Бош саҳифа / Вилоят ҳокимлиги / Тасарруфдаги ташкилотлар низомлари / Самарқанд “Вилоят Компютерлаштириш маркази” ДУК
  Чоп этиш версияси  

Самарқанд “Вилоят Компютерлаштириш маркази” ДУК

Самарқанд “Вилоят Компютерлаштириш маркази” ДУК Низоми


I. Умумий қоидалар

1. Самарқанд вилоят “Компьютерлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси (бундан кейин - Марказ деб юритилади) вилоят ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий Давлат ҳокимияти тўғрисида”, “Телекоммуникациялар тўғрисида” ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида” 2002 йил 30 майдаги ПФ-3080-сон Фармони, “Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга оид кўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2005 йил 8 июлдаги ПҚ-117-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Жойларда компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2012 йил 1 февралдаги 24-сон қарори асосида ҳамда мазкур Низомга асосан ўз фаолиятини олиб боради.

2. Марказ вилоят ҳокимлиги муассислигида ташкил этилиб, ўз фаолияти тўғрисида вилоят ҳокимига ва Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасига ҳисоб беради.

3. Марказ қуйидаги бўлимлардан иборат:

1) Тўрттадан олтитагача штат бирлиги доирасида Ахборот – коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўлими;

2) иккита штат бирлиги доирасида Электрон рақамли имзо калитларини тарқатиш бўлими;

3) ижтимоий, уй-жой, коммунал хўжалиги, тадбиркорлик масалалари шуъбаларидан иборат, учтадан бештагача штат бирлиги доирасида туман (шаҳар) Ягона ойна марказлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бўлим;

Марказнинг штат жадвали вилоят ҳокими томонидан тегишли бўлимларнинг (шуъбаларнинг) иш ҳажмига қараб юқорида кўрсатилган штат бирликлари доирасида тасдиқланади.

Вилоят “Компьютерлаштириш маркази” давлат унитар корхонасининг таркибий тузилмаси 1-иловада келтирилган.

4. Марказ тизимига унинг филиаллари – туман (шаҳар) Ягона ойна марказлари киради. Туман (шаҳар) Ягона ойна марказлари икки томонлама бўйсунишда бўладилар ва Марказга ҳамда тегишли равишда туман (шаҳар) ҳокимликларига ҳисоб берадилар.

5. Марказ ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари, фармонлари ва фармойишлари, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорлари, вилоят ҳокимининг қарорлари ва фармойишлари асосида амалга оширади.

6. Марказ юридик шахс ҳисобланади ва ўз муҳри, тамға, манзили ва бошқа белгиларга эга. У ўз фаолиятини хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида ташкил этади.

Марказнинг расмий номи:

ўзбек тилида – Самарқанд вилояти “Компьютерлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси;

рус тилида – государственное унитарное предприятие “Центр компьютеризации” Самаркандской области.

Марказнинг қисқартирилган номи:

ўзбек тилида – Самарқанд вилояти “Компьютерлаштириш маркази” ДУК;

рус тилида – ГУП “Центр компьютеризации” Самаркандской области.

II. Марказ ва туман (шаҳар) ягона ойна марказларининг асосий вазифалари

7. Марказ қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича:

  • вилоятда компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш ишларини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш;
  • вилоят ҳокимлигида ҳамда жойлардаги давлат бошқаруви органларида локал ва корпоратив компьютер тармоқларини ташкил қилиш, уларни кенгайтириш ва такомиллаштириш, унда электрон ҳужжат айланиши тизимларини шакллантириш;
  • вилоятда маълумотлар узатиш тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш;
  • иш юритиш, бошқарув ва назорат қилишнинг замонавий усулларига ўтишни таъминлайдиган компьютер дастурлари яратиш ва вилоят ҳокимлиги, ҳамда жойлардаги давлат бошқаруви органлари тизимларида жорий этиш;
  • вилоят ҳокимлигининг марказлашган электрон маълумотлар банкларини шакллантириш, уларнинг хавфсизлиги ва барқарор ишлашини таъминлаш;
  • жойларда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича шаҳар, туман ҳокимликларига таклифлар киритиш;
  • вилоятда расмий веб-саҳифалар яратиш, уларнинг доимий янгилаб борилишини назорат қилиш;
  • вилоятга сифатли ва арзон компьютер техникаси олиб келиш, вилоят ҳокимлик тизимига компьютер техникаси сотиб олинишида давлат ёки ташкилот маблағларининг талон-тарож қилиниши ҳамда сифатсиз техника кириб келишига қарши курашиш, бундай ҳолатлар аниқланганда вилоят ҳокими ва тегишли органларга ахборот киритиш;
  • вилоятда электрон рақамли имзо калитларини тарқатиш бўйича ишларни ташкил этиш;
  • вилоятдаги долзарб муаммоларни компьютер техникасининг имкониятларини ишга солиш йўли билан бартараф этишда фаол иштирок этиш;
  • қонунчиликда белгиланган тартиб асосида вилоятда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш ва улардан самарали фойдаланишда фаол иштирок этиш, жумладан, ўқув марказлари ташкил этиш;
  • ўқув марказларини замонавий ўқув китоб китоблари, қўлланмалари, дарсликлар, асбоб-ускуналар ва таълимнинг янги техника воситалари билан таъминлаш;
  • аудио ва видео ўқув дастурлар яратиш уларни ёзиш, кўпайтириш, ижарага бериш ва сотиш ;
  • компьютер ва интернет тармоғини ўргатиш курсларини ташкиллаштириш;
  • вилоят ҳокимлиги тизимида Ўзбекистон Республикасининг “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги ва “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонунлари ижро этилишини таъминлаш;
  • вилоят ҳокимлик тизимининг ички ва ташқи алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилиш;
  • Республикада компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишлар ва ўтказиладиган тадбирларда вилоят мавқеини муносиб ҳимоя қилиш ҳамда вилоят манфаатлари учун курашиш;

Аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш бўйича:

  • аҳолига ижтимоий, уй-жой, коммунал хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича “Ягона ойна” тизимида давлат хизматларини кўрсатиш;
  • давлат ва интерактив давлат хизматлари кўрсатишда ахборот – коммуникация технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимлик органлари ҳамкорлигини ташкил этиш;
  • давлат ва интерактив давлат хизматлари соҳасида марказлашган электрон маълумотлар банкларини шакллантириш, уларнинг хавфсизлиги ва барқарор ишлашини таъминлаш.

Ушбу Низомга 2 – иловада келтирилган “Вилоят ҳокимлиги расмий веб-сайти тўғрисида Низом” асосида:

  • вилоят ҳокимлиги расмий веб-саҳифасини такомиллаштириш ва доимий фаол ишлашини таъминлаш;
  • вилоят ҳокими томонидан белгиланадиган ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда катнашиш;
  • вилоят ҳокимлиги фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий веб-сайт орқали эълон қилинишини таъминлаш;
  • аҳоли учун Интернет тармоғида интерактив мулоқот(форум)ни ташкил этиш ва доимий фаолият кўрсатишини таъминлаш;
  • кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни тадбиркорларга етказиш;
  • вилоят ҳокимлиги томонидан аҳолининг электрон мурожаатлари билан ишлашни ташкиллаштириш;
  • вилоят ҳокимининг тегишли топшириқлари ижросини таъминлаш.

8. Туман (шаҳар) Ягона ойна марказлари қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

Ижтимоий соҳада:

  • халқ таълими тизими билан боғлиқ хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш;
  • Ўзбекистон Республикаси ўқув юртларига қабул тўғрисида ахборот сиёсатини ташкил этиш;
  • меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш йўналишида хизматлар кўрсатилишини таъминлаш;
  • кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида ишларни амалга ошириш;
  • тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати бўйича хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш.

Уй-жой, коммунал хўжалиги соҳасида:

  • муҳандислик коммуникация тармоқларига (газ, электроэнергия, сув, канализация, алоқа) уланиш бўйича хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш;
  • коммунал хизматлар бўйича ахборот сиёсатини амалга ошириш;
  • коммунал хизматлар бўйича тўловлар қабул қилинишини ташкил этиш;
  • коммунал хизматлар фойдаланувчисини ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш, ҳисоблагичлар ўрнатиш бўйича хизматлар кўрсатилишини таъминлаш;
  • янги қурилишни амалга ошириш, қайта ихтисослаштириш ва турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказилиши учун ҳамда якка тартибдаги турар жойларни қуриш, қайта қуриш, лойиҳасини ўзгартиришга рухсатномаларни расмийлаштириш ишларини ташкил этиш.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида:

  • тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни мўлжаллаётган ариза берувчининг ҳужжатларини ҳамда бунинг учун зарур бўлган асосларни қабул қилиш ва экспертизадан ўтказиш;
  • тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида муҳандислик коммуникацияларига (газ билан таъминлаш, энергия билан таъминлаш, сув билан таъминлаш, канализация, иссиқлик билан таъминлаш, телефон алоқаси тармоқлари) уланиш, турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказиш, объектларни қуриш ва реконструкция қилишга техник шартларни белгиланган тартибда расмийлаштириш учун, шунингдек муҳр ва штамп тайёрлашга рухсатнома олиш учун уларнинг ваколатлари доирасида мажбурий тартибда келишиладиган ва рухсат олинадиган тегишли ташкилотларни аниқлаш;
  • юқорида кўрсатилган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришни ҳисобга олган ҳолда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, реестрни юритиш, шунингдек, уларни солиқ ва статистика органларида ҳисобга қўйиш;
  • ариза берувчига барча рухсат берувчи ҳужжатлар билан унинг тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома бериш;
  • янгидан ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларини текширишларни рўйхатга олиш дафтарлари билан таъминлашда адлия органлари билан биргаликда иш олиб бориш;
  • уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш учун бошланғич рухсат (лойиҳа) ҳужжатларини тайёрлашни ташкил этиш;
  • уй-жойни эксплуатацияга қабул қилишни ташкил этиш;
  • якка тартибдаги уй-жой қуришда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни Ўзбекистон Республикаси Ер кадастри, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳудудий бўлимларида давлат рўйхатидан ўтказишни ташкил этиш;
  • комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказишни ташкил этиш;
  • кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни тадбиркорларга етказиш;
  • вилоятда тадбиркорлик фаолиятининг ахборот таъминотини амалга ошириш;
  • тадбиркорлик ресурсларининг (мавжуд бўлган товарлар, хизматлар, ижарага бериладиган бино, иншоотлар, асбоб-ускуналар ва шу каби бошқа маълумотлар) вилоят компьютер базасини яратиш ва жамлаш;
  • вилоятда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига зарурий комплекс хизматларни кўрсатиш ва бу борада маслаҳат, методология ишларини олиб бориш ҳамда зарурий ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашиш.

Ҳуқуқий соҳада:

  • рўйхатга олувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан амалга оширилган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар бўйича ариза ва шикоятлар қабул қилиш ҳамда тегишли органларга етказиш;
  • ҳужжатларни тасдиқлаш бўйича хизмат кўрсатишни ташкил этиш.

Бошқа соҳаларда:

  • фаолиятнинг лицензияланадиган турлари бўйича ахборот сиёсатини ташкил этиш;
  • солиқ органлари томонидан кўрсатиладиган хизмат турларини жорий қилиш;
  • ахборот хизматини ташкил этиш, вилоят (туман, шаҳар) ҳокимлиги томонидан белгиланадиган ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда катнашиш;
  • Марказнинг тегишли топшириқлари ижросини таъминлаш.

9. Туман (шаҳар) Ягона ойна марказлари ўзига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида ушбу Низомга 3 – иловада келтирилган “Ягона ойна марказлари” орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхати”га асосан давлат хизматларини кўрсатади.

10. Марказ ўзига юкланган вазифаларни бевосита, шунингдек туман (шаҳар) Ягона ойна марказлари орқали ҳал этади.

III. Марказнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

11. Марказ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • ўзига берилган ваколатлар доирасида вилоятдаги барча корхона, ташкилот ва муассасалардан зарурий маълумот ва бошқа турдаги меъёрий ҳужжатларни сўраб олиш;
  • вилоят ҳокими ўринбосарларининг котибиятлари, ҳокимлик аппарати гуруҳлари ва бошқа бўлимларидан, давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармаларидан, туман (шаҳар) ҳокимликларидан марказга юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотларни олиш;
  • марказга белгиланган вазифалари доирасида, туман (шаҳар) ҳокимликлари, вилоят корхона, ташкилотлари ва жойлардаги маҳаллий давлат органлари иш услубларини ўрганиш;
  • заруратга кўра вилоят ҳокимлигининг гуруҳ ва котибиятлари, давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармалари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг мутасадди мутахассисларини вилоят ҳокимлигида кўриб чиқиладиган масалаларни тайёрлаш ишларига жалб қилиш;
  • шартномалар тузиш, олди-сотди амаллари, белгиланган тартиб асосида улгуржи ва чакана савдо ва бошқа келишувларни амалга ошириш;
  • маълумотлар узатиш тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш;
  • оргтехника, аудио-видео ва маиший техникаларни таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш, сотиб олиш ва улар билан ҳамда уларнинг эхтиёт қисмлари билан савдо фаолиятини амалга ошириш;
  • амалдаги қонунчиликка асосан ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш;
  • бинолар, иншоотлар, транспорт воситалари ва бошқа кўчар ва кўчмас мулкни ижарага олиш ва бериш;
  • нашриёт, матбаа махсулотларини ишлаб чиқариш;
  • реклама-маълумот сохасида фаолият кўрсатиш;
  • консалтинг хизматларини ташкил қилиш;
  • ишлаб чиқарган маҳсулоти, кўрсатган хизматига бозор конъюктурасини ҳисобга олган ҳолда, мустақил равишда ёки келишилган баҳоларда нарх белгилаш;
  • банк кредитларидан фойдаланиш;
  • ярмарка ва кўргазмаларда иштирок этиш;
  • филиаллар, ваколатхоналар ва ўқув марказлари очиш;
  • амалдаги қонунчиликка мувофиқ, унитар корхоналарга берилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланади.
  • Марказ қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:
  • вилоят ҳокимлигининг иш тартибига риоя қилиш;
  • вилоят ҳокими томонидан берилган топшириқлар ва келган ҳужжатларнинг белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлаш;
  • ушбу ҳужжатда келтирилган барча вазифаларнинг тўлақонли бажариш.

Марказ ўзининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажарилишини таъминлашга жавобгардир.

IV. Марказ фаолиятини ташкил этилиши

12. Марказга, вилоят ҳокимининг фармойиши билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.

Директорнинг (вилоят ҳокими билан келишган ҳолда) лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бир нафар ўринбосари бўлади.

13. Директор:

  • Марказга ва туман (шаҳар) Ягона ойна марказларига умумий раҳбарлик қилади, ваколатига кирувчи вазифалар бўйича йўналишларни ва вазифаларни белгилайди;
  • мазкур ҳужжатда кўрсатилган ва кейинчалик юклатиладиган вазифаларнинг  ижроси учун шахсан жавоб беради;
  • Марказ ходимлари   томонидан   ички   меҳнат   тартиби   ва   меҳнат интизоми қоидаларига риоя қилинишини таъминлайди;
  • Марказ ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон  Республикаси  Олий  Мажлиси  қарорлари ва бошқа ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари,   Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вилоят ҳокимининг қарорлари ва фармойишлари, йўриқномалари, ички меҳнат тартиби қоидалари, мазкур Низом, иш режаси, жамоа ва меҳнат шартномалари, лавозим  йўриқномасининг   бажарилишини   назорат қилади;
  • вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари, давлат бошқарув органлари ҳудудий бошқармалари ишини такомиллаштириш   бўйича вилоят ҳокимига таклифлар киритади;
  • вилоят миқёсида йирик муаммо ва масалалар кўриладиган йиғилишларда  иштирок этади, муаммолар ечимлари бўйича таклифлар тайёрлайди;
  • ўз ваколат доирасида вилоят ҳокилги билан келишилган ҳолда кадрларни танлаш ва алмаштириш масалаларини ҳал этади;
  • ходимларнинг лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
  • юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун вилоят ҳокимлиги, туман (шаҳар) ҳокимликлари ходимлари, давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармалари, корхона ва ташкилотлар мутахассисларини жалб қилади;
  • Марказнинг таркибий бўлинмалари ва туман (шаҳар) Ягона ойна марказлари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;
  • Марказнинг марказий аппарати ходимларини, туман (шаҳар) Ягона ойна марказлари раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.
  • вилоят ҳокимининг топшириқлари ижросини таъминлайди ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

14. Марказ ўз фаолиятини, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси билан келишган ҳолда, вилоят ҳокими томонидан тасдиқланадиган йиллик дастурга асосан олиб боради.

Марказда мунтазам равишда йиғилиш ўтказилади, берилган топшириқлар, режаларнинг бажарилиши назорат этилиб, кейинги мўлжалланган ишлар ва топшириқлар белгилаб олинади. Ушбу йиғилишларга ҳокимлик таркибидаги бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши ва ваколати доирасида Марказ томонидан тегишли топшириқлар берилиши мумкин.

Ҳар чорак якунида олиб борилган фаолият натижалари юзасидан Марказ вилоят ҳокимига ахборот тақдим этади.

15. Туман (шаҳар) Ягона ойна марказлари ўз фаолиятини туман (шаҳар) ҳокимликлари билан келишган ҳолда Марказ томонидан тасдиқланадиган низомларга мувофиқ амалга оширадилар.

V. Марказ фаолиятини молиялаштириш

16. Марказ вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган сметага асосан ҳамда Марказ томонидан белгиланган тартибда кўрсатиладиган пуллик хизматлардан тушадиган маблағлар, шунингдек, маълумотлар узатиш тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар, маълумотлар банклари, автоматлаштирилган тизимлар ва замонавий ахборот технологияларини яратиш, жорий этиш ҳамда хизмат кўрсатиш фаолиятидан олинадиган даромадлар ҳамда манфаатдор ташкилотларнинг ҳомийлик ёрдами, қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Туман (шаҳар) Ягона ойна марказларини молиялаштириш туман (шаҳар) ҳокимликлари ва тегишли давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармалари билан маълумотлар узатиш тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар ҳамда консалтинг хизматларидан тушадиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Марказнинг молиявий ҳисоб-китоблари белгиланган тартибда ўзининг бухгалтерияси  томонидан амалга оширилади.

Қуйидагилар Марказ мулкини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

  • муассис томонидан Низом фондини шакллантиришга берилган мулк;
  • пуллик хизматлардан тушадиган маблағлар;
  • маҳсулот, ишлар ва хизматлар, шунингдек, хўжалик фаолиятининг турларини амалга оширишдан олинадиган даромадлар;
  • банк ва бошқа кредиторларнинг кредитлари;
  • қимматли қоғозлардан  олинадиган даромадлар;
  • таьсисчининг пул, товар ва моддий бадаллари;
  • ажратманинг амортизацияси, ҳайрия ҳиссалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг эҳсонлари.

17. Марказнинг Низом фонди 220220000 (икки юз йигирма миллион икки юз йигирма минг) сўм ни ташкил қилади. Низом фонди ҳиссалар (улуш, пай) бўйича тақсимланмайди. Шунингдек у Марказ ходимлари орасида тақсимлана олмайди. Низом фонди муассис томонидан Марказ давлат рўйхатидан ўтказилишигача 100 фоиз ажратилиши лозим.

Марказ Низом фондига молиявий, мулкий ва интеллектуал мулк, моддий воситалар, халқ истеъмол моллари, ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуналар, ҳомашё, материаллар ва бошқа товар – моддий бойликлар киритилиши мумкин.

Марказ захира ва бошқа фондларни мустақил равишда белгилайди.

VI. Муассиснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

18. Муассис қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга.

Вилоят ҳокимлиги билан келишган ҳолда:

  • Марказ фаолиятининг мақсади, предмети, турларини белгилаш;
  • ўзи таъсис этган Марказ Низомига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
  • Марказ раҳбари билан тузилган меҳнат шартномасини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муддатидан олдин тўхтатиш;
  • Марказни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва тугатиш балансларини тасдиқлаш;
  • Марказ мулкига оид келишувларни ҳақиқий эмас деб этироф этиш  тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиш;
  • Марказнинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган муддатда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва уларни тасарруф этиш;
  • Марказга етказилган зарарларни ундириш тўғрисида Марказ раҳбарига нисбатан  даъво тақдим этиш;
  • Марказ Низомига мувофиқ ўзи берган мулкдан фойдаланишда тушган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш.

19. Муассис қуйидагиларга мажбур:

  • Марказ раҳбарини тайинлаш, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ унинг билан меҳнат шартномаси тузиш;
  • Марказнинг ижро этувчи органига мулкни тасарруф этиш учун рухсатномалар бериш тўғрисидаги қарорни тегишли равишда Давлат мулк қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаси билан келишиш;
  • Марказга берилган давлат мулкидан мақсадли фойдаланишини ва сақланишини, шунингдек унинг бегоналаштирилишини назорат қилиш.

VII. Марказнинг тугатилиши

20.    Марказни қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва ўзгартириш), Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси билан келишган ҳолда, вилоят ҳокими қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Марказни қайта ташкил этиш пайтида унинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳуқуқий ворисга ўтади.

Марказни тугатиш унинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтмасдан бекор қилинади.

21. Марказ қонунчиликка биноан қуйидаги ҳолларда:

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси билан келишган ҳолда, вилоят ҳокимининг қарори бўйича;

суднинг қарорига асосан тугатилиши мумкин.

22. Марказни тугатиш жараёнлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида кўзда тутилган тартибда амалга оширилади.

23. Кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилгандан сўнг қолган Марказ мол-мулки вилоят ҳокимлигига берилади.

24. Юридик шахсларни рўйхатга олиш ягона давлат реестрига Марказ тугатилиши ҳақидаги қайдлар киритилганидан сўнг Марказни тугатиш тамомланган, Марказ фаолияти эса тугаган ҳисобланади.


Охирги ўзгариш: 30/05/2016 16:44 Кўрилганлиги: 477
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1373 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (85%)
Кўриб чиқилмоқда: 204 (15%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 2
Мехмонлар: 14
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг