин оқшом”, “Янги тонг”, “Саломатлик”,, “Соғлом она - соғлом бола”, “Аёл қалби”, “Ёнимиздаги одамлар” сингари  60 га яқин муаллифлик кўрсатувлари тайёрланиб, эфирга узатилмоқда.

Бундан ташқари, “Диёр янгиликлари” информацион дастури ҳафтада уч кун, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий мавзулардаги кўрсатувлар ҳар куни Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Диёр” телеканали орқали эфирга узатилмоқда.

Радиостудия ва монтажхоналар ҳам давр талабига жавоб берадиган техник ускуналар билан таъминланган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда телерадио узатиш тизимини рақамли форматга ўтказиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси кўрсатув ва эшиттиришлари ҳам Республикамизда биринчилардан бўлиб рақамли форматда эфирга узатила бошланди. Бу эса телерадиомаҳсулотларни юқори сифат ва тиниқликда мухлисларга етказиш имконини яратди.

2013 йилда телевидениенинг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланиб, иш шароитлари яхшиланди. Ижодкорлар ва техник ходимлар ихтиёрига 11 та компьютер жамланмаси топширилди. Эфирни сифатли  узатиш мақсадида яна 4 та худди шундай компьютер жамланмаси ишга туширилди.

Радио эшиттиришлари монтажи учун 2 та компьютер жамланмаси  келтирилиб, ўрнатилди. Шунингдек, радиоижодкорлар шу даврда  4 дона OLIMPUS диктофонлари билан таъминланди.

Вилоят телерадиокомпанияси маблағлари ҳисобидан 2 дона SONY HDV NEX-EA50K видеокамераси, 6 дона телевизор, 2 дона Сenix диктофонлари ва 5 дона аккумулятор сотиб олинди.

2015 йил давомида келтирилган SONY PXW-X160 маркали 3 дона рақамли телекамера, SONY UWP-D11 рақамли радиомикрофонлар ҳамда видеомикшерлар телерадио ижодкорларнинг меҳнатини самарали бўлишини таъминламоқда.

Бугунги кунда вилоят телевидениесида жами телекамералар сони 9 тани ташкил этмоқда.

Телерадио журналистлар ва техник ходимларнинг самарали фаолият юритишларини таъминлаш мақсадида компания моддий-техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг амалий кўмагида вилоятнинг маъмурий маркази – Самарқанд шаҳри Кўксарой майдонида вилоят телерадиокомпанияси учун 4 қаватли бино қайта таъмирланиб, янги, барча талабларга жавоб берадиган замонавий телестудия барпо этилди. Бу қулайликлар ходимларни замонавий шароитларга эга бўлган бинода янада самарали ишлашга ундамоқда.


Киритилган вақти: 12/05/2018 11:42.   Кўрилганлиги: 50

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 3

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг