Бош саҳифа / Вилоят ҳокимлиги / Оммавий тадбирлар / ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИГА ҲОКИМ ЖАВОБ БЕРДИ
  Чоп этиш версияси  

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИГА ҲОКИМ ЖАВОБ БЕРДИ

Бугун Самарқанд вилоятидаги умумтаълим мактаблари битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичига қамраб олиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш ҳамда ёшлар муаммолари ва уларнинг ечимига бағишланган “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

Вилоят ҳокими З.Мирзаев бошқарган тадбир видеоселектор шаклида ўтказилиб, унда туман, шаҳар ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар идоралари ходимлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари, битирувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари қатнашди.

Учрашувда Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаб, жамиятда ўз ўрнини топиши учун кенг имконият ва шароитлар яратилгани таъкидланди.


Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва соҳага оид қонунларда юртимизда 12 йиллик мажбурий бепул таълим кафолатланган. Ўқувчилар тўққиз йиллик умумий ўрта таълимдан сўнг, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқишни давом эттиради. Уч йиллик мазкур таҳсил давомида маълум бир касб бўйича кичик мутахассисликни эгаллаган ёшлар меҳнат фаолиятини бошлаши ёки тадбиркорлик билан шуғулланиши давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

2015-2016 ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 9-синфини 56 минг нафар ўқувчи битиради. Айни пайтда барча умумтаълим мактабларида уларнинг ҳужжатлари ўзлари танлаган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига топширишга тайёрланмоқда. Ушбу жараённинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳамда мутасадди идоралар томонидан ишчи гуруҳлар ташкил этилди.


Ўз навбатида, вилоятдаги 160 та касб-ҳунар коллежини битираётган 55 минг нафардан ортиқ ёшларни ишга жойлаштириш юзасидан 19 мингдан зиёд корхона ва ташкилотлар билан тўрт томонлама шартномалар имзоланди.

Шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 5200 нафар битирувчилар учун коллежларда “Тадбиркорлик мактаби” ташкил этилиб, банк, молия, солиқ идоралари ва савдо-саноат палатаси мутахассислари томонидан амалий машғулотлар ўтказилди. Бу йил ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган коллеж битирувчиларига вилоятдаги тижорат банклари томонидан 40 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратиш режалаштирилган.

Тадбирда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари томонидан олтмишдан ортиқ савол берилиб, уларга шу ернинг ўзида жавоб қайтарилди. Муаммоли масалаларга вилоятдаги корхона-ташкилотлар раҳбарлари билан бирга ечим топилди.


– Таълим муассасамизни олтмиш нафар тикувчилик мутахассислигига эга бўлган битирувчилар тугатишади, – дейди Булунғур иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи битирувчиси Лобар Суюнова. – Коллежимизга тўғрима-тўғри бўлган “Улуғбек” ММТП биноси қаровсиз ҳолатга келиб қолган. Шу бинода тикувчилик цехи очиб, биз, ёшларни ўз мутахассислигимиз бўйича иш билан таъминланишига амалий ёрдам  беришингизни сўраймиз.

Учрашувда битирувчи ёшлар нафақат ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар, балки таклиф ва мулоҳазаларини ҳам билдирдилар.

– Ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида аъло баҳолар билан ўқийдиган ўқувчилар учун “Ҳоким стипендияси”, “Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази стипендияси” ёки бошқа номдор стипендиялар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди, – дейди Самарқанд қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Жамшид Саидқулов. – Шу билан бирга, стипендия эгаларига олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига маълум бир имтиёзлар берилса, коллеж ва лицейларда ўқийдиган ўқувчилар ўртасида соғлом ижодий рақобат вужудга келарди.


– Мен ҳозир имтиёзли кридет олиш мақсадида якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганман, – дейди Оқдарё политехника касб-ҳунар коллежи битирувчиси Санжар Расулов. – Кридет асосида балиқ ва товуқ гўштини дудлаш цехини очиш бўйича бизнес лойиҳа тузганман. Фоалиятимни туман ёки вилоят марказидан бошлашим учун рухсат бериладими?

Учрашувда, шунингдек, Пахтачи автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи битирувчиси Нигора Эломонова замонавий ёшлар маркази, Пайариқ қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Зарнигор Ўроқбоева мева-сабзавотларни қайта ишлаш мини-заводи қуриш, Самарқанд қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Шохруҳ Нормуродов коллежга чет давлатдан  зотли итларни олиб келиб, ўқув жараёнида фойдаланишда амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилди.


Дарвоқе, “Ҳоким ва ёшлар” учрашувига тайёргарлик доирасида тегишли ишчи гуруҳлар ҳар бир коллежга бориб, битирувчилар билан суҳбат ўтказди. Вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида учрашув ўтказилиши ҳақида эълонлар берилиб, ёшларнинг саволлари қабул қилинди.

Мазкур тадбирлар давомида ёшлар томонидан 1500 дан ортиқ савол, таклиф ва истаклар билдирилди ҳамда улар умумлаштирилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди. Шундан келиб чиқиб, учрашувда ҳокимликлар ва мутасадди идоралар раҳбарларига вазифалар белгилаб берилди.


– Бу йил Тайлоқ маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини битиряпман, – дейди Одилжон Гадоймуродов. – Ўқишни тугатгач, тадбиркорлик билан шуғулланиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш цехи ташкил этмоқчиман. Банкдан имтиёзли кредит олиш ва фаолият кўрсатиш билан боғлиқ саволларимга бугунги йиғилишда аниқ жавоблар олдим.

Учрашувда ноқонуний меҳнат миграцияси, одам савдосидан азият чеккан ёшлар ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.






Киритилган вақти: 09/06/2016 18:25 Кўрилганлиги: 506
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1400 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (84%)
Кўриб чиқилмоқда: 231 (17%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 9
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг